2. Таъриф тизимининг моҳияти ва унинг таркибий элементлари.
Иш ҳақининг тарифлари иш ҳақини асосий тартибга солувчи мезони бўлиб ҳисобланади. Иш ҳақининг тарифи ўзида турли хил меҳнатнинг малакаси, оғирлиги ва ижтимоий аҳамиятига боғлиқ бўлиб унинг баҳосини ифодалайди. Иш ҳақининг тарифи икки хил шаклда амал қилади:
а) ходимларга иш ҳақи тўлашнинг тариф тизими шакли;
в) мансаб окладлари тизими шакли.
Ташкилот иш ҳақининг энг муҳим элементларидан бири бўлиб тариф тизими ҳисобланади, яъни меҳнатни тарификация қилиш ва унга ҳақ тўлашни белгиловчи ҳуқуқий қоидаларнинг жами. Тариф тизими — ходимларнинг иш ҳақи даражасини уларнинг малакаси, меҳнатининг унумдорлиги, хусусияти ва шароитга, улар бажарадиган ишнинг масъулиятилилигига, ишлаб чиқариш тармоғи, корхоналарнинг ҳудудий жойлашиши, қўлланиладиган иш ҳақининг шаклларига кўра табақалаштириш ва тартибга солишга асос бўладиган нормативлар мажмуасидир. Тариф тизими ёрдамида давлат меҳнатга ҳақ тўлашнинг дифференциясини амалга оширади.
Тариф-малака маълумотномаси – муайян тармоқда бажариладиган ишлар рўйхатини, бу ишларнинг квалификация хусусиятини, ходимнинг билим даражаси, ишлаб чиқариш маҳорати, усуллари ва бошқаларга қўйиладиган талабларни ўз ичига олувчи норматив ҳужжат.
Тариф разряди – тариф жадвалининг асосий элементларидан бири бўлиб, ходимнинг малакасига мувофиқ берилади.
Тариф сеткаси ёки тариф тизими шундай тизимки, унда касблар ва лавозимларнинг разрядига қараб лавозим маошини ҳисоблаш учун миқдорлар, коеффициентлар келтирилган бўлади. Бутун республикада шундай турдаги ва бир хил разряддаги касб, лавозим учун меҳнат ҳақи миқдори шу тариф сеткадан келиб чиқиб ҳисобланади.
Тариф ставкаси – ишчига бир соат ёки бир кунлик меҳнати учун тўланадиган иш ҳақининг ҳажми. Ходимларга иш ҳақи тўлашда мустақил тариф тизимининг асосий элементи бўлиб, 1-разряд тариф ставкаси ҳисобланади, яъни у вақт бирлигида оддий меҳнатга тўланадиган минимал ҳақни билдиради.
Акционерлик жамиятларида раҳбар (директор)нинг, бош директор, жамият коллегиал ижро органини аъзолари (бошқарув)нинг иш ҳақи уларнинг ҳар бирининг жамият билан тузадиган шартномасида белгиланади. Акционерлик жамияти номидан шартномани жамият директори кенгаши раиси (кузатув кенгаши) имзолайди. Бу билан шу назарда тутиладики, жамият ва унинг раҳбар ходимлари ўртасидаги муносабатга акционерлик жамиятлари тўғрисидаги қонун-қоидаларига зид келмайдиган тарзда меҳнат қонунчилиги қўлланилади.
Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этиш асоси сифатида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасидан фойдаланувчи ташкилотлар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб, қўлланилаётган тариф коеффициентлари ўз вақтида қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида” 2018 йил 13 октябрдаги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқиладиган давлат бошқаруви органлари, бюджет ва давлат ташкилотларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш концепцияси лойиҳасида қуйидагиларни назарда тутади:
– давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ходимлари меҳнатига тўланадиган ҳақ миқдорини ва уларни моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини аниқлашга ягона услубий ёндашувни;
– айрим вазирлик ва идоралар учун тариф ставкаларига ошиб борувчи коеффициентлар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича гуруҳлари белгиланиши натижасида вазирликлар ва идоралар, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида меҳнатга ҳақ тўлашда айни вақтда мавжуд бўлган табақалашувни бекор қилишни;
– моддий рағбатлантириш миқдорларининг ходим фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичларига, унинг билим ва кўникмаларига, бажарадиган меҳнат функцияларининг мураккаблиги ва жавобгарлиги даражасига бевосита боғлиқлигини белгилашни.
Do'stlaringiz bilan baham: |