Миссионерликни амалга оширишда интернетдан фаол фойдаланишаётганини нималарда кўриш мумкин?
Жамият тараққий этиб, юксалиб борган сари миссионерлик ҳам унга мос равишда замонавий фан-техника ва технологиялардан усталик билан фойдаланган ҳолда ўз услуб ва воситаларини такомиллаштириб бормоқда.
Бугунги кунда интернет оммавий ахборот ва коммуникация тизимининг энг тез ривожланиб бораётган бўғини ҳисобланади. Ҳозирда интернетдан нафақат компьютер тармоғи, балки космик алоқа йўлдошлари, радиосигнал, кабел телевидениеси, телефон, уяли алоқа орқали ҳам фойдаланиш мумкин. Бу интернет кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини кўрсатади. Бугунги кунда тахминан бир ярим миллиарддан ортиқ киши у ёки бу даражада ундан фойдаланаётгани ва ушбу рақам доимий равишда ўсиб бораётгани ҳам фикрларимизнинг тўғрилигини тасдиқлайди.
Айнан мана шу ҳолат интернетнинг ғоявий кураш ва тарғибот, жумладан, эътиқодий тарғибот ва тажовузни амалга оширишнинг асосий майдонларидан бирига айланишига замин яратмоқда.
Интернетдаги миссионерлик мазмунидаги сайтлар таҳлили ундаги маълумотлар, тезкор ахборотлар ва янгиликларнинг бир вақтнинг ўзида бир неча тилда ва миссионерлар учун фойдали бўлган йўналишда бериб борилишини кўрсатади. Бундай сайтларда эътиқодий тарғиботга хизмат қиладиган қўшиқлар, клипларнинг бериб борилиши эса уларнинг эмоционал таъсир қувватини оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бир қарашда миссионерларнинг дастурлари инсоният равнақи, дунёда тинчлик ўрнатиш, муҳтожу бечораларга беғараз кўмак кўрсатишга қаратилгандай туюлади. Аммо чуқурроқ назар ташланса, уларнинг барчасидан маълум, аксарият ҳолларда ғаразли мақсадлар кўзланаётгани аён бўлади. Аввал улар ўзларини сахий ва инсонпарвар кўрсатиб, кейинчалик асл қиёфаларини ошкор қилишади. Баъзи ҳолларда “шунча яхшиликлар эвазига” христианликни қабул қилиш талаб ҳам қилинади.
Миссионерлар аҳолининг қандай қатламлари билан ишлашга алоҳида эътибор бермоқдалар?
Миссионерлар макон ва замонга мослашган ҳолда ўз услуб ва воситаларини доимий такомиллаштириб келганлар. Хусусан, сўнгги вақтларда улар маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиб, ушбу қатлам билан мақсадли иш олиб боришга интилмоқдалар. Жумладан, миссионерлар асосий эътиборни аралаш миллат вакилларидан иборат оилаларнинг аъзолари, илгари ҳеч бир динга эътиқод қилмаган, оғир хасталикка, жудоликка, моддий қийинчиликка дуч келган, ахлоқ тузатиш муассасаларидан чиқиб келган, яъни моддий ва маънавий кўмакка муҳтож кишиларга қаратмоқдалар.
Шу билан бирга, миссионерлар саноат корхоналари жойлашган ҳудудларда ишчилар ва вақтинча ишсизлар ҳамда хусусий тадбиркорлар билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор бера бошлаганларини таъкидлаш зарур.
Айни пайтда, зиёлиларнинг турли қатламлари ичида санъат соҳаси ходимлари, кутубхоначилар, ўрта мактаб ўқитувчилари, турли идоралар хизматчилари фаол миссионерлик тарғиботи объекти сифатида танланаётганини ҳам қайд этиш лозим. Бундай ёндашувда албатта, ўзига хос мантиқ бор. Масалан, прозелит санъаткор санъатнинг ҳиссий-эмоционал таъсир қувватидан фойдаланиб, эътиқодий босим ўтказишда юқори самарадорликка эришиши мумкин бўлса, прозелит кутубхоначида эса “ўлжа” сифатида танланганлар билан якка тартибда ишлаш имконияти мавжуд бўлади.
Қайд этилган мисоллар ҳам миссионерлик объекти сифатида танланаётган қатламлар доираси мунтазам равишда кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |