3. Амир Темур ва Темурийлар даври давлат бошқарувида қандай демократик тамойилларга амал қилишган?
ХIII-ХIV асрларда Ўрта Осиёни мўғуллар томонидан истило қилиниши иқтисодий ва маънавий ҳаётга катта салбий таъсир кўрсатади. Мамлакатда жабр-зулм ва зўравонлик кучаяди, меҳнаткаш ҳалқ қаттиқ эзилади. Жуда кўп маданий бойликлар, илм масканлари, мадраса ва кутубхоналар йўқ қилинади, санъат ва илм-фан вакиллари: олимлар, шоир ва ёзувчилар, мунажжимлар, меъморлар ва мусаввирлар ўлдирилади, омон қолганлари Шимолий Ҳиндистонга, Ғарбий Эрон ва Хуросон вилоятларига қочиб жон сақлаб қоладилар. Айнан мана шундай мураккаб даврда Амир Темурнинг (1370 йил) сиёсий саҳнага келиши ҳамда мустақил давлат барпо этиши Ўрта Осиё ҳалқларининг мўғул истилосидан, ички ўзаро низолардан қутулишига олиб келади. Мамлакатда ўрнатилган барқарорлик марказий давлатнинг тез орада мустаҳкамланишига, сиёсий кучлар тарқоқлигини бартараф этишга, айни пайтда, турли ислоҳотларнинг амалга оширилишига, илм-фан ва маданиятнинг ривожланишига туртки бўлди.
Бу даврда миллий давлатчилик тўғрисидаги қарашларнинг ривожланишида Амир Темурнинг хизматлари катта бўлди. Унинг тузукларида давлат тизими, уни идора қилиш услублари ва воситалари, ундаги турли лавозим-вазифалар даражаси, табақаларнинг тоифаланиши, ҳарбий қўшинларнинг ташқил этилиши, жанг олиб бориш маҳоратлари, давлат хизматчилари рағбатини ташқил этиш омиллари, адолатли солиқ турларининг жорий этилиши, мамлакатни ободонлаштириш тадбирлари миллий давлатчиликнинг юксак маданий ва ҳуқуқий даражада шакллантиришга эришганлигидан далолат беради. Бундай сиёсатнинг асос-моҳияти адолатли давлат, инсонпарвар жамият негизларини қарор топтиришга қаратилади.
Амир Темур давлат бошқарувининг демократик асосларини яратишда мамлакат ишларини доимо кенгаш, машварад, маслаҳат, ҳушёрлигу, мулоҳазакорлик, эҳтиёткорлик билан амалга оширишга қаратади. Салтанат ишларини Кенгаш асосида олиб бориш - бу аслида аёнларнинг ризолиги ва ихтиёри демак. Бундан чиқди бундай ёндашув бевосита давлат бошқаруви тақсимотининг илк кўринишлари тўғрисидаги қарашларнинг ривожланишига замин яратган.
Соҳибқирон ҳар бир ишда сиёсатни адолат билан амалга оширишга ва бунда турли воситалар асосида унинг изчиллигини таъминлашга эришади. Яъни адолатга қаратилган мақсадларни адолатли воситалар билан уйғунлаштириш асосида давлат бошқарувининг назарий таълимотларини амалий жиҳатдан бойитади-ки, салтанатда адолатни таъминловчи сиёсат мурватлари юзага келади. Масалан, у нафақат давлат хизматчиларининг қандай сифатга эга бўлишини, балки шундай сифатлиларни қандай қилиб давлат бошқарувига келишини таъминлашнинг йўналишини ишлаб чиқади. Бу борада у шундай дейди: «Агар ҳар нарсани ва ҳар кимни ўз мартабасида сақлай олмасанг, салтанатингга бундан кўп ҳалал ва зиён етгай. Демак, ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак» деб, у давлат хизматида салоҳиятли шахсларнинг иштирокини амалий татбиғига айлантиради. Жумладан: «Кимнинг ақли ва шижоатини синов тарозусида тортиб кўриб, бошқаларникидан ортиқроқлигини билсам, уни тарбиятимга олиб, амирлик даражасига кўтарар эдим. Сўнгра кўрсатган хизматларига яраша мартабасини ошириб борардим» дейди.
Амир Темур ўз давридаги хизматларининг энг асосийси ва энг буюги-бу унинг давлат арбоби сифатида адолат ғояларига асосланган миллий давлатчилик таълимотларининг ҳуқуқий негизларини яратганлиги ҳамда уни татбиқ этиб берганлигидадир. Шу тариқа у ўз сиёсий фаолиятини шундай ифода этади: “Ҳар мамлакатнинг яхши кишиларига мен ҳам яхшилик қилдим, нафси ёмонлар, бузуқлар ва ахлоқсиз одамларни мамлакатимдан қувиб чиқардим. Пасткаш ва разил одамларга ўзларига лойиқ ишлар топширдим, ҳамда ҳадларидан ошишларига йўл қўймадим. Улуғларини ва шараф-эътиборли кишиларни ҳурматлаб, мартабаларини оширдим. Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим».
Do'stlaringiz bilan baham: |