Ирригация ва мелиорация тадбирларини асослаш. Йирик ер майдонларини суғориладиган деҳқончилик мақсадларида ўзлаштириш гидромелиоратив тадбирлар жумласига киради.
Суғоришни ташкил қилиш учун ажратилган ҳудуд географик нуқтайи назардан чуқур ўрганилиши кейинчалик турли нохуш ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олади. Аввало, ҳудуд қандай ландшафтларни эгаллаганлиги аниқланади. Чунончи, дарё террасаси, сойнинг конус ёйилмаси, пролювиал текислик, дарё дельтаси ва бошқ. Шундан сўнг атрофдаги табиий географик ҳудудларнинг хусусиятлари, суғориладиган деҳқончиликда фойдаланилиши ёки табиий яйлов (лалми деҳқончилик)да ишлатилиши аниқланади. Тоғ ёнбағрида жойлашган бўлса, сел, сурилма, жар эрозияси каби ҳалокатли ҳодисалар таъсирига берилиши ҳисобга олинади. Шунингдек, янги ерлар ўзлаштирилиши туфайли қуйидаги жойлашган, илгаридан фойдаланиб келинаётган ерларга етказиладиган зарар таҳлил қилинади.
Ирригация ва мелиорация тармоқларини лойиҳалашда уларни релефнинг қандай жойларидан ўтишини аниқлаш ҳам амалий аҳамиятга эга. Бу ҳолда грунтнинг литологик тузилишини ўрганиш зарур бўлади. Шағал тош мавжуд бўлган жойларда суғориш тармоқларини лойиҳалаш сувнинг катта қисми заминга шимилиб кетишига сабаб бўлади ва бошқа бир жойда ер бетига яқинлашиб, ботқоқланиш ёки шўрланишга олиб келади.
Сув омборлари лойиҳаларини асослаш. Сув омборлари ўзига хос мураккаб иншоот. Уларни фақат рельефи жиҳатдан қулай бўлган жойлардагина қуриш самаралидир.
Сув омборларининг тоғ водийлари ва этакларида қурилиши ҳар жиҳатдан фойдалидир, чунки сув ортиқча буғланишга сарфланмайди, сувнинг сизиб ўтиши анча кам бўлади. Энг муҳими, сув каналларга ўзи оқар ҳолда тақсимланади. Бу минтақада сув ҳар доим тоза, шўрланмаган бўлади.
Тоғ дарёси ва сойларда сув омборларини қуриш анча енгилроқ кечади, чунки водийда ўзан баланд тўғон билан тўсилганидан сўнг унинг орқасида катта ҳажмда сув тўпланади. Чорбоғ, Оҳангарон, Жанубий Сурхон ва бошқа сув омборлари шу усулда қурилган. Бу усулдаги қурилиш катта маблағ талаб қилмайди. Аввало, сув омбори қурилиши мумкин бўлган энг қулай жойларни танлаш, тўғон кўтариладиган жойнинг муҳандис-географик хусусиятлари барча талабларга жавоб беришини таъминлаш лозим. Қурилиш амалга ошириладиган жойда истиқомат қиладиган аҳоли сони кўп бўлмаслигига, суғоришда яроқли ерлар сув остида қолмаслигига, табиатнинг сўлим гўшалари бузилмаслигига аҳамият берилади.
Тоғ водийларида йирик (ҳажми 1,5-2 куб км.) сув омборлари қурилганидан кўра кичикроқ (0,3-0,4 куб км. ва ундан кам) ҳажмдагилари лойиҳалангани маъқулроқ. Чунки кучли ер силкиниши бўладиган тоғли ўлкаларда жуда катта сув ҳавзаларини қуриш анча хавфли.
2-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |