3.2. Оронимларнинг луғавий-маъновий таснифи
Маълумки, ҳар қандай илмий тадқиқот ўрганилаётган материални ўзига хос усулда маълум бир системага солишни талаб этади. Бу ҳодиса уни қандайдир категорияларга, гуруҳларга, даражаларга, турларга ва илмий тил билан айтганда таснифлашга олиб келади. Жумладан, тадқиқ объекти сифатида, топонимларни лисоний жиҳатдан тадқиқ этишда таснифлаш масаласи муҳим аҳамият касб этади.
Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, тил бирликлари ва ҳодисаларининг лексик-семантик, этимологик, грамматик, услубий ҳамда бошқа лисоний белги-хусусиятларига кўра маълум бир тур ҳамда гуруҳларга ажратиш лисоний тасниф дейилади.
Таснифлаш масаласи кўпинча баҳсли ва қарама-қарши фикрларга эга. Бу топонимлар таснифига ҳам тегишли. Ҳар томонлама мукаммал, барча жаҳатларни қамраб олувчи, турли талабларга жавоб бера оладиган таснифлаш схемаларини яратиш ўзига хос қийинчиликларга эга. Топонимияда таснифлаш методи ўзига хос шаклланиш тарихига эга. Таснифлашнинг ибтидоий усули сифатида уларни, дастлаб, nomina personalia (шахсни билдирувчи номлар) ва nomina impersonalia (шахсни билдирмайдиган номлар) каби икки турга ажратиб тадқиқ этиш бошлангандан сўнг, ўтган давр мобайнида, унинг бир қанча таснифлаш усуллари ишлаб чиқилган ва амалда қўллаб кўрилган.
Тадқиқотларнинг кўрсатишича, топонимларни объектнинг турлари бўйича таснифлаш энг оддий ва аниқ усул ҳисобланади. Таснифлашнинг бу усулига кўра, улар қуйидаги гуруҳларга тасниф қилинади: 1. Оронимлар, яъни рельеф элементлари ва шакллари номлари. Буларга тоғ, қир, чўққи, турли баландликлар,тепаликлар, текстлик, чуқурликлар, тоғлардаги ўтиш жойлари, водий кабиларнинг номларини киритиш мумкин. 2. Гидронимлар - ер юзидаги барча сувлиқларнинг номлари. Буларга дарё, сой, жилға, булоқ, чашма, кўл, денгиз, океан, сув омборлари, канал, анҳор, ариқ номларини киритиш мумкин. 3. Ўсимликлар дунёси номлари (фитонимлар): ўрмон, дарахтзор, парк, боғ, ўтлоқ, чўл, экинзор, пичанзорлар номлари. 4. Аҳоли масканлари номлари (ойконимлар): шаҳар, қишлоқ, посёлка, овул, қўрғон, турли станциялар (тўхташ жойлари) номлари. 5. Кўча, майдон, ҳиёбон, гузар, кўприклар, маҳалла номлари (эргонимлар).
Топонимларни бундай гуруҳларга таснифлаш ҳам унчалик мукаммал бўлмай, ўзига хос нисбийлик нуқтаи назаридан ёндашишни талаб этади. Чунки, шундай объектлар борки, уларни қатъи тарзда маълум бир гуруҳга киритиб бўлмайди. Жумладан, ботқоқлик, шўрлик, сойларнинг қуриб қолган ўзанлари, жарликлар, дара номларини қайси гуруҳга таснифлаш тўғри бўлади? Масалан, ботқоқлик бир хусусияти билан сувлиқларга кирса, бошқа хусусияти билан ўсимликлар дунёсига дахлдор бўлади. Шунингдек, сойларнинг қуруқ ўзани ва сувлар ҳосил қилган жарликлар, даралар рельеф элементлари ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, топонимларни бу тарзда таснифлаш бошқа томондан ҳам чалкашликка олиб келади. Бу ҳодисани бир турдаги объект номининг бошқа турдаги объект номига ўтишида кузатиш мумкин. Масалан, ойконимларнинг гидронимларга ўтиши ёки аксинча, оронимларнинг гидронимларга ўтиши ёки аксинча.
Кузатишлардан шу нарса маълум бўладики, ҳар қандай таснифлаш усули ўрганилаётган объектнинг барча хусусиятларини қамраб ололмайди. Таснифлашнинг қандай бўлиши ва унинг қандай самара бериши, биринчи навбатда, ўтказилаётган тадқиқотнинг мақсадига боғлиқ.
В. А. Никоновнинг Қирғизистон оронимлари устида олиб борган кузатишларида оронимлар (яъни, бошқа объектга ўтган метонимик номларнинг умумий миқдори ҳисобидан) икки семантик типдан ташкил топган хусусиятлар: номловчи учун энг аҳамиятли бўлган объектнинг ўзига хос белгилари асосида номланиши ва ном-бағишловлар асосида номланиши характерли деган хулосага келади1.
Оронимларнинг энг кўп қисми объектнинг табиий-географик белгилари асосида номланишидан келиб чиққан. Маълумки, ҳар қандай объектнинг белгилари сон-саноқсиз бўлиши мумкин, айниқса, бу хусусият оронимияда яққол намоён бўлади. Ном учун белги танлаш ҳамиша жамият даражасининг тарихий, иқтисодий, ғоявий жиҳатдан ўзгарувчанлиги билан харктерланади. Бир жойнинг ўзи қачонлардир Туя янтоғи, кейинчалик Муқаддас мозор, ҳозир эса Нефть водийси деб номланганлигининг ўзи ҳам бу характерни изоҳлаб турибди. Жамиятда ерга феодал-мулкчилик муносабатлари қарор топа бошлаган даврлардан бошлаб, оронимияда мансублик асосида номланиши деган яна бир бўлим пайдо бўлди.
Кўпгина оронимларнинг келиб чиқишида номланиш тамойилининг икки жиҳати шарт қилиб қўйилган: 1. Тоғли ва тоғолди ҳудудларда яшовчи аҳоли
қадим-қадимдан чорвачилик хўжалиги билан шуғулланиб келади. Шунинг учун улар ўзларининг меҳнат фаолиятлари ва шу асосда келиб чиқадиган турмуш тарзларига боғлиқ равишда орографик объектларнинг турли белги-хусусиятларини яхши ўзлаштирганлар ҳамда уларга тегишли атамалар жорий қилганлар. Бу хусусиятларнинг барчаси вақти ва ўрни билан оронимларнинг яратилишига таъсир кўрсатган. 2. Тоғли ҳудудларда яшайдиган аҳолининг ўзига хос кузатувчанлик хусусиятларининг юқори даражадалиги ҳам оронимларнинг юзага келишида катта аҳамият касб этган. Бу фикрнинг тасдиғини Ўрта Осиё халқларининг энг қадимги ёзма манбаси бўлган “Авесто” да келтирилган: “ Барча тоғларким, одамлар кўриб ёхуд чиқиб сўнгра ном қўймишлар”, деган жумлаларда ҳам кўриш мумкин1 .
Жанубий Ўзбекистон ҳудудига тегишли оронимларнинг номланиш асоси ва луғавий-маъновий хусусиятларига кўра қуйидаги икки катта гуруҳга ажратиб таҳлил этиш мақсадга мувофиқ бўлади:
I. Орографик объектларнинг табиий-географик белги ва хусусиятлари асосида номланиши.
II. Орографик объектларнинг тарихий-ижтимоий, иқтисодий-сиёсий ва бошқа омиллар асосида номланиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |