3. Навоийнинг ёш даврлари ҳақидаги қарашлари.
Дўст васлин топмаған дунёву уқбодин кечиб,
Ушбу дардингға Навоий ҳолин истишҳод бил.
Бу ғазал «ёшлик даври шеърияти» деб номланган девондан ўрин олган бўлса-да, аслида шоирнинг ўрта ёшлик даври ижоди маҳсулидир. Чунки, Навоий ғазалларида маърифий мавзу шоир ҳаётининг турли даврларида ўша давр мазмуни билан ҳамоҳанг равишда намоён бўлади. Чунончи, ёшлик даврида анъанага эргашиш («Илк девон» мисолида), йигитлик даврида ҳаётсевар фалсафий моҳият касб этади («Бадоеъ ул-бидоя» мисолида). Ўрта ёшликда шоир суфиянинг назарий масалаларига мурожаат этиб, таълимий-дидактик асарларга майл кўрсатади. Бу ҳодисани унинг таржеъбанд, таркиббанд, соқийнома ва қитъа жанрларида яратган асарлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Қарилик лирикасида эса ғазалларда мавзу-ғоя ифодаси, тасвирланмиш ва тасвирий имкониятлар турлича бўлса-да, пировард натижада якуний фикр, хулоса бир маънода, яъни ўзликдан кечиб, фанога юз тутиш мақсади ифодаси билан интиҳо топади.
Навоийнинг ҳаёт фасллари маъносидаги байтларида «йигитлик» ва «қарилик» иборалари кўпроқ учрайди. Ёшлик ва ўрта ёшлик даврларига ишора этувчи фикрлар ёки иборалар қарийб учрамайди. Шоир «Хазойин ул-маоний» девонларини инсон ҳаётининг ва йилнинг тўрт фаслига ўхшатиб номлаган бўлса-да, лирикасини асосан икки фасл – йигитлик ва қариликка ажратади.
Шоирнинг кексалик даврига мансуб, деб хулоса қилинган орифона ғазалларда аввалги девонларнинг шу мазмундаги ғазалларида кўринмаган хусусият – тасвир объекти бўлмиш Тангри таолога муножот, илтижо оҳангларининг устуворлиги кўзга ташланади.
Бадиий ифоданинг васф, таъриф, тавсиф усулида ижод этилган ҳамдлар туркуми шоир кексалик лирикасида шарҳи ҳол, мушоҳада типидаги тасвирий усуллар воситасида мазмунан кенгайиб боради. Мамдуҳга бевосита мурожаат, ўтинч, илтижоли фикрлар баён этилади. Қуйидаги ғазал Навоийнинг йигитликда кўтаринки руҳ, юксак стилда ижод этилган васф типидаги, ўрта ёшликда биз кўриб ўтган ғазал мисолида таълимий-ирфоний руҳдаги ғазалларидан фарқли равишда лирик қаҳрамон – шоирнинг ички кечинмалари, тушкун кайфияти, шу билан бирга ғоявий мақсадининг пессимистик руҳдаги ифодаси билан ажралиб туради. Ғазал муножотнинг тадрижий ифодасига асосланган:
Ёраб, ўлғон чоғда жоним жисми вайрондин жудо
Ул бўлиб мундин жудо, сен бўлмағил андин жудо.
Чун жудо бўлсам мени ғамнок йўқу боридин
Не ғамим сен бўлмасанг мен зори ҳайрондин жудо.
Нақди жон чиққанда иймон гавҳарин кўнглумға сол
Айлагил жондин жудо, лек этма иймондин жудо.
Хонумондин ойириб қилғонда зиндон ичра ҳибс
Қилма лутфунг мен алохону аломондин жудо.
Хашр ғавғоси аро осийлиғимға раҳм қил,
Лутф ила илгим тутуб, қил аҳли исёндин жудо.
Гарчи ўлдум кофири ишқ аҳли ислом ичра қот,
Ул замонким бўлғуси кофир мусулмондин жудо.
Елга махлас истасанг етти тамуғни айла кул,
Айлабон бир шўла бу оҳи дурахшондин жудо.
Жаннат истаб айлаганларни ибодат, қилмағил
Кавсару тўбию қасру ҳуру ризвондин жудо.
Борчадин айру Навоийға қилиб васлинг насиб,
Қилмағил, ё раб, ани мундин, муни андин жудо.
Аввалги ғазалда Навоий каломчи олим ва тасаввуф пири бўлиб, илм ёювчи сифатида намоён бўлган бўлса, бу ғазалда биз уни оддий мўмин қиёфасида тасаввур этамиз.
Алишер Навоийнинг ҳар бир ғазали чуқур маънолар хазинасидир. Биз бу хазинанинг бир кичик нуктасига эътибор қаратдик. Аммо, шуни ҳам тўлиқ тушундик, дея олмаймиз. Бу ҳақда унинг ўзи ҳам таъкидлаб, «менинг нукталарим жуда нозикдир, улардаги рамзий маънолардан бир заррасини изҳор этиш учун мени тушунадиган бир киши бўлса эди, кошки», - дея умид қилади:
Нукта нозук бўлди асру бўлғай эрди, кошки
Шаммае бу рамздин зоҳир этарға маҳраме…
Do'stlaringiz bilan baham: |