1. Мослаштирилувчи модель. Ижтимоий ва иқтисодий ҳамда сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишда тадбиркорлар уюшмалари давлат билан бирга касаба уюшмалари ҳам иштирок этади. Бу модель учун жамоавий-шартномавий жараённинг юқори даражали марказ-лашуви хос.
2. Аксилкасаба уюшмавий модель. Ижтимоий соҳада қарорлар қабул қилиш жараёнида касаба ташкилотлари ролини боқичма-босқич камайтириб бориш, бунда жамоавий шартномалар самарадорлигининг пастлиги сабаб қилиб кўрсатилади.
3. Плюралистик модель. Жамоавий музокаралар номарказлаш-тирилади ва алоҳида корхоналар, баъзан эса уларнинг филиаллари даражасигача туширилади. Биринчи модель Скандинавия, Австралия, Нидерландия, қисман Германия ва Швейцария; иккинчиси – Франция, Италия (1950 й.); учинчиси – Буюк Британия, Канада ва Японияга характерли ҳисобланади303.
Шимолий Европа мамлакатлари – Швеция, Финляндия, Норвегия, Бельгияда кенг тарқалган моделга кўра, давлат меҳнат муносабатлари ва уларни бошқаришда фаол қатнашади. Бундан ташқари, мазкур моделда умуммиллий, тармоқ ва корхона-муассаса даражасидаги шерикчилик муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Бельгияда умуммиллий даражада меҳнат бўйича миллий кенгаш фаолият юритади. Унга ҳар учала ҳамкор ҳисобидан тенг сонли иштирокчилар киритилган. Давлат қонунчилик вазифасини ўз зиммасига олади. Тармоқ даражасида эса «паритет комиссиялар» тузилади. Корхона-муассаса даражасида масалалар икки томонлама, яъни иш берувчи – касаба уюшмаси муносабатлари асосида кечади. Баъзи мутахассисларнинг фикрича, айнан мана шу шерикчилик туфайли жамиятда ижтимоий барқарорлик сақлаб қолинмоқда304.
АҚШ, Канада, Япония ва Лотин Америкаси мамлакатларида ижтимоий шериклик корхона-муассаса даражасида амал қилиши билан ажралиб туради. Бунда иш берувчилар бирлашмалари худди касаба уюшмалари сингари, ўз вакиллари орқали қонун чиқариш жараёнига, шу орқали ижтимоий шерикларга ўз таъсирларини ўтказишга уринадилар305.
Германия, Австрия, Голландия, Швейцария каби давлатларга хос моделни биринчи ва иккинчи моделларни боғловчи ҳалқа сифатида тасаввур этиш мумкин. Бу моделда асосий эътибор тармоқ даражасига қаратилади. Бутун мамлакат миқёсида уч томонлама келишувлар қабул қилинмайди, балки мажбурий бўлмаган маслаҳатлар билан кифояланилади. Асосий музокара жараёни эса тармоқларда кечади. Корхоналарда жамоа шартномалари тузилмайди. Корхона тармоқ шартномасига амал қилади ва унинг талабларини бажаради. Бундай моделни татбиқ этишнинг шаклларидан бири «намунавий» шартномадир. Мисол учун, Германия саноатидаги «JGMetall» компаниясининг шериклик шартномаси узоқ вақт бутун немис иқтисодиёти учун намуна вазифасини ўтаб келган.306
Умуман олганда, Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари даражасида ижтимоий шериклик фаол ривожланмоқда. ЕИ уч томонлама моделни қўллаб келяпти. Хусусан, 1992 йили Маастрихт шаҳрида ЕИ ижтимоий шериклари томонидан (Буюк Британиядан ташқари) имзоланган ҳужжатда иттифоқ ўзининг чора-тадбирларини мувофиқлаштириш мақсадида иш берувчилар ва ишчилар вакилларини шериклар сифатида эътироф этди307.
Уч томонлама (трипартизм) модели 1995 йилда Копенгаген шаҳрида БМТ шафелигида ўтказилган ижтимоий тараққиёт мавзусидаги йиғилишда ҳам маъқулланган. Мазкур анжуманда ижтимоий тараққиётга ёлғиз бозор механизмига таянган ҳолда эришиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, қашшоқликка қарши кураш ва иш билан таъминлаш асосий вазифалар сифатида белгилаб олинган.308 Шу нуқтаи назардан шахс, жамият ва давлат муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ижтимоий шериклик тизими маҳаллий қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқнинг қўлланиш амалиётини, шу жумладан, чет мамлакатлар қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўлланиш амалиётини (Франция, Бельгия, Италия, Германия, Жанубий Корея, Япония, Канада, Буюк Британия каби давлатлар тажрибасини), шунингдек, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни атрофлича таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бизга маълумки, Франция ва Германияда жойларда ижтимоий шериклик лойиҳаларини режалаштириш, мувофиқлаштириш, амалга ошириш ва молиялаштириш учун масъулиятнинг катта қисми ҳудудий, округ ва муниципал таълим (ўзини ўзи бошқариш органлари) зиммасига юклатилган бўлса, Япония ва Корея Республикасида жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ННТлар орасида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал этишга қаратилган турли дастур ва грантлар эълон қилишни кўзда тутувчи танловларни ўтказиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.
Ушбу моделларнинг асосий мақсади жамиятда ижтимоий келишув ва мувозанатни қарор топтириш бўлса-да, самарадорлик кўрсаткичи бўйича улар бир-биридан фарқ қилади. Э.Дюркгейм фикрича, “Тартиблашган фуқаролик жамиятининг бош қуроли – бу фаолият турлари, ижтимоий вазифаларни адолатли бўлиб беришдан иборат, натижада ижтимоий омилларга муваффақиятли ва самаралироқ фаолият олиб боришга имкон беради”309. Ўз навбатида, бу турли вазифаларни бажарадиган субъектлар мурожаати учун ижтимоий алоқалар, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кучайтириш заруратини келтириб чиқаради. Хусусан, герман модели учун ижтимоий шериклик демократияни мустаҳкамлаш, меҳнат муносабатларини тинч йўл билан ҳал қилиш, ижтимоий кескинликнинг олдини олиш воситаси бўлса, скандинав моделида ижтимоий фаровонлик кўрсаткичи ҳисобланади. Америка модели учун эса иқтисодий ўсишни таъминлаш устуворлик қилади. Австрияда ижтимоий шериклик маслаҳат кенгашлари ва қўмиталари филиаллари, умуммиллий ва тармоқлар бўйича эса тенглик асосидаги комиссиялар орқали амалга оширилади310.
Ушбу қайд этилганлар ижтимоий шериклик ғоясининг жаҳон тажрибасига доир узоқ йиллик ривожланиш ва такомиллашиш тарихи давомида катта тажриба тўплангани ва ундан турли мамлакатларда хилма-хил йўсинда фойдаланиш мумкинлигидан далолат беради. Мазкур ғоялар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни сақлаш учун бугунги кундаги фаол амалиётда кенг қўлланилмоқда. Бу борада ижтимоий шериклик бутун дунё мамлакатлари ҳаёти учун умумий тамойил, яъни тинчлик ва барқарорликни шакллантиришга хизмат қилувчи сиёсий ва иқтисодий муносабатлар йиғиндиси сифатида намоён бўлмоқда.
Юртимизда амалиётга татбиқ этилаётган ижтимоий шериклик модели шуниси билан аҳамиятлики, у халқимизнинг кайфияти, ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ барча соҳаларни қамраб олади. Айни пайтда, ижтимоий шерикликда қатнашадиган субъектлар кўлами жуда кенг бўлиб, бу жамиятдаги барча аҳоли қатламлари манфаатларини самарали таъминлаш имконини яратади. Асосийси, ижтимоий шерикликнинг “ўзбек модели” бугунги замон талабларига жавоб беради. Қолаверса, юқорида тилга олинган моделларнинг вақт синовидан ўтган ижобий жиҳатлари ушбу моделда яққол ифодасини топган311.
Шу билан бирга, Ғарб давлатларидаги бандлик соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Бу борада жаҳон тажрибасини атрофлича ўрганган М.Мирзакаримова мазкур соҳада қуйидаги тафовутлар борлигига алоҳида эътибор қаратган:
– “ижтимоий шериклик” тушунчаси Ғарбда меҳнат ва капитал ўртасидаги, ишчи ва иш берувчи ўртасидаги шериклик сифатида изоҳланади, биздаги ёндашувларга кўра эса жамиятдаги муайян ижтимоий-иқтисодий муаммони ҳал қилиш юзасидан турли тузилмалар ўртасидаги шериклик тушунилади. Ғарбдаги ёндашув бўйича шерикликда томонлар ўртасидаги бўйсуниш тавсифидаги муносабатлар сақланиб қолади, биздаги талқинда эса, асосий эътибор муаммоларни бартараф этишга қаратилади, жамият манфаатлари шахсий манфаатлардан устун қўйилади, бунга халқимизнинг бой маънавий-руҳий қадриятлари асос қилиб олинади;
– Ғарбда ижтимоий шериклик фақат бандлик муаммосига нисбатан қўлланилган бўлса, биздаги ёндашувларга кўра, жамиятдаги барча ижтимоий-иқтисодий муаммоларни (ишсизлик, хотин-қизлар, ёшлар, молия-кредит соҳаси, экологик, миллий ва иқтисодий хавфсизлик ва ҳ.к.) ҳал қилишга татбиқ этиш кўзда тутилган;
– Ғарбдаги талқин бўйича шериклик муносабатлари уч томон ўртасида, яъни ишчи, иш берувчи ва давлат ўртасида борса, мамлакатимизда шаклланган ёндашувга кўра, бу муносабатларда турли аҳоли қатламлари (хотин-қизлар, ёшлар, ногиронлар, ишсизлар ва б.) манфаатларини ҳимоя қиладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари (турли фондлар, хайрия жамғармалари, партиялар, ҳаракатлар, кўнгилли ташкилотлар) ҳам фаол қатнашадилар;
– Ғарбдаги талқинда қарама-қарши синфларнинг мавжудлиги эътироф этилади, бизда эса бозор иқтисодиёти шароитида жамиятда турли аҳоли гуруҳлари ва қатламлари, табақаларнинг шаклланиши қайд этилиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича турли нодавлат нотижорат ташкилотларининг тузилиши рағбатлантирилади, яъни уларни қўллаб-қувватлаш фақат касаба уюшмалари томонидан эмас, кўплаб бошқа ташкилотлар томонидан олиб борилади, муаммоларини бартараф қилиш таъминланади.
Ижтимоий шериклик муносабатларининг истиқболда янада ривожлантирилиши мамлакатимизда барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолаверади312. Айни шу маънодаги фалсафий ёндашув ижтимоий шериклик феномени, унинг кўп қиррали экани ва мавжуд тажрибани турли тадқиқотларда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида илмий таассуротни шакллантириш имконини беради. Ижтимоий шериклик жамиятда эҳтимолли низоларни мақбул йўл билан ҳал этиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорликни қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади. Кейинги пайтларда турли йўналишдаги илмий доира вакилларининг унга қизиқишининг ортиши мазкур феномендан ҳаётнинг турли жабҳаларида фойдаланиш имкони борлигини кўрсатади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантиришда ижтимоий шерикликнинг ўрнини ижтимоий-фалсафий нуқтаи назардан асослаш ва ретроспектив ўрганиш бу борада муҳим аҳамиятга молик бир қатор жараёнларга алоҳида аҳамият бериш зарурлигини кўрсатади. Бунда, аввало, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликнинг асосий хусусияти, ижтимоий шериклик тизими доирасида унинг элементлари тенг ҳуқуқли субъектлар каби намоён бўлади. Маълумки, ижтимоий шериклик ўз-ўзидан ривожланмайди, унинг субъектлари бир қатор тамойилларга амал қилиниши талаб қилинади. Асосий тамойил иккала томон бир-бирининг фуқаровий ва сиёсий эркинликларига риоя этишидан иборат.
Шунингдек, ижтимоий шериклик тизими унинг муайян субъектлари ваколатчилиги, ижтимоий сиёсат, сиёсатнинг ижтимоий назорати ривожига реал таъсир қилиши, ижтимоий шериклар қизиқишларини амалга оширишнинг балансини таъминлаш, келишув ва шартномалар воситасида, ўз-ўзини бошқаришни ривожлантириш, фуқаролик жамиятини такомиллаштириш, иқтисодий демократияни ривожлантириш, томонларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳамда жамиятда фаровон, ижтимоий барқарорлик муҳитини шакллантириш функцияларини бажаради. Сўнгги йилларда ижтимоий шериклик субъектлари шаклланиш жараёни интенсив равишда борди, ваҳоланки, бу жараёнда қийин пайтлар ҳам кўп бўлди. Аммо аста-секин давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар характери ўзгара борди, улар ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида, янада эркин бўлиб ривожланмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизда ижтимоий муносабатлар тобора демократлашиб бормоқда, бу эса фуқаролик жамияти ривожланишининг тарихий нуқтаи назаридан энг мақсадга мувофиқ йўлидир. Демократлашувнинг туб моҳияти сифатида рационал ва ижтимоий оқланган консенсус намоён бўлади. Уни, асосан, демократик анъаналар ташувчиси сифатидаги касаба уюшмачилик ҳаракати таъминлайди. Улар фаолиятининг асосий вазифаси, ўз навбатида, демократлашган фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдан иборат. Ижтимоий шериклик тизимининг шаклланиши жараёнига сиёсий субъектлар ўртасида ўзаро келишув ва ҳамкорлик муносабатларини қарор топтиришга бўлган интилиш муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий шериклик тизимини яратиш амалиёти кўпроқ институционал ва норматив-ҳуқуқий даражада муваффақиятли бормоқда, деб айтишимиз мумкин. Аммо бу борада барча жабҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўп.
Шу билан бирга, ижтимоий шериклик тизими субъектларининг шаклланиши, умуман олганда, ижтимоий шериклик тизими ҳам демократлашган фуқаролик жамияти шароитида амалга оширилади. Бу ҳолатда субъектларнинг қизиқишлари, ижтимоий ва сиёсий жараёнларининг амалда бўлиши учун мафкуравий, назарий, ташкилий-амалий тартибдаги қатор чора-тадбирлар тизимини аниқлаш талаб этилади. Ижтимоий шериклик тизими шаклланиш қонуниятларига қуйидагиларни киритиш мумкин: ижтимоий шериклик институт-ларининг марказда, жойларда, субъектларда шакллантириш; консенсус типидаги муносабатларнинг кетма-кетликда ривожлантирилиши; фуқаролик жамиятида ижтимоий шериклик субъектлари муносабат-ларини тартибга солувчи қонуний базани яратиш; ижтимоий шериклик субъектлари ўртасида келишмовчиликларни бартараф этиш ва қизиқиш-ларни мос келтириш механизмини ўрганиш ҳамда шакллантириш ва ундаги ижтимоий-сиёсий муаммоларни назорат қилиш тизимига киритиш; ижтимоий шериклик тизими субъектлари онги ва хатти-ҳаракатида ҳамкорлик ва келишув ғоясини шакллантириш, ижтимоий шериклик институтини легитимлаштириш.
Айни маънода, масаланинг муҳим жиҳати шундаки, ижтимоий шериклик тизими ва субъектларини шакллантириш барча жабҳадаги фаолият турларини қамраб олиш, демократия ва ижтимоий адолат тамойили асосида жамият ижтимоий ҳаётини бошқариш механизмининг мавжудлигини таъминлаш шароитида мумкин бўлади. Ижтимоий шериклик тизимини шакллантиришда муҳим ва ҳал қилувчи роль давлатга тегишлидир. Ижтимоий шериклик тизими шаклланишининг мазкур босқичида давлатнинг муҳим функцияси ҳам жорий вақтга, ҳам жамият ривожининг истиқболдаги мақсадларига боғлиқ. Бу унинг ижтимоий ва сиёсий тизимлари мақсадларига ташкилий-ҳуқуқий ҳамда ижтимоий шароитларига жавоб берувчи ҳуқуқий чегараларни аниқлаш, шу билан бирга шериклик муносабатлари қоидаларини ўрнатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Жамият ҳаётида демократик жараённинг тобора чуқурлашиб бориши натижасида давлат ҳокимиятига муносиб ҳамкор куч сифатида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институтлари шаклланди. Фуқаролик жамияти институтларининг фаол ҳаракатлари туфайли давлат ҳокимиятининг моҳияти ўзгарди ва у эндиликда демократик ҳуқуқий давлат шаклига ўта бошлади. Улар, яъни давлат ҳокимияти ва фуқаролик жамияти мамлакатни бошқаришнинг мустақил субъектлари бўлиб, бир-бирларини назорат қилувчи тенг шериклар сифатида фаолият юритмоқдалар. Демократик бошқарув тизимига ўтган мамлакатларда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти тушунчаларини бир-биридан ажратиш қийин бўлиб бормоқда. Чунки иккаласининг ҳам пировард мақсади эркин ва фаровон ҳаёт яратиш, адолатли, инсонпарвар, демократик жамият қуришдан иборат. Ана шу буюк мақсадни амалга оширишда давлат ва фуқаролик жамияти субектларининг таянчи бўлган маҳаллий давлат ҳокимияти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятлари ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Бу борадаги тадқиқот шундан, далолат берадики, фуқаролик жамиятидаги шериклик муносабатларининг ўзига хос томонлари, масалан, давлат ва меҳнат қилувчилар иттифоқлари ўртасидаги ёки касаба уюшмалари билан ишга ёлловчи ташкилотлар ўртасидаги муносабатлар у ёки бу моделнинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Бироқ ҳар бир мамлакатга хос турли омиллар, яъни иқтисодий ривожланиш модели, ижтимоий шериклик субъектларининг обрў-эътибори ва ҳоказоларга боғлиқ бўлган ўзига хос жиҳатлар ҳам бунда ўз таъсирини ўтказади. Баъзи бир мамлакатларда ижтимоий шериклик жараёнларини ташкил қилиш ва бошқариш узоқ муддатли тадрижий ривожланиш, ўз-ўзини ривожлантириш натижасида, бошқаларида эса маъмурий йўл билан ёки муайян ислоҳотлар орқали амалга оширилади. Шунинг учун ҳам, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги кунда ижтимоий шериклик ғояси турли ижтимоий қатлам вакилларининг диққатини тобора кўпроқ тортаётганлиги бежиз эмас.
Шунингдек тадқиқот ижтимоий шериклик муносабатлари муаммо-ларини истиқболда тадқиқ этишда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади:
– инсоният тарихида ва ривожланган мамлакатларда ижтимоий шериклик муносабатлари такомиллашуви тажрибаларини чуқур ўрганиш ва уларни умумлаштириш;
– ижтимоий шериклик муносабатларининг жамиятимизда рўй бераётган ислоҳотлар ҳамда ўзгаришларга таъсири ва бунда фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш жараёнини тадқиқ қилиш;
– давлат ташкилотлари ва маҳаллий бошқарув идораларининг ижтимоий шерикликни ташкил қилиш билан боғлиқ жараёнлар, турли ташкилотлар ҳамкорлиги ва ўзаро муносабатларидаги ролини аниқлаш;
– жамиятнинг турли жабҳаларида (иқтисод, сиёсат, таълим, ижтимоий таъминот, маданият ва ҳ.к.) ижтимоий шериклик муносабатларининг самарали механизмини ишлаб чиқиш, уни ҳаётнинг барча соҳаларига тадбиқ этишнинг мақбул йўллари ва усулларини излаб топишдан иборат
Шу билан бирга, мазкур масалага комплекс ёндашиш, мавзуга тарихийлик ва замонавийлик диалектикаси нуқтаи назаридан қарашгина ушбу феноменнинг ички тузилиши, элементлари ва дифференциацияси, уни ривожлантириш динамикаси асосида мавжуд ҳолатни баҳолаш имконини беради. Мавзунинг мамлакатимиз ҳаётига хос хусусият-ларини чуқур ўрганмасдан ва бу борадаги натижаларни ҳисобга олмай туриб, туб демократик ўзгаришлар ҳамда етук фуқаролик жамияти талаблари даражасидаги ижтимоий шериклик тамойилларини амалга ошириб бўлмаслиги шубҳасиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |