ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ
Психология тарихи
фани бўйича
– психология бакалавриат таълим соҳаси йўналиши 1-курс (2021) учун
маърузалар матни
МАМУРЖОН ОТАЖОНОВ
Фарғона - 2021
1-мавзу: ПСИХОЛОГИЯ ТАРИХИ ФАНИНИНГ ПРЕДМЕТИ, ВАЗИФАЛАРИ, ПРИНЦИПЛАРИ ВА МЕТОДЛАРИ (2 соат маъруза, 2 соат семинар машғулоти)
Республикамиз ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий мақомининг ўзгариши биз шу кунгача амал қилиб келган кўплаб тамойилларни қайта кўриб чиқиш, бошқача англаш ва талқин қилиш вазифасини қўйди. Кўплаб ижтимоий фан соҳаларида, шу жумладан, инсоншунослик фанларининг дарғаси ҳисобланган психологияда ҳам тарихий шаклланиш хусусиятларига, фаннинг негизини ташкил қилувчи фикрлар тизимига янгича ёндашиш зарурати пайдо бўлди.
Масалани бу тахлит қўйилишининг асосий сабаби шундаки, шахс шаклланиши соҳасига тааллуқли ҳар қандай билимлар тизими социализм шароитида тўла ғоявийлик асосига қурилган, фактларни изоҳлаш ва талқин қилишда ғоявий тамойиллардан чекланишга бўлган ҳар қандай уриниш кескин тазйиққа учрар эди. Шунинг учун ҳам биз кўплаб фанлар соҳаларида узоқ йиллар сунъий ғоявий лагерларнинг қарашларига, турли синфий ғояларга, илмий фактларни белгилаб қўйилган тамойилларга бўйсундириш услубларига амал қилиб келдик, натижада бизнинг инсон, коинот, жамият, руҳият ҳақидаги қарашларимиз сохталашиб борди. Бу йўлнинг энг оғир оқибати шу бўлдики, жамият ва шахснинг табиий тараққиёт жараёни бузилди, табиий гармония йўқолди. Бундай қўпол аралашиш табиий муҳит учун экологик ҳалокатларга олиб келган бўлса, ижтимоий муҳит учун демократик тамойилларнинг бузилиши билан якунланди, лекин энг катта ва фожиали ҳалокат жамият асоси бўлган инсонга насиб қилди. Жамият, коинот, табиат ҳақидаги тасаввурлар тизими ўзгарди, қадриятлар сохталашди, миллий ўзига хослик унутилди, шахсни шакллантиришнинг асосий мезони бўлган тарбия жараёни бузилди. Албатта, бу ҳар учала ҳалокатни бир-биридан ажратиб талқин қилиб бўлмайди, булар ўзаро боғлиқ, бир-бирини тақозо қиладиган ҳодисалар: сохталашган қадриятлар ижтимоий муҳитни бузади, бундай муҳитда умуминсоний экологик тасаввурлар ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
Ҳамма нарса ўз аслига қайтади деганларидек, тақдирнинг тақозоси билан бизнинг олдимизда қадриятлар таҳлили муаммоси кўндаланг бўлди. Қуруқ мушоҳадага ўрганиб қолган фикрлаш услубимиз учун муаммоларни, инсон, табиат ва коинот ҳақидаги тасаввурларимизни янгича мушоҳада қилиш вазифаси пайдо бўлди.
Дарслик ўз олдига иккита муҳим мақсадни қўяди. Биринчи мақсад: ҳозирги кундаги мавжуд психологик билимлар қандай таълимотлар доирасида ривожланган? - деган саволга жавоб топиш бўлса, иккинчи мақсад: психологик билимларнинг тарихий асосларини ташкил қилувчи таълимотларнинг ҳозирги кундаги аҳамиятини, замонавий психологик билимлар тизимидаги ўрни ва мақомини англашдан иборатдир. Мақсад ўз-ўзидан дарсликнинг мазмунини ҳам белгилаб беради. Дарсликнинг мазмунини, асосан, қуйидаги таълимот, қарашлар тизими ва айрим файласуф олимларнинг илмий мерослари ташкил қилади:
I. Қадимги Шарқ мамлакатларида психологик фикрни ўзида ифода этган фалсафий таълимотлар, мутафаккирларнинг қарашлари. Хитой фалсафаси ва медицинаси: Лао Цзи, Конфуций, Мао-цзи, Мин Цзи, Мо-Цзе, Ван-Чун, Фан Чжен. Ҳинд фалсафий мактаблари: Санкхья, Веданта, Йога, Миманса, Нpяя, Вайшешика.
2. Зороастризм, Авесто: Ясна, Висперд, Вендидат, Яшталар, Хорде, Авесто ёки кичик Авесто.
3. Антик давр фалсафий-психологик таълимотлари асосчилари: Гераклит, Анаксагор, Демокрит, Сократ, Платон, Аристотел, Стоиклар таълимоти, Эпикур, Плотин.
4. Араб тили фалсафаси вакилларининг фалсафий-психологик фикрлари: Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд, Ибн Хайсам.
5. Диний фалсафий йўналишларда психология элементлари: Сўфизм, Нақшбандия.
6. Жаҳон психология фанида шаклланган ва ривожланишда бўлган психологик мактаблар, йўналишлар, ғоялар ва таълимотлар.
7. Ўзбекистонда психология фани ривожланишининг асос ва омиллари. Туркистонда маърифатпарварлик ҳаракати.
Дарсликнинг мақсади ва мазмуни бевосита мантиқий боғланишдан келиб чиқадиган бир неча асосий вазифаларни шакллантиради. Биринчидан, мазмунда қайд этилган турли йўналишлар ва таълимотлар ўртасидаги ворислилик ва боғлиқликни очиб бериш, иккинчидан, психологик билимлар узвийлигини қайд этиш, учинчидан исломда диний-фалсафий таълимотлар доирасида пайдо бўлган ғояларнинг психология фанининг шаклланишидаги ахамиятини кўрсатиб бериш.
Психология тарихи психологик билимларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши қонуниятларини ўрганади.
Do'stlaringiz bilan baham: |