Ўз-ўзини текшириш учун саволлар:
1. А. Августин ва Ф. Аквинскийлар руҳни қандай талқин қилишган?
2. Р. Бэкона ва У. Оккамларнинг асосий психологик ғояларига ҳарактеристика беринг.
3. Леонардо да Винчининг илмий билимлар тараққиётига қўшган ҳиссаси нимада?
4. Ф. Бекон томонидан объектив реалликни бузадиган идолларнинг қандай тўртта тури тасвирланган?
5. Р. Декартнинг асосий ғоялари нимадан иборат?
6. Б. Паскалнинг одам ҳақидаги тасаввурлари тизимига таъриф беринг.
7. Б. Спинозада атроф борлиқни билишнинг уч даражаси.
8. Г. Лейбницнинг асосий ғояларига таъриф беринг.
9. Д. Берклининг фазони кўриш идроки назариясининг асосий ғоялари нимада?
10. Д. Гартлининг асосий ғояларига ҳарактеристика беринг.
11. Д. Юмнинг фикрича одам ҳаётида ассоциациялар қандай рол ўйнайди?
12. Инглиз ассоцианизмининг психологик билимлар тараққиётидаги ролига баҳо беринг.
6-мавзу: ПСИХОЛОГИЯНИНГ МУСТАҚИЛ ФАН СИФАТИДА ШАКЛЛАНИШИНИНГ ТАБИИЙ ИЛМИЙ АСОСЛАРИ (2 соат маъруза, 2 соат семинар машғулоти)
XIX асрда европа илмий фикри психологиянинг илмий билимларнинг мустақил соҳаси сифатида шаклланиши жараёнига сезиларли таъсир кўрсатган ғояларни намоён қила бошлади. Физика, кимё, медицина, биология каби илмий билимлар соҳаларининг муваффақиятли ривожланиши психологиянинг табиий-илмий асоси сифатида самарали ривожланишига туртки берди.
Брока Поль (1824 – 1880), француз врачи, антропологи ва анатоми. 1850 йилда Поль Брока қадимий париж қабристонида скелетлар қолдиқларини ўрганиш билан ўз тадқиқотчилик фаолиятини бошлайди. 1859 йили Поль Брока Парижда антропологик жамият ташкил қилади. 1876 йилда Поль Брока Олий антропология мактаби ташкил қилишнинг ташаббускори бўлди.
Поль Брока афазияларни тадқиқ қилишни бошлаб берган олим саналади. Нутқ қобилиятини йўқотган беморлар бош миясини текшириш жараёнида Поль Брока зарарланиш чап ярим шарнинг учинчи пешона ариқчасида эканлигини аниқлади. Миянинг нутқнинг мотор маркази ҳисобланган, сўзларнинг тўғри тартиби ва уларнинг ўзаро мослигини таъминлайдиган бу майдони “Брока майдони” номини олди.
Брока тил ва оғиз сохасининг мушаклари ҳаракат қобиллигинин сақлаб қолган холда ҳам, агар уларнинг бош миядаги марказлари бузилган бўлса, улар гапира олмаслигини мижозлар мисолида намойиш қила олди.
Шу билан бирга Пол Брока айрим шубхали фаразларни ҳам илгари сурган. Жумладан у, одам анатомиясининг қандай мутаносибликлари унинг ирқини белгилаб беришини исботлашга ҳаракат қилган. Масалан у, билак ва елканинг узунликлари нисбати қанчалик кичик бўлса, интеллект даражаси шунчалик юқори бўлади, деб ҳисоблаган. У негроидлар ва европеоидларни ўлчаб кўриб, европеоидларнинг қўллари калта эканлигини аниқлаган. Бироқ, Пол Брока фақат қўлларнинг узунлигига аосоланиб европеоидларни интеллект даражаси юқори эканлигини исботлай олмаган, шундан кейин у миянинг хажмини аниқлаш учун бош суяги ва юз сохасини ўлчашни бошлаган.
Ўша даврнинг бошқа тадқиқотчилари сингари Пол Брока мия чаноғига қараб миянинг хажмини ўлчаш мумкин, мия хажми эса эгасининг ақлий қобилиятларидан дарак беради, деб ҳисоблаган. Мия чаноғи антропометрияси билан шуғулланиш учун у махсус асбоб — краниометрни ясади.
Краниометрияга кўра, бош чаноғи суяклари қанча йирик бўлса чаноқ ва унда жойлашган мия ҳам шунчалик йирик бўлади, демак интеллект ҳам шунчалик юқори бўлади. Ўз тадқиотларига асосланиб Пол Брока “олий ирқ” вакилларининг мияси “паст ирқ” вакиллариникига нисбатан катта, демак ўз-ўзидан “олий ирқ” вакиллари ақлли, деган хулосага келган. Масалан, унинг тадқиқотларида аниқланганидек, европеоидларнинг бош чаноғининг хажми 1532 см³ га тенг, негроидларники эса 1347 см³ га тенг бўлиб чиққан. Кейинчалик, кўплаб олимлар Пол Брокани илмий ирқчиликни тарғиб қилишда асосли айблашган.
Пол Брока фанда – одамнинг ҳид ҳисси жуда ҳам сезгир эмас, деган яна битта хато фикрни тарқалишига ҳисса қўшган. Брока биринчи бўлиб ҳид сезгисининг миядаги пешона сохасининг пастки юзасида жойлашган ҳид сезгиси пиёзчаларини “топди” ва улар унчалик катта эмаслигини аниқлади. Бошқа сут эмизувчиларда улар етарли даражада катта бўлади. Одамнинг хулқи ҳидларга кам боғлиқ эканлигини ҳисобга олиб Брока эволюцион тараққиёт жараёнида одамнинг ҳид марказлари кичрайиб ўз ўрнини йирик пешона сохасига бўшатиб берган, натижада одамнинг ҳид билаш қобилияти етарлича сусайган, деган хулосага келди.
Броканинг тадқиқотлари одамнинг ҳид билаш қобилияти кучсиз, деган афсонани ривожлантирди ва ХХ аср мобайнида бу афсонанинг оммабоплиги ўсиб бораверди. Бунда Броканинг ишлари билан яхши таниш бўлган Зигмунд Фрейд ҳам катта рол ўйнади. Зигмунд Фрейд ҳид билиш хайвонларда инстинктив жинсий хулқнинг асосини ташкил қилади, одамда ҳид билиш қобилиятининг пастлиги сексуаллиликни сусайтиради, шунинг учун одам жинсий сабабга кўра неврозларга мойил бўлади, деб ҳисоблаган. Фақат 2017 йилда америкалик нейробиолог Джон Мак-Ганнид ҳид билиш қобилияти рецепторнинг ўлчамига боғлиқ эмаслигини исбот қилгандан кейингина, Пол Броканинг бу афсонаси пучга чиқди.
Do'stlaringiz bilan baham: |