2. “Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти” фанининг предмети ва объекти ҳамда унинг манбалари тўғрисида нималарни биласиз?
Фаннинг предмети ва объекти. Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фанининг предмети мамлакатда демократик жамиятнинг шаклланиши, фуқаролик жамияти қурилиши, қарор топиши ва амал қилишининг дунёда эътироф этилган умумбашарий ва миллий тамойилларига асосланади. Айни пайтда унинг ўзига хос ва мос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда эркин, демократик, адолатли фуқаролик жамиятини қуриш йўллари ва қонуниятларини ўрганиш, бу фаннинг предмети ва объектини ташкил этади.
Шунингдек, Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг барча соҳалари фаннинг объектидир. Ўзбекистонда демократик жамият қурилиши назарияси ва амалиёти бир томондан, демократик жамият тўғрисидаги мавжуд қарашларга, назарияларга ҳамда мамлакатимизнинг давлатчилиги тарихий мероси билан боғлиқ мутафаккирларнинг ғояларини ҳисобга олса, иккинчидан, мустақиллик йилларида демократик жамият тўғрисидаги муҳим концептуал ғоялар ва қарашларни, унда Ўзбекистоннинг ўзига хос йўли, ҳамда хусусиятларига таянади. Учинчидан, бу соҳада мустақиллик йилларида эришилаётган ютуқларни, демократик жамият қуриш тажрибаси, ютуқларига таяниб, уни ўрганади. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган ўрни, ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш қонуниятларини билиш ҳам муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда демократик жамият қурилиши ижтимоий ҳаётимизнинг бирон-бир соҳаси билан чегараланиб қолмайди, балки унинг барча жабҳаларидаги ўзгаришларнинг негизларини ўз ичига олади ва ўрганади. Бунда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти демократиялашувининг ва сиёсий ҳаётининг эркинлаштирилиши, давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, унинг манбаи, фуқаро-жамият ва давлат муносабатлари асосий негиз ҳисобланади.
«Демократия» юнонча сўз бўлиб, таржимада халқ ҳокимияти – (демос-халқ, кротос-ҳокимият) маънони билдиради. Демократик жамият деб олий ҳокимият бевосита халққа тегишли бўлган ва халқнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошадиган давлат ва жамиятга айтилади. Албатта, демократия атамасининг қандай шарҳланиши эмас, балки унинг қанчалик реаллиги, ҳақиқийлиги, яшашга қобиллиги муҳимдир. «Бинобарин, - деб таъкидлайди Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов - биз ўз истагимиздаги демократияга қандай мазмун бахш этмайлик, агар у ҳаётимизнинг ҳар бир сониясига сингиб кетмаса, турмушимизнинг ажралмас қисмига айланмаса, ҳамма шиорлар ва таърифлар ё мазмунсиз бақир-чақир ёки ҳеч нарсани англатмайдиган сўз ўйини бўлиб қолаверади»3. Демократиянинг вазифаси - фуқароларнинг ҳуқуқлари тан олинадиган ва ҳимоя қилинадиган, уларнинг бурчларига риоя этиладиган ва бажариладиган жамиятни қуришдан иборат. Лекин ҳозиргача ҳеч қайси давлат бунга мукаммал эришмаган, фақат унга ҳаракат қилиб келмоқда. Демократик бошқарув жараёнида сиёсий ҳаётда иштирок этиш нафақат фуқароларнинг муҳим белгиси бўлибгина қолмасдан, бу уларнинг ҳуқуқлари, балки бурчлари эканлигини ҳам англаш муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олиш муҳимдир.
Демак, биринчидан, демократик жамият - ҳар бир мамлакат ва халқнинг демократияда умумэътироф этилган қадриятлари ва тамойиллари ҳисобга олинадиган давлатчилик соҳасидаги миллий-маданий мероси хусусиятларига таяниладиган, фуқароларнинг ҳуқуқлари тан олинадиган ва ҳимоя қилинадиган, уларнинг бурчларига риоя этиладиган ва бажариладиган, бошқарувда фуқаролар фаол иштирок этадиган жамиятдир.
Иккинчидан, умумий тарзда демократия деганда ҳамманинг манфаатлари йўлида кўпчиликнинг ҳокимияти ва озчиликнинг иродасини ҳурмат қилиш тушунилади.
Учинчидан, уни батафсил таҳлил қилганда эса демократия халқнинг ўз эркинлиги ва мустақиллигига қарашлари ҳам, ҳар бир шахснинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ўзбошимчалик билан чеклашлар ва шу йўсиндаги ҳаракатлардан ҳимоя қилиш ҳам, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш шакли ҳам эканлиги аён бўлади4.
Фаннинг ўрганиш услуби: методи фалсафа фанининг услуби-методи. Чунки фалсафа фанининг методи ва категориялари мазкур фан учун ҳам асосий метод ҳисобланади, масалан, диалектик, назарий метод, таққослаш, қиёслаш методи, мантиқий метод ва ҳоказо. Методологияси: 1) фалсафий онг, таҳлил, 2) назарий таҳлил, 3) ижтимоий борлиқни ўрганади.
Тажриба, қиёсий таҳлил, эмпирик социология ва илм- фаннинг бошқа замонавий услублари
Вазифаси
Билиш, назарий, дунёқараш, тарбия, аксиологик, сафарбар этиш
Мақсади
Кенг жамоатчиликни президентимиз асарларида илгари сурилган илмий тадқиқотлар билан таништириш ҳамда бу таълимотларни амалий ҳаётга тўғри қўллашни ўргатишдан, уларнинг истаклари тўла камолотга эришишларида ёрдам беришдан иборат
Do'stlaringiz bilan baham: |