1.3. Инвестициялар таҳлилида асосланиладиган асосий
иқтисодий концепциялар
Инвестицияларни таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлиги даражасини аниқлаш бир қанча иқтисодий концепцияларга таяниб амалга оширилади.
1. Инвестицияларнинг фирма бойлигини оширишдаги роли.
Ҳар қандай фирма инвестиция жалб қилар экан, аввало, ўз бойликларини оширишни мақсад қилиб қўяди. Бу мақсад фирманинг фойдани кўпайтириш каби кўпинча асосий деб қараладиган бошқа бир мақсадидан анча кенгроқдир. Чунки фирманинг асосий мақсади фойдани кўпайтиришдан иборат дейилганда фойда ва рентабеллилик даражасини дарҳол кўпайтиришни эмас, балки бозордаги ўз секторини кенгайтириш ёки номоддий активларини оширишга қаратилган тижорат стратегияларини тушуниш қийин бўлар эди. Демак, фирма бойлигини ошириш инвестициялашга ундовчи анчагина универсал бўлган сабабдир.
Фирма бойлиги ўз ичига фирма ўз капиталининг бозор қийматини (ЎКБҚ) ҳамда фирма мажбуриятларининг бозор қийматини (МБҚ) олади. Яъни:
Фирма бойлиги = ЎКБҚ + МБҚ
Шу нарса равшанки, фирманинг реал бойлиги унинг капитали (юқори ликвидли активлар кўринишида турган капитални истисно қилган ҳолда) қанчалик кўплиги билан эмас, балки бу капитал товарлар ва хизматлар бозорида фирмага қандай ҳолатни таъминлаб бериши билан белгиланади. Шу сабабга кўра, инвестициялар фирмаларнинг рақобатбардошлигини яхшиласа ва улар капиталининг даромадлилигини оширса, уларнинг бойлиги кўпаяди ҳамда эгалари янада бойийдилар. Акс ҳолда инвестициялар фирма баланси пассивларини кўпайтиргани ҳолда унинг рақобатбардлшлигини оширмаса, фирманинг рентабеллилиги пасайиб кетиши, бунинг оқибатида эса унинг бойлиги камайиши мумкин.
Айтилганлардан хулоса шуки, инвестициялар, шу жумладан, реал активларга қилинадиган инвестицияларнинг мақсадга мувофиқлигини баҳолашнинг асосий мезони бўлиб, уларнинг фирма бойлигига қандай таъсир этиши ҳисобланади.
2. Пул тушумлари ҳақида тушунча.
Пул тушумлари (пул объект оқимларининг, cash flow) иқтисодий адабиётларимизда яқиндан буён қўлланилаётган атама бўлиб фирма тижорат фаолияти натижасида олинган тушумларни, яъни пул киримлари ва чиқимлари кўрсатади.
Пул тушумлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Асосий фаолият бўйича:
- нақд пул эвазига сотишдан олинган пул тушуми;
- пул ўтказиш йўли билан сотишдан олинган пул тушумлари.
2. Инвестициялар бўйича:
- қимматли қоғозларга қилинган инвестициялардан даромадлар;
- шуъба корхоналар ва хориждан тушумлар;
- активларни сотишдан келадиган тушумлар.
3. Молиявий операциялар бўйича:
- қимматли қоғозларни сотишдан олинган тушумлар;
- қарзлар.
Фирманинг пул чиқимлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
1. Асосий фаолият бўйича:
- хом ашё ва материаллар учун тўловлар;
- иш ҳақи тўловлари;
-солиқ тўловлари;
- суғурта тўловлари.
2. Инвестициялар бўйича:
- асосий капитални сотиб олишга;
- асосий капитални монтаж қилишга.
3. Молиявий операциялар бўйича:
- фоизлар ва дивидендлар тўлашга;
- ссудалар ва облигациялар бўйича мажбуриятларни сўндиришга.
Пул тушумлари ва чиқимлари ўртасидаги фарқ, яъни соф пул тушумлари фирма бойлиги ошишини таъминловчи соф пул қолдиғидир. Аммо фирма фаолиятининг якуний натижасини баҳолашда бухгалтер ёндашуви билан молиячи ёки иқтисодчи ёндашуви ўртасида фарқ бор.
Бухгалтер ёндашувига кўра фирма фаолиятининг якуний натижасини солиқлар тўлагандан кейин фирма ихтиёрида қолган соф даромад ташкил этади. Молиячи ва иқтисодчи ёндашувига кўра якуний натижага нафақат фирма ихтиёрида қолган соф даромад, балки фойдаланилиши меъёрий ҳужжатлар билан чеклаб қўйилган, аммо пировардида фирманинг умумий бойлигига қўшилиб, уни кўпайтирадиган пул маблағлари ҳам киради. Бундай маблағларга амортизация ажратмалари ҳамда ҳисобланган, аммо тўланмаган солиқлар киради.
Амортизация ўзининг иқтисодий моҳиятига кўра, асосий капиталнинг маънавий ва жисмоний эскиришини қоплаш учун маблағ жамғаришни таъминлайдиган мақсадли ажратмадир. Бу ажратмалар миқдори уч омилга боғлиқ:
- асосий капитал таркибига кирган ускунанинг баланс қийматига;
- ускунанинг хизмат муддатига;
- ускуна учун белгиланган амортизацияни ҳисоблаш услубига.
Амортизация ажратмалари мақсадли пул жамғармасини ташкил этиш манбаи бўлгани ҳолда, шунингдек, фирма фойдасидан бошқа харажатлар сингари айириб ташланса-да, фирма мулки бўлиб қолаверади. Фирма асосий капитални янгилашга киришганда амортизация жамғармасидан соф фойда каби фойдаланилади. Шу нуқтаи назардан амортизация жамғармасини шакллантириш фирманинг инвестиция заҳирасини жамғаришни англатади.
Шу сабабга кўра, ҳисобланган амортизацияни фирма тижорат фаолиятининг якуний натижасига, яъни (соф) пул тушумларига киритиш мантиқан тўғри бўлади.
Бухгалтерия ҳисобининг Америка стандартлари ГААП (Generally Accepted Accounting Principles) атамаларидан фойдалансак, пул тушумларини аниқлаш тенгламаси қуйидагича ёзилади:
ПТ = МРТ - (ЖХ - А) – ФТ - С тўл.
Бу ерда:
ПТ – пул тушумлари;
МРТ - маҳсулот реализацисидан тушум;
ЖХ - жами харажатлар;
А - амортизация;
ФТ - фоиз тўловлари;
С тўл.- тўланган солиқлар.
Иқтисодий назария нуқтаи назаридан қараганда ҳар қачон фирманинг бойлиги келажакда бўладиган барча пул тушумларининг ҳозирги қийматига тенг.
Инвестициялар мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун барча пул тушумлари ва чиқимлари тўғри баҳоланиб, улар фирма бойлигини қанчага кўпайтириши аниқлаб олинади. Олинган натижа эса якуний қарор қабул қилиш учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |