Грунтларни қотириш, унинг мақсади ва кўринишига қараб, қуйидаги усулларда олиб борилиши мумкин: цементлаштириш, силикатлаштириш, смолалаштириш, битумлаштириш, лойлаштириш ва бошқалар. Бундан ташқари грунтларни қотиришда термик усуллар ҳам қўлланилиши мумкин.
Қачонки юқорида кўрсатилган усулларни қўллаш мумкин бўлмаса ёки самараси паст бўлса, грунтларни алмаштириш усули қўлланилиши мумкин.
2. Пойдеворлар ҳақида умумий маълумотлар
Пойдеворлар бинонинг ер сатҳидан пастда жойлашган қисмидир. Уларнинг вазифаси бинодан тушадиган ҳамма юкларни асосга узатишдан иборат.
Пойдеворлар мураккаб шароитларда ишлайди, уларга турли хил ташқи факторлар ўз таъсирини кўрсатади. Бу таъсирлар куч остида бўлиши ёки куч остида бўлмаслиги мумкин (8.2-расм).
Пойдеворлар тайёрлашда материал сифатида ёғоч, табиий тош, бутобетон, бетон ва темирбетонлардан фойдаланиш мумкин. Пойдеворлар конструктив схемаси бўйича тасмасимон, алоҳида турувчи, яхлит ва қозиқсимон турларга бўлинади (8.3-расм).
8.2-расм. Пойдеворга таъсир кўрсатувчи факторлар.
Куч остидаги таъсирлар: 1-бинодан тушадиган юк; 2-грунтнинг ён томондан босими; 3-сейсмик юклар;4-грунтнинг кўпчиш кучи; 5-грунтнинг эгилувчан қаршилиги; 6-вибрациялар.
Куч остида бўлмаган таъсирлар: 7- грунтнинг ҳарорати; 8- ертўла хонасининг ҳарорати; 9- грунтнинг намлиги; 10- ертула ҳавосининг намлиги; 11- сув ва ҳаводаги агрессив аралашмалар; 12- биологик факторлар.
8.3-расм. Пойдеворлар конструктив схемалари:
а- тасмасимон; б- алоҳида турувчи; в- яхлит; г- қозиқсимон
Пойдеворларни у ёки бу турини танлаш уларнинг материалига, бинонинг конструктив ечимига, юкнинг тавсифи ва қийматига, асоснинг турига ва маҳаллий шарт-шароитларга боғлиқдир.
Қурилиш, тиклаш усулларига қараб пойдеворлар индустриал ва ноиндустриал турларга бўлинади.
Грунтга ботирилишига кўра пойдеворлар кичик (5 м дан кам) ва чуқур ўрнатиш (5 м дан кўп) турларига бўлинади.
Конструкцияларнинг ишлаш тавсифи бўйича пойдеворлар бикр (фақат сиқилишга ишлайди) ва эгилувчан (чўзилувчан кучланишларни қабул қилишга мўлжалланган) пойдеворларга бўлинади.
Пойдеворларнинг шакли ва ҳажми муҳим параметр бўлган ўрнатиш чуқурлигига боғлиқдир. Пойдеворларнинг ўрнатиш чуқурлиги жуда кўп факторларга асосан аниқланади: бинонинг вазифаси, унинг ҳажм-режа ва конструктив ечимлари, юкнинг қиймати ва тавсифи; асоснинг сифати; атрофдаги қурилишлар; рельеф; пойдеворнинг қабул қилинган конструкцияси уни қуриш усуллари ва бошқалар. Аммо, биринчи навбатда ўрнатиш чуқурлигини грунтнинг сифати, ер ости сувлари сатхи ва грунтнинг музлаши аниқлаб беради.
Иситиладиган биноларда пойдеворларнинг минимал ўрнатиш чуқурлиги, одатда, ташқи деворлар учун - 0,7 м, ички деворлар учун - 0,5 м қабул қилинади.
Деворларни капиляр намликдан асраш учун, пойдеворларда гидроизоляция тадбирларини қўллаш лозим (8.4-расм). Гидроизоляция горизонтал ва вертикал кўринишларда бўлади.
12.4-расм. Пойдеворлар гидроизоляцияси
а- ер ости сувлари босими 200 мм кам бўлганда; б- босим 200-1000мм бўлганда; в- босим 1000 мм дан кўп бўлганда: 1- рулонли гидроизоляция;
2- суртиш (ранглаш) усулидаги гидроизоляция (иссиқ битум билан 2 марта); 3- ёпиштириш усулидаги гидроизоляция; 4- ғиштдан кўтарилган ҳимоя деворчаси; 5- шиша мато (стеклоткань); 6- деформация чоки; 7- мойли лой;
8- ертўла поли (тўшамаси); 9- қоплама; 10- темирбетон плита; 11- бетондан қилинган бостирма; 12- тайёрлов қатлами
Бажариш усули бўйича гидроизоляциялар ранглаш, сувоқлаш (цементли ёки асфальтли, суюқ асфальт билан), ёпиштириш (ўрама материаллар ёрдамида) ва қобиқсимон (метал ёрдамида) кўринишларда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |