5. Жадидларнинг миллий давлатчилик ва адолатли жамият қуришга доир маърифатпарварлик ғояларининг моҳияти нимадан иборат?
Миллий давлат мустақиллиги учун курашда озодлик ҳаракатларининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда шарт -шароитларини сиёсий жиҳатдан таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Хусусан, жадидларнинг мустақиллик учун кураш ғояларининг вужудга келиши назарда тутилади. Миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмаслиги Беҳбудий келган биринчи хулосалардан эди. Айни пайтда, бундай ғоя миллий истиқлолчилик ҳаракатининг асосини ташқил этган. Жадидчилар асосий эътиборини жамиятда маънавиятни ривожлантиришга қаратадилар. Улар янги усулдаги мактабларни ташқил этиш, газеталар чиқариш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини нашр эттириш, ғарбнинг янги маданият ва технология услубиятларини жорий этиш заруриятини ҳамда уни Туркистонда тарғиб этиш орқали миллий-дунёвий таълимни юзага келтириш, маънавий ҳаётни янгилаб ва бойитиб миллий ўзликни англашни юксалтиришга замин яратишга интилганлар. Бундай сиёсий ёндашув бевосита жамиятда адолатли давлат қурилишининг асосларини ривожланишига хизмат қиладиган назарий омиллар эканлигини эътироф этмасдан бўлмайди. Албатта, улар демократиянинг том маънодаги кўринишларидан узоқда бўлганлар.
Туркистонда мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш ва унинг ижтимоий-сиёсий асосларини ёритувчи манбалар Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, Беҳбудий, Фитрат, Авлоний, Ҳувайдо ва бошқаларнинг асарларида ўз ифодасини топган.
Ўз даврида жадидлар миллий-маданий мухторият қурилиши тамойилларини ривожлантиришга Туркистонда давлатчилик шакли ва уни бошқариш қонунларни жорий этиш, суд органларини ташқил қилиш, давлат тузилмаларини яратиш каби масалаларга катта эътибор беришган. Аммо, шу давр сиёсий шароити ҳамда ерли ҳалқнинг тушунчасида Туркистонда мустақил демократик жамият қуриш тўғрисидаги қарашлари бир мунча чекланганлигини кўрамиз. Беҳбудийнинг “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси” дастурида тўла мустақил, демократик жамият тўғрисида эмас, давлатнинг автономия шакли назарда тутилади. 1917 йилдаги Умумтуркистон мусулмонларининг қурултойида ҳам давлатчилик қурилиши тўғрисидаги қарашларда демократик ёки федератив шакллари тўғрисида баҳс олиб борилади. Аммо, уларнинг демократия ва федерация тўғрисидаги қарашлари ҳам аслида конституцион монархия тузумидан ташқарига чиқиб кетолмайди.
Айнан шу давр воқеа-ҳодисалари баёни, тафсилотлари ҳамда муваффақиятсизликнинг сабабларига М.Чўқай “Истиқлол жаллодлари”асарида қуйидагича таъриф беради: «Биринчидан, объектив омиллар: .Биз курашга ўзимиз танлаган фурсатда эмас, Русия инқилоби жараёни келтириб чиқарган вазият ижоботи билан киришдик. Иккинчидан, субъектив, яъни ўзимиздан бўлган омиллар: Миллий манфаатлар йўлида курашиш лозимлигини билганлари ҳолда туркистонликлар ўзаро кучли бирлик қура олмадилар ва бунга улгурмадилар».
Туркистон Мухториятининг ташқил топиши, унинг сиёсий фаолияти, сўнгра инқирози масалалари мамлакатимизнинг бир қатор олимлари асарларида ўз ифодасини топган.
Миллий истиқлол учун кураш йўллари ва шу йўлдаги мақсад муштаракликда бўлган эмас. Мустақилликка эришиш учун кураш афсуски, турлича англанган ва унга турлича ёндашилган. Аммо, миллий озодлик ҳаракатининг мағлубияти ёхуд кўплаб зиёли намоёндаларнинг қатағон қилиниши, шаҳид бўлиши билан миллатнинг ҳурриятга бўлган интилиши бир сония ҳам тўхтаган эмас. Ўзбек зиёлиларининг мустақиллик учун олиб борган кураши 30-40-йилларда сўнгра 50-60-йилларда ҳам турли сиёсий кўринишларда давом этиб боради.
ХХ асринг 80-йилларига келиб, коммунистик мафкура зуғуми остида қатағонлик сиёсати янги паллага киради. Марказ ходимлари томонидан уюштирилган “Ўзбеклар иши”, “пахта иши” билан 11 мингдан ортиқ Ўзбекистонлик раҳбарлар ва оддий фуқаролар таъқиб остига олинди, жазоланди.
Ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг зиддиятлашуви ва ҳодисаларнинг кескинлашуви “қайта қуриш” йилларида ҳам ўз таъсир кўламини кенгайтириб келди. Натижада республикада жамият яхлитлигини парчалайдиган эгасизлик ҳолати фуқаролар ўртасида парокандалик муҳитини юзага келтирди, миллатлараро зиддиятлар, баъзан тўқнашувлар, айниқса, давлат бошқарувида қонунсизлик, бошбодоқлик ҳолатлари вужудга келади.
Мана шундай қалтис вазиятда, 1989 йил 23 июнда Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари сифатида ўз фаолиятини бошлади. У қисқа вақт ичида Ўзбекистонда вужудга келган ижтимоий танглик шароитини барқарорлаштиришга қаратилган тубдан янги миллий сиёсатни шакллантиришга эришди. Натижада, сиёсий беқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро низоларнинг олди олинди. Давлат бошқарувида босқичма-босқич демократик тамойиллар мустаҳкамланди - Ўзбекистонда мустақил давлат ташқил этишининг барча сиёсий ва ҳуқуқий заминлари яратилди. Бугунги кунда у «Ўзбек модели» сифатида тан олинмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |