3.2.2-расм. Боёвут тумани суғориладиган тупроқларининг механик таркиби бўйича майдонлари, % ҳисобида
Тупроқ мелиоратив ҳолатининг ёмонлашувига ва унумдорлигининг пасайишига сабаб бўлувчи шўрланиш жараёнлари, ўрганилган туман тупроқларида ҳам кузатилгани ҳолда, турли даражада шўрланган майдонлар суғориладиган қишлоқ хўжалик ерларининг 76,58 % ни ташкил этади. Шундан кучсиз шўрланган ерлар 47,15 %, ўртача шўрланган ерлар 28,45 %, кучли шўрланган ерлар 0,97 % га тенг, шўрланмаган тупроқларнинг майдони эса 23,42 % ни ташкил этади (3.2.3-расм).
Турли даражада шўрланган майдонлар туманнинг Навбаҳор массивида 100 %, Ғалабада - 94,4 %, У.Юсупов номли массивда - 93 %, Ғаллакорда - 92,4 %, Деҳқонободда - 91,2 %, Н.Махмудов номли массивда - 85,7 % ни ва қолган массивларда 51,9 - 69,2 % ни ташкил қилади, шундан кучсиз ва ўртача даражада шўрланган тупроқлар ўрганилган ҳудудларда катта майдонларни эгаллайди. Тадқиқот натижаларига кўра, тумандаги Навбаҳор массивидан ташқари барча массивларда шўрланмаган ер майдонлари мавжуд. Эскидан суғориладиган тупроқларнинг турли даражада шўрланганлиги, унинг сув-туз режими кўп омилларга - грунт сувларининг чуқурлиги ва минерализацияси, тупроқ эритмаларининг шўрланганлик даражаси, суғориш режими, шўр ювиш ва суғориш сувлари сифати, тупроқ-грунтларнинг хоссалари, ҳудуднинг литологик-геоморфологик ва иқлим шароитларига боғлиқ.
3.2.3-расм. Боёвут тумани суғориладиган тупроқларининг шўрланганлик даражаси бўйича майдонлари, % ҳисобида.
Юқорида келтирилганидек, ўрганилган туман ҳудудларида эскидан суғориладиган оч тусли бўз, ўтлоқи-бўз, бўз-ўтлоқи, ўтлоқи, ботқоқ-ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар тарқалган бўлиб, ушбу майдонларда олиб борилган комплекс тупроқ тадқиқотлари натижалари асосида тупроқлар унумдорлиги баҳоланди.
Оч тусли бўз тупроқлар аллювиал-пролювиал, лёссимон қумоқлардан ташкил топган, Сирдарёнинг қайир усти III-террасасида тарқалган. Бу тупроқларнинг унумдорлигини ва потенциал имкониятларини ҳисобга олиб, сифати бўйича -яхши ерлар битта кадастр гуруҳига бирлаштирилди.
Бу гуруҳ (VII-VIII синф)-сифат жиҳатидан яхши ерлар ҳисобланиб, бонитет балли 61-80 баллни ташкил қилади. Туманда бундай бонитет балли тупроқларининг умумий майдони 26,5 (0,08 %) гектарни ташкил этиб, ўртача 69 балл билан баҳоланди.
Ўтлоқи-бўз тупроқлар қатламли аллювиал - пролювиал лёссимон ётқизиқлардан ташкил топган, Сирдарёнинг қайир усти III-террасаси ҳамда Еттисой ботиқлигида (депрессияси)да тарқалган. Эскидан ўзлаштирилган ҳудуд ўтлоқи-бўз тупроқларининг унумдорлигини ва потенциал имкониятларини ҳисобга олиб, сифати бўйича учта -ўртачадан паст, ўртача ва яхши ерлар кадастр гуруҳларига бирлаштирилди:
Биринчи гуруҳ (III-IV синф)-сифат жиҳатидан ўртачадан паст ерлар, бонитет балли 21-40 баллни, ер майдони 950,3 гектарни;
Иккинчи гуруҳ (V-VI синф)-сифат жиҳатидан ўртача ерлар, бонитет балли 41-60 баллни, ер майдони 5301,1 гектарни;
Учинчи гуруҳ (VII-VIII синф)-сифат жиҳатидан яхши ерлар, бонитет балли 61-80 баллни, ер майдони 102,7 гектарни ташкил этади.
Туманда тарқалган 6354,1 гектар ўтлоқи-бўз тупроқлар ўртача 49 балл билан баҳоланди.
Бўз-ўтлоқи тупроқлар аллювиал-пролювиал, лёссимон қумоқлардан ва қатламли лёссли ётқизиқлардан ташкил топган, Сирдарёнинг қайир усти III-террасасида жойлашган. Эскидан ўзлаштирилган бўз-ўтлоқи тупроқларининг унумдорлигини ва потенциал имкониятларини ҳисобга олиб, сифати бўйича иккита-ўртача ва яхши ерлар кадастр гуруҳларига бирлаштирилди:
Биринчи гуруҳ (V-VI синф)-сифат жиҳатидан ўртача ерлар ҳисобланиб, бонитет балли 41-60 баллни ташкил қилади. Туманда бундай бонитет балли суғориладиган тупроқларнинг умумий майдони 15921,3 гектар;
Иккинчи гуруҳ (VII-VIII синф)-сифат жиҳатидан яхши ерлар ҳисобланиб, бонитет балли 61-80 баллни ташкил қилади. Бундай бонитет балли тупроқларнинг умумий майдони 880,4 гектарни ташкил этади.
Тумандаги эскидан ўзлаштирилган 16801,7 гектар бўз-ўтлоқи тупроқлар ўртача 54 балл билан баҳоланди.
Ўтлоқи тупроқлар аллювиал-пролювиал, лёссимон ётқизиклардан ташкил топган, Сирдарёнинг қайир усти III-террасасида тарқалган. Эскидан ўзлаштирилган ҳудуднинг ўтлоқи тупроқлари унумдорлигини ва потенциал имкониятларини ҳисобга олиб, сифати бўйича учта-ўртачадан паст, ўртача ва яхши ерлар кадастр гуруҳларига бирлаштирилди:
Биринчи гуруҳ (III-IV синф)-сифат жиҳатидан ўртачадан паст ерлар ҳисобланиб, бонитет балли 21-40 баллни ташкил қилади. Бундай бонитет балли тупроқларнинг умумий майдони 1203,1 гектар;
Иккинчи гуруҳ (V-VI синф)-сифат жиҳатидан ўртача ерлар ҳисобланиб, бонитет балли 41-60 баллни ташкил қилади, умумий майдони 2036,3 гектар;
Учинчи гуруҳ (VII-VIII синф)-сифат жиҳатидан яхши ерлар ҳисобланиб, бонитет балли 61-80 баллни, умумий майдони 3471,2 гектарни ташкил этади.
Ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, туман ҳудудидаги 6710,6 гектарга тенг бўлган ўтлоқи тупроқлар ўртача 55 балл билан баҳоланди.
Ботқоқ-ўтлоқи тупроқлар қатламли лёссимон ётқизиқлардан ташкил топган, Сирдарёнинг қайир усти III-террасасида жойлашган. Тумандаги эскидан ўзлаштирилган ҳудудлар ботқоқ-ўтлоқи тупроқларининг унумдорлиги ва потенциал имкониятларини ҳисобга олиб, сифати бўйича -ўртача ерлар битта кадастр гуруҳга бирлаштирилди.
Бу гуруҳ-(V-VI синф)-сифат жиҳатидан ўртача ерлар, бонитет балли 41-60 балл, ер майдони 2398,6 гектар, тупроқларининг ўртача балл бонитети 56 балл билан баҳоланди.
Ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар аллювиал-пролювиал ётқизиқларидан ташкил топган бўлиб, туман ҳудудидаги бу тупроқларнинг унумдорлиги ва потенциал имкониятларини ҳисобга олиб, сифати бўйича ўртачадан паст ерлар битта кадастр гуруҳига бирлаштирилди.
Бу гуруҳ (IV синф)-сифат жиҳатидан ўртачадан паст ерлар ҳисобланиб, бонитет балли 31-40 баллни, ер майдони 78,3 гектарни ташкил этиб, ўртача 40 балл билан баҳоланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |