Кечаги тарих биз учун ҳаёт мактаби, бамисоли типик бир кўзгу. Унга қараб сабоқ оламиз, хулоса чиқарамиз, келажак йўлини белгилаймиз.”1
И.Каримов советлар замонида халқимиз бошидан кечирган кунлар ҳақида кўпроқ ёзишни тарихчи ва ёзувчиларимиздан илтимос қилиш билан бирга “ўша даврда яшаган, унинг барча кирди-корларини ич-ичидан билган зиёлиларимизнинг қанчаси отиб ташланди, қамоқда ўлиб кетди. Аммо ўша замонни ёшларимиз билиши учун кўпроқ китоблар, дарсликлар зарур”2лигини таъкидлаб ўтди. Асар муаллифи кўрсатганидек, тарихдан ибрат олиб яшаш, тарих хақиқатларини билиш кишига қувват беради, уни хаёт ҳақиқати билан қуроллантиради.
И.Каримовнинг “Биз кечаги тарихимизда рўй берган мудҳиш кунлар ҳақидаги маълумотларни ёш авлодга ўз вақтида етказсак, уларнинг онгида ҳеч қачон бўшлиқ пайдо бўлмайди”3 деган фикри ҳам диққатга сазовордир.
Ислом Каримов айтганидек “ёлғон ғоялар асосида яратилган” совет даври тарихининг оғриқли, қайғули саҳифаларидан бири 1937-1938 йиллардаги “катта террор”, “қулоқлар операцияси” деб ном олган, мислсиз фожиали оқибатларга олиб келган советларнинг қатағон сиёсати ва унинг амалиётидир. Советлар даврида бу тарихий воқеа соҳталаштирилиб, ёлғонлаштирилиб “халқ душманларига қарши кураш, социализм душманларини тор-мор этиш” деган уйдирма остида айбсиз қатағон қилингани, минглаб, ўн минглаб, юз минглаб кишилар ҳаётига тажовуз қилингани эса социализм, синфий кураш зафари сифатида таърифланган, тарғиб, ташвиқ қилинган.
Совет режимининг бундай сиёсати шу тузумнинг илк кунларидан то “қизил империя” парчаланиб кетгунга қадар давом этди. Сиёсий қатағон ва амалиёт шу большевикча тузумнинг ажралмас таркибий қисми, табиий хоссаси сифатида намоён бўлди. Бундай дахшатли, фожиали сиёсат Ўзбекистоннинг ҳам ўз гирдобига тортган эди. Мазкур мавзуни ўрганиш, уларнинг номларини абадийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1999 йил 12 майда эълон қилган фармойиши ва 22 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойилар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида» қабул қилган қарорларидан сўнг кенг йўлга қўйилди. Ана шу ҳужжатлар асосида «Шаҳидлар хотираси» ҳайрия жамғармаси тузилди. Тошкентда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 майда қабул қилган «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида»ги фармони ҳам мазкур мавзуни тадқиқ этиш учун катта имкониятлар уфқини очиб берди.
Юртбошимиз асарларида, нутқларида совет режими даврида минглаб, юз минглаб фуқароларни, давлат ва жамиятда нуфузга эга бўлган турли хил касб кишилари, деҳқонлар, ҳунарманд косиблар, ишчилар, зиёлилар, давлат ва ҳукумат тузилмасидаги раҳбар ходимлар асоссиз равишда қатағон қилиниб, жисмонан йўқ қилиниб, узоқ ва бегона юртлардаги концлагерларга, меҳнат тузатув лагерларга сургун қилинганлар тақдири, қисмати, фожиасини англаш, тарихимизнинг бу каби армонли, хасратли саҳифаларини хозирги ва келажак авлодга қолдиришдек эзгулик ишларини амалга оширишда назарий, илмий, сиёсий аҳамиятга эга бўлган концептуал, методологик фикр илгари сурилди.
Бу ўринда мудхиш 1937-1938 йиллардаги “Катта террор” ёки “Қулоқлар операцияси” деб аталмиш сиёсий кампанияга нисбатан турлича ёндашувлар Россия ва бошқа ҳорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситалари орқали хозирги кунда кенг ёритилаётгани ҳам бежиз эмас. Россия телеканалларида “Большой террор”: “Привычное дело” или “Преступление, которого не знала история”, “Репрессии: “Большой террор” или большая ложь?”, “Хлеб для Сталина. Истории раскулаченных”, “Почем хлеб для Сталина?” мавзуларидаги телекўрсатувларда 1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағон турлича шарҳланмоқда. 30-йиллардаги “Катта террор” жаҳон тарихида одатдан ташқари, ғайри оддий воқеа эмас, бундай ўҳшаш ҳолатлар Франция, Испания, Чили ва Индонезияда юз бергани ҳақида қиёсий тахлил этилмоқда. Буюк Француз инқилобида 1793 йил 27 июнидан 1794 йилгача 50 минг киши қатл этилган. Бу вақтда Франция аҳолиси 27 миллион эди. 1937-1938 йилларда СССР аҳолиси 162 миллион бўлган. Ушбудан келиб чиқиб муаллифлар Франциядаги инқилобий террор Сталин террори дахшатидан кам эмас эди, деган хулосага келмоқдалар. Франциядаги террор Европа давлатлари коалицияси билан уруш ҳолатида юз берган бўлса СССРда эса 1937-1938 йилларда гражданлар уруши ҳам, қўзғолонлар ҳам, ташқи интервенция ҳам бўлмаган тинч шароитда рўй бергани таъкидланмоқда.
Испанияда 1936-1939 йиллардаги гражданлар урушидан сўнг 24 минг киши отиб юборилган. Ўз кўлами бўйича бу террорни Сталинча террорга тенглаштириб, ўхшатиб бўлмайди. Гражданлар уруши жараёнида Испания муросасиз 2 лагерга бўлиниб кетган. Франко бекорга коммунистларни, социалистларни, анархистларни, сўл интелектуалларни “Анти-Испаниячилар” деб атагани бежиз эмас эди. Сталин давридаги қатағон қурбонларининг аксарияти, айниқса оддий, меҳнаткаш кишилар совет ҳокимиятига мутлақо лоял, яъни содиқ бўлганликларини алоҳида таъкидланмоқда. Уларда режимга қарши бирон бир ҳаракат бўлмаган, бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганлар.
Чилида 1973 йилдаги ҳарбий тўнтарилишдан сўнг расмий маълумотлар бўйича 3 минг киши ҳалок бўлган, 100 минглаб кишилар мухожир бўлиб ватанни тарк этганлар. Бу оғриқни, аламни Чили жамоатчилиги ҳали ханузгача эсламоқда, қурбонлар хотирасини улуғлаб келмоқда.
1965 йили Индонезияда ҳам жамият бўлиниб кетган. Кўплаб кишилар қатағон тиғидан ҳалок бўлганлар. Бу қатағонни ҳам СССРдаги қатағон билан ўхшатиб бўлмайди. Совет Иттифоқида 1937-1938 йилларда 1,5 миллион киши қатағон қилинди. Шундан қарийиб ярмига яқини отиб юборилди. 1937 йил мартидан 1938 йил декабригача бўлган даврда кунига ўртача 1000 тадан киши йўқ қилинган. Тинчлик даврининг икки хафтасида СССРда жисмонан йўқ қилинган қатағон қурбонлари миқдори 1979-1989 йиллар мобайнида Афғонистонда 10 йилда халок бўлганлар миқдорига баробардир.
Тадқиқотчи Д.Орлов “Большой террор или большая ложь? на примере Киргизской ССР” номли мақоласида Россиядаги либералларнинг сиёсий қатағонга бўлган муносабати танқид остига олинган. Сталин шахсини қатағон масаласида фош қилишда либераллар фақат биринчи манба қилиб Солженициннинг “Архипелаг ГУЛАГ” асарини, иккинчи манба қилиб Н.С.Хурушчёвнинг КПСС XX съездидаги “Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари тўғрисида”ги докладини, учинчи манба қилиб инглиз тадқиқотчиси Роберт Конквестнинг “Великий террор” (1969), “Жатва скорби” (1986), китобларини ўқишга манба қилиб олганлар. Ваҳоланки, бу манбаларга танқидий кўз билан қаралмаган. Маълумки, либераллар хукм чиқарилишида гувоҳлик беришдан хадиксираб кўплаб қимматли ҳужжатларни қалбакилаштирганлар, йўқ қилганлар. Улар Сталин ва Бериянинг ўлимини тайёрлаган, Венгрия, Тбилиси ва Новочеркаскдаги халқ ғалаёнларини шафқатсизларча бостирган Хурушчёвга ишонганлар. Улар лагер айғоқчиси бўлган, кўплаб махбуслар устидан хукм чиқаришда гувоҳлик берган Солженициннинг асарига ишониб иш кўрганлар. Улар ўз даврида Американинг “Озодлик медали” сохиби, Британия разведкасининг тарғиботчиси ва ташвиқотчиси бўлган Роберт Конквест китобига суянмоқдалар. Бу ҳар 3 манбада совет режими даврида қатағон қилинганлар миқдори бузиб кўрсатилган. Солженицин қатағон қурбонларини 110 миллион кишидан иборат деб ҳисобласа, публицист Юрий Карякин эса 120 миллион деб кўрсатмоқда, Н.С.Хуршчёв қатағонда Сталин ва ўзининг ҳам қандай роль ўйнаганлигини акс эттирувчи кўплаб ҳужжатларни йўқ қилишга эришган, бир қисмини йўқ қила олмаган.
Ҳозирда Россия ахборот воситаларида, жумладан, телекўрсатувларда СССРдаги 1937-1938-йиллардаги фожиалар ҳақида қизғин бахслар бўлмоқда. Алексей Пивоваров “тарихни билиш керак, унинг энг даҳшатли саҳифаларини келажакда такрорламаслик учун ҳам тарихни билиш зарур”, деб кўрсатди. Унинг ўзи афтидан бунга амал қилмаган кўринади. Унинг “Биз Сталинни рус халқининг бош жаллоди сифатида бир хил маънода кўрсатамиз” деган фикри мутлақо нотўғри, асоссиздир.
Бу ҳақда Д.Орлов 00447-сонли буйруқ юзага келган пайтда Қирғизистонда 1 миллон 369 киши яшаётганди, “Катта террор” даврида 1250 киши қатағон қилинган, бу республика аҳолисининг 0,09 фоизини ташкил қилган, деган фикрга асосланиб, Сталинни реабилитация қилиш тўғрисида ўйламаслик керак, у ҳеч кимга керак эмас, уни ҳеч ким суд қилмаган ва лагер ёки отувга ҳукм қилмаган, ўша даҳшатли ва бир вақтнинг ўзида буюк даврга ҳақиқий, объектив баҳо бериш тўғрисида жиддий ўйлаш керак, деб айтмоқда. У аслида ўтган асрнинг 20-30-йилларида қирғиз давлатчилиги яратилган ва мустаҳкамланганини унутмаслик керак, бунда Сталиннинг хизмати борлигини эътироф этиш керак! деб айтмоқда. Унинг фикрича 2011 йил нуқтаи назаридан туриб ўша даврни, бошқа замон, бошқа шароит ва бошқача мўлжал билан ўлчамаслик керак. Одамлар ҳам ўзгача бўлганини эсдан чиқармаслик лозим деб айтмоқда. Бундай публицистик қарашлар кўп ва хилма-хилдир. Лекин тадқиқотларда ҳар бир масалага янгича ёндашувлар мавжуд.
Таниқли ёзувчи, ҳарбий арбоб, БМТ ҳузуридаги Ахборотлаштириш Халқаро Академияси академиги, Россия ФА фахрий академиги, Сталин даврида ўзи ҳам қатағон қилинган Владимир Карпов 3 марта қайта нашр этилган 2 жилдлик “Генаралисимус” асарида 1937-1938 йиллар фожеаси, унинг сабаблари, айбдорлари ҳақида анча жиддий ва тўғри фикр айтган. У ўша вақтда Сталин учун троцкийчилар юридик ва амалий жиҳатдан ҳақиқий жиноятчилар эканини тасвирлаб Сталиннинг репрессияда тутган ўрнига холисона баҳо берган. Унинг фикрича репрессиялар барча инқилоблар ва қўзғолонларда ўтказилган, бу қонуният ҳисобланади, ҳокимиятга янги кучлар келади, улар қаршилик кўрсатаётган аввалги ҳукмдорларни ва уларга яқин бўлганларни йўлидан олиб ташлайди. В.М.Молотовнинг қатағон сабаблари ҳақидаги мана бу фикрини В.Карпов келтирган: “Мамлакатда бир-бири билан келиша олмайдиган, ўлимга ҳам тик борувчи икки дастур курашганлар. Икки дастур, икки лагер юзага келган. Халқдан ажралган ва халққа душман бўлган, четда разведкачи агент бўлиб қолган одамлар яъни троцкийчилар бир томонда, ёрқин социалистик жамият қураётган меҳнаткаш ва уларга эмин-эркин ва тўқ ҳаёт яратаётган сталинчилар иккинчи томондан бир-бирига қарши кураш олиб борганлар”.34
СССРдаги АҚШнинг собиқ элчиси Жозер Девис Сталин ва унинг яқин сафдошлари 1937-1938 йилларда Россиядаги “бешинчи колонна”ни олиб ташламаганларида Совет Иттифоқининг фашистлар Германиясига қарши олиб борган уруши нолга тенг бўлиб қоларди деб ҳисоблади, Сталин ўтказган репрессия троцкийчиликни, советларга қарши, тузумга қарши турган ҳар қандай блок ва мухолифатни мағлубиятга учратди. Бу унинг энг асосий бош ғалабаси эди, айни пайтда СССРда сионизмни йўқ қилиниши эди, деб кўрсатмоқда В.Карпов.
Ўтган ХХ асрни халқлар ҳаётидаги олтин давр деб ҳисоблай олмаймиз. Бу асрда ҳам азоб-уқубатлар, тажовузлар, фожеалар ҳам қаҳрамонона, буюк бунёдкорлик эзгулик ишлар юз берди. Ўша юз йилликда Осиё ва Европа, бутун жаҳонда кўплаб фалокат, йўқотишлар, фожеалар юз берди ва улар тарих мулки бўлиб қолди. Ҳох салбий, ҳох ижобий бўлмасин ўша мулк инсониятга, тарихга мансубдир. Шу боис аср воқеаларининг ҳар бирини махсус, алоҳида англашимиз, ўрганишимиз, таҳлил қилишимиз керак. Ўша тарих келгуси авлодлар учун ҳам сабоқ бўлмоғи лозим. Бундан совет даври тарихи ҳам мустасно эмас. Ҳалқимизнинг совет даври тарихидан ҳам воз кеча олмаймиз. Уни таниб бўлмас даражада сохталаштиришга, унга нисбатан афсонавий ноўрин айблар қўйилишига ҳам томошобин эмасмиз. Бунга маънавиятимиз йўл қўймайди. Аксинча ҳар қадамда ўтмишимизга қайтиб, ундан сабоқ олиб, яхшисини қўллаб, ёмонини танқид этиб иш кўриш маънавий бурчимиздир.
Юртбошимиз ҳам мустақилликка эришмасдан олдинроқ, 1990 йил июнидаёқ республика партия съездида қилган маърузаси номини “Ўтмишдан сабоқ чиқариб, келажакка ишонч билан” деб атади. Унда ўтмишнинг асосий сабоқлари сифатида тўҳталиб шундай деган: “Асоссиз равишда қилинган оммавий қатағонларни, коллективлаштириш ва саноатлаштириш даврида турмушнинг асосий негизлари шавфатсизлик билан барбод қилингани, халқларнинг маънавий қадрият ва анъаналари қалбакилаштирилгани, айрим кишилар пулга сотилиб, айниб кетганлиги, ижтимоий- иқтисодий инқирозга учраган одамлар халқнинг энг зарур эҳтиёжлари ва ҳаётий талабларини писанд қилмай қўйганликларини кўрсатувчи тобора янги-янги даҳшатли мисоллар ҳозир маълум бўлиб қолмоқда”1.
Бу маърузада Ўзбекистоннинг совет давридаги тврихини тўғри ва ҳаққоний ёритиш учун хизмат қиладиган муҳум методологик, концептуал ғояни илгари сурди: “Биз босмачилик ҳаракати ҳақида бўлсин, коллективлаштириш, репрессиялар, турғунлик даврига оид ҳақида бўлсин- “оқ доғ”ларнинг бутунлай тугатилиши тарафдоримиз. ... Ўтмишимизни бошдан-оёқ қоралаш ота-боболаримиз хотираси олидида, фарзандларимиз ва набираларимиз олидида, кечирилмас хато бўлур эди”1.
Бу ўринда Ислом Каримовнинг 2012 йил 9 майда Тошкентда хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган маросимда оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига берган жавобларида айтилган мана бу фикрларини эслаш жоиздир: “Эй одамзод, кўзингни оч, сабоқ чиқар” деб ҳитоб қилди. Ҳаммамизга яхши маълумки, собиқ совет мафкураси йиллар давомида бизнинг онгимизга тарихнинг яратувчиси доҳийлардир, инсон, халқ эса катта давлат машинасининг кичик бир бўлаги, винтчаси деган нотўғри ғояни сингдириб келган эди. Большевиклар халқимизга нисбатан тазйиқ ва таъқибларни авж олдирган 20-30 йилларда бизнинг ижодкор зиёлиларимиз, хусусан буюк шоиримиз Чўлпон ўзини тўлқинлар гирдобига тушуб қолган сомон парчасига ўхшатгани, халқимизнинг ана шундай мафкурага қарши қалб исёнини ифодаси бўлган эди2.
Коллективлаштириш жараёнида кўплаб чегарадан чиқиб кетиш, хаддан ошишлар, зўравонликлар бўлганини эътироф этишимиз лозим. Аммо коллективлаштириш ўтказилмаганда индустрлаштириш бўлмаслигини, индустрлаштириш амалга оширилмаса, 1937-1938 йиллардаги муҳолифат куч бўлган “бешинчи колонна”га зарба берилмаганда, тор-мор келтирилмаганда фашизм устидан ғалаба қилиш бўлмас эди. Бу тарихий ғалабасиз эса Совет Иттифоқини ва унинг бир қисми Ўзбекистон ва унинг ҳозирги тараққиёти бўлмасди.
Қуръон Каримнинг Моида сураси 32-оятида: «Ким бир инсонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, ҳудди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади»4 дейилган.
Бу ердаги «ноҳақдан» деган ҳукмга одам ўлдириб, қасос учун ўлим жазосига тортилган кимса кирмайди.
«Ер юзида фасод қилиш» тушунчаси эса, босқинчилик каби ишларни ўз ичига олади.
«Тирилтирса» дегани ўлимдан сақлаб қолса, деган маънони билдиради.5
Жаҳон тарихи одамзод ўзи яшаб турган маконида кўп миқдорда ёвузлик, жиноий харакатлар ижод этганига шоҳиддир. Француз олими Лайнус Полинга ўзининг «Ҳеч қандай уруш бўлмасин» номли асарида ер юзида кейинги 5,5 минг йил давомида 14 500 катта ва кичик урушлар бўлиб, уларда 4 миллиардга яқин одам ҳалок бўлган, бу бундан бир неча ўн йил олдин ер куррасида яшаётган одамлар миқдорига тенгдир, деб ёзган эди.
Ҳарбий ҳаракатлар юз бериши ва юз бермаслигидан қатъий назар турли мамлакатларнинг у ёки бу худудида қотилликлар, портлашлар, ёнғинлар, заҳарланишлар, одамларни ўғирлаш ва бошқа харакатлар юз берган ва ҳозирда ҳам содир бўлмоқда.
Октябрь тўнтариши оқибатида Туркистонда зўрлик билан ўрнатилган мустамлакачи Советлар тузуми биринчи кундан бошлаб халқларимиз бошига сон-саноқсиз қирғинлар, даҳшатли ва аламли кулфатлар олиб келди. Бу даҳшатли режимни ўлкамиз халқлари қабул қилмадилар. Улар истиқлол учун, эрк ва миллий озодлик учун 16 йил мобайнида қуролли кураш олиб бордилар. Бу кураш давомида айрим хориждаги муаррихлар ҳисобича, 1 миллион 900 минг ватандошимиз Туркистонда бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетди ва 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибирга, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказга, Уралга, Қозоғистонга, Узоқ Шарққа, Кавказга, Волгабўйи районларига бадарға қилинди. Большевиклар бу каби хунрезликларини дунё халқлари қораламоқда, унинг шаънига ланатлар айтмоқда.
Тошкентда содир бўлган 1998 йилги мудҳиш воқеа муносабати билан сўзлаган нутқида юртбошимиз бизнинг халқ оғир тарихни кўрган халқ эканига алоҳида урғу бергани ҳам бежиз эмас.
И.А..Каримовнинг чиқишларида бизнинг ўтмишимиз хох фожеали, оғир ачинарли, ҳасратли бўлсин, хох қаҳрамонона, шонли бўлсин, у бизнинг тарихимиздир, бизнинг ўтмишимиздир, шу боис уни кўз қорачиғидай асрашимиз кераклиги такрор-такрор уқтирилмоқда. Тарихимиз бугунимиз, ўтмишимиз ва келажагимизни боғлаб турувчи муҳим ҳалқа, кўприкдир. Шу боис Ватан тарихи миллий истиқлол мафкураси, миллий ғоянинг тамал тоши ҳамдир. Маънавият ва тарихий хотира тушунчаларининг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиб, И.А.Каримов миллатни асрамоқ учун унинг чинакам, ҳақиқий тарихини яратиш, ўрганиш ва авайлаб асраш лозим деб кўрсатди.
Етакчи тарихчилар билан бўлган учрашувда И.Каримов Совет даври тарихини таърифлаб, мен советлар даврида ёзилган тарихни тарих деб ҳисобламайман, деб айтгани тарихчилар учун ибрат бўлди.
Номаълум солдат майдонини Хотира майдони деб аташ хусусида тўҳталиб, Ислом Каримов бу майдон халқимизни Тарихий хотира воситасида бирлаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Ўша мустабид совет тузуми, «қаттол замон» тақозоси билан халқимиз ўз даврида бири «қизил аскар», бири «босмачи», бири «қулоқ», бири «комиссар», яна бири «муштумзўр», яна бири «йўқсил» деб гуруҳларга ажратиб ташланганини қайд этиб, йўлбошчимиз совет ҳукумати «бўлиб ташла, ҳукмронлик қилиш» учун энг маккор усулларни ишга солганини, бир миллат вакилларини бир-бирига қарши қайраб, адоват ва низо уруғини сочганини ҳам кўрсатиб берди. «Лекин,- деб таъкидлайди у,- аслида уларнинг барчаси битта халқ фарзандлари, бир миллат вакиллари эди. Энди орадан шунча йиллар ўтиб кетгач, биз учун на босмачи, на қизил аскар бор.
Шу боис ота-боболаримизга ана шундай ранглар билан ажратиб баҳо бермаслигимиз, балки уларнинг ҳаётини, улар яшаган давр моҳиятини тўғри тушунишга ҳаракат қилишимиз лозим»1.
Тарихимизнинг аянчли, ҳасратли, фожеали саҳифаларини чуқур ва атрофлича ўрганилишида ҳам бор ҳақиқатни, аччиқҳақиқатни акс эттириш кераклиги таъкидланди. Тарихимизнинг ана шундай армонли саҳифаларидан, кемтик томонларидан бири Советларнинг Ўзбекистонда олиб борган қатағон сиёсати ва унинг фожеали оқибатларидир. Мудҳиш Октябр тўнтаришидан бошлаб то СССР парчаланиб кетгунга қадар сиёсий қатағон совет жамиятининг ажралмас таркибий қисми, йўлдоши бўлиб келди. Бироқ бу фожеа ватанимиз тарихида, айниқса 30-40-йиллардаги тарихимизда мутлақо ёритилмаган эди, бу давр бамисоли устига кафан ташланган, кафанга ўралгандек ҳолатда, ўрганиш учун ёпиқ мавзу бўлиб қолганди. Юртбошимиз ҳали мустақилликка эришмасдан аввалроқЎзбекистондаги сиёсий қатағон ва унинг қандай кечгани, фожеали оқибатини очиб бериш, бегуноҳқатағон қурбонларини оқлаш чораларини кўриш ташаббуси билан чиқди. Бу ўринда унинг мана бу фикрлари диққатга лойиқдир: «...1937-1939 йилларда ички ишлар халқ комиссарлиги идоралари инқилобий қонунчиликни жуда қўпол тарзда буздилар ва оёқ ости қилдилар. Бундай бедодлик кейинги йилларда ҳам, то 50-йилларга қадар давом этди. Сира айби бўлмаган, ҳалол одамлар кўплаб қамоққа олинди ва қириб ташланди.
Сталин шаҳсига сиғиниш йиллари Ўзбекистон халқлари бошига оғир кулфатлар солди. 1937-1939 йилларнинг ўзидагина Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссарлигининг «учлик»лари томонидан 41 минг нафардан кўпроқ киши қамалди. Шулардан 37 минг нафардан кўпроғи судланди, 6 минг 920 киши отиб ташланди...
Do'stlaringiz bilan baham: |