4. XVI-XIX асрлар Ўрта Осиё ҳаётидаги мураккаб даврлардаги парчаланишларнинг салбий оқибатлари нималарга олиб келган деб ҳисоблайсиз?
ХVI-ХIХ асрлар Ўрта Осиё ҳаётида мураккаб ва кескин бурилиш даври бўлди. Унинг мураккаблиги аввало, Амир Темур империясининг парчаланиши ҳамда ворислар ўртасидаги низолар билан боғлиқдир. Доимий ихтилофлар майдонига айланиб қолган Мовароуннаҳр Шайбонийхон лашкарлари томонидан босиб олинади. Юртда эгасизлик, бошбошдоқлик ҳукм суради. Мана шундай шароитда ҳақиқий илм ўрнини диний ақидавий қарашлар эгаллайди. Натижада аниқ ва табиий фанлар қувғунга учрайди, айниқса математика ва астрономия орқада қолади. Бунинг оқибатида илм-фан ривожининг даражаси кескин пасайиб кетади. Айни пайтда бу давр олдинги мутафаккирлар илғор ғояларининг Ўзаро фаол таъсири заифлашуви билан ҳарактерланади. Дин бевосита давлат сиёсатининг асосига, ҳокимият унинг раҳнамолари манфаатларини ниқобловчи мафкурага айланади. Натижада жамиятда диний тазйиқ кучаяди. Ҳар қандай ижодий ҳур фикр таъқибга олинади. Шунга қарамай, Ўрта Осиёда ижтимоий фикр, фалсафа, адабиёт, тарих, мусиқа фанлари, меъморчилик, тасвирий санъат ривожланди, қатор мадраса ва мачитлар қурилди. Жумладан, Ибн Муҳаммад Юсуф Ал-Қорабоғий, Муҳаммад Шариф, Машраб ва Сўфи Оллоёр, Нодира, Увайсий, Дилшод, Комил Хоразмий, Аваз Ўтар, Бедил, Фузулий, Аҳмад Дониш, Муқимий, Огаҳий,Фурқат, Мулла Олим Маҳдум Ҳожи ижодиётида илғор ижтимоий ғоялар яратилади.
Эътирофли жиҳати шундаки, шу давр ижодкорлари қайси соҳада ижод қилмасин, шахс ва зиёлиликка хос қудратда уларнинг асосий диққати ҳалқ ва унинг турмуш дарди билан бевосита боғлиқ бўлганлигига амин бўламиз. Мулло Олим Маҳдум Ҳожи «Тарихи Туркистон» асарида шундай дейди. «Туркистон хонлари вақтидаги мусулмониялар ниҳоят даражада аҳволи оламидин хабарсиз бўлдилар. Золим ҳакамларга рост ва тўғри сўзни айтадурғонлар қолмай, золимлар учун беш-ўн тилло бадалига эртадан кечгача хушомад сўзлар айтиб, алар қандай сўз айтса, маъқул дейдурғонлар бўлғон эдилар. Илму маорифда бўлса Туркистонда ўтган Ибн Сино, Форобий, Улуғбек, Алиқушчи ўрнига ўлтурғон олим, файласуфи замон деганларимиз иззату нафс ва риёкорликга табдил бўлуб, жаҳл балосиға мубтало бўлғон эдилар. Ҳакам ва улуғларимиз фуқаролардин ўз жойиға ва масрафиға сарф қилмай, ўз хоҳишлари ва йушаълариға ҳарж ва сарф қилар эди. Ҳукумат ишида мутлақо мунтазам қоида ва қонун йўқ эди. Фуқаролар оларнинг ўз молидек ҳисоб қилинур эди».
Мавжуд манбалар миллий давлатчилигимизни таназзулга тортган сиёсий курашлар ва ўзаро ихтилофларнинг сабабларини ўрганиш, ундан сабоқлар чиқариш имкониятларини беради. маълумки, мовароуннаҳр давлатчилик тарихи ва унинг тараққиётини ислом фалсафасидан айри ҳолда кўра олмаймиз. аждодларимиз дунёвий ва диний илмларни бевосита уйғун тарзда олиб боришган. у хоҳ диний, хоҳ дунёвий йўналишда бўлмасин, унинг асосида инсон - жамият - давлат муаммоси ётади. фақат бирёқлама диний мафкурага асосланган муносабат, сўнгра мустамлакачилик сиёсати адолатли жамият қуришга қаратилган илғор, миллий маданий меросни таъқиб остига олади. натижада фан ва таълимот ўз заминидан айрилган ақидалар ва мавҳум ғоялар таъсирига тушиб қолади, аммо тарихнинг ана шундай мураккаб даврида ҳам ватанимиз ҳудудида ҳуррият билан йўғрилган ижтимоий - сиёсий қарашлар тўхтаган эмас. аксинча, бундай истак ҳар бир ватандошимиз қалбида умуммиллий истиқлол ғоясининг вужудга келишига туртки бўлди. ана шундай ғояларни шаклланишида XX асрнинг бошларидаги жадидчилик ҳаракатини алоҳида ўрганиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |