Комиллик
Носоғлом турмуш Мазохизм
тарзи
Жиноят, гуноҳкорлик
Кимки бир шиддат аро сабру таҳаммул айлади,
Бахт анинг нешини нўшу хорини гул айлади.
(Алишер Навоий)
Энди олти аср бундан бурун ўз асарларида сабрни энг гўзал хулқ сифатида таърифлаган ҳазрат Алишер Навоийнинг асл муддаосини тушуна бошлаймиз ва сабр инсониятни ҳалокатдан сақловчи руҳий куч, буюк тушунча эканлигини англай бошлаймиз. Шарқ мутафаккирлари меросида, хусусан, Навоий ижодида ушбу муаммо шу даражада кенг ва теран, англаб борган сари ҳайратланарли ёритилганки, мулоҳазага ўрин йўқ.
Сабр шахсдан кучли руҳий қувватни, ақлни талаб қилади. Сабр қилишга ёрдам берувчи руҳий омил ҳаётга маъно киритувчи меҳнат ва ижодкорликдир. Ҳар бир инсон ўз ижодий қобилиятларига эга. Ижодий меҳнат инсонни руҳан енгил қилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳар қандай руҳий даволашдан мақсад, асабийликни беморнинг ижодий кучини уйғотиш йўли билан даволашдир. Ижодий қобилиятларни тарбиялаш – руҳий даволашнинг хулқ-атворни ишлаб чиқиш, шакллантириш муолажасига тенглаштирилади. Бу асабий инсонлар, яъни руҳан эзилган одамларнинг улар учун қийин бўлган вазиятларни енгишларига ёрдам беради. Ҳаётий вазифаларни ечиш усулларини ишлаб чиқиш машғулотлари инсон руҳий барқарорлигини оширади. Бунда муҳими, хулқ-атворни соғломлаштирувчи ақл эгилувчанлигидир. Демак, «ижодий қобилиятли шахс» ва «руҳан соғлом одам» тушунчалари бир-бирига жуда яқин.
2. Баркамол шахсни шакллантиришнинг психологик асослари. Психоанализ таълимотига мувофиқ шахсни намоён қилувчи уч асосий соҳа – ижод, меҳнат ва мулоқотдир.
Зигмунд Фрейд ижодни болаликдаги ўйин давоми, ўйин ўрнини босувчи ижодкорнинг яратган жиддий олами деб қарайди. Унинг фикрича, бахтли одам эмас, ҳаётдан қониқмаган одам асар ярата олади. Чунки ёзувчи ёки шоир қалбида образ тараққий этиши учун ечилмаган ички зиддиятлар таъсирида уни кучли ҳиссиётлар ўраб олиши лозим. Ижодкор бу ҳислардан озод бўлмаса, яъни ижод қилмаса онгсизликдаги энергия асабийликни ҳосил қилишга сарфланади.
Ижодкор (шоир, ёзувчи) ўз ички зиддиятларини яратган образлари ёрдамида, қарама-қарши шахсий хусусиятларини қайтабошдан кечириш ва англаш йўли билан енгиши мумкин. Қаҳрамон характери қанча чуқур таҳлил қилинса, ижодкор зиддиятлардан қутулиши ва ҳаётга соғлом муносабатда бўлиш имкони шунчалик ошади.
Ҳасад ҳисси салбий ҳиссиётларга олиб келувчи, руҳий даволашга салбий таъсир этувчи, шунингдек, ижодий жараённи бўғувчи ҳолат ҳисобланади. Руҳий таҳлилда ҳасад ҳис этаётган мижоз шифокорни чалғитади ва кучсизгина таҳлилга эришади, холос. Чунки, самарали таъсир бераётган ва ҳаётий куч-қудратга тўла шифокор билан мулоқотда унинг ҳасади янада ортади. Бундай мижозлар даволаш жараёнидаги ҳар қандай ҳаракатдан қўрқишади. Бу уларнинг назоратдан чиққан ҳасад ҳисларини янада кучайтиради. Ҳасадгўй одам доимий асабийликда юради. Зеро, ундан устунликка эришаётган ҳар қандай одам унда асабий зўриқиш ҳолатини ҳосил қилаверади. Ўзининг қадр-қимматга эга эмаслиги ҳақидаги оғриқли фикр муваффақиятли инсонни эзиб-янчиш истагини уйғотади. Таниқли америкалик психоаналитик К. Хорни, инсон шахсига эътиборсизлик невротик ҳолатни келтириб чиқаради. Невроз ҳолатидаги одамларда яратувчиликдан кўра, барбод этувчилик жиҳати кучли: улар учун муваффақиятга эришиш эмас, бошқаларнинг мағлубиятини кўриш муҳимроқ, - деб айтади.
Ҳаётдан энг кучли қониқиш ҳисси бола ўз онасини эмганида юз беради, деб ҳисоблайди америкалик психолог Мелани Кляйн. Унинг фикрича, бола онгсиз ҳолда қониқиш ва розилик ҳиссини туяди. Бу – дунёни дўстона назарда қабул қилишга сабаб бўлади. Хулоса қилиш мумкинки, инсон ҳаётининг дастлабки йилларидаги қониқмаслик ва норозилик ҳисси – ўзига ишонсиз, ижтимоий салбий қарашларга эга одамнинг шаклланишига сабаб бўлади. У фақат тор шахсий мақсадлари йўлида қотиб қолган тафаккур билан фаолият юритади. Бу тараққиёт босқичини муваффақиятли ўтган одам эса ҳаётга мутаносиб ва соғлом муносабатда бўла олади.
Шахснинг барча мавжудотлардан фарқлилиги ва устунлигининг бир белгиси унинг яратувчилик қобилиятидир. Темир интизомга ва фикрини назорат қилиб туришга мойил инсонлар ижод қила олмайдилар. Ғоя – эркинликни ҳар қандай онгли фаолиятнинг биринчи шарти деб қабул қилувчи, ички ижодий тузилишга эга одамларни яхши кўради. Шахс айнан ўз қўрқувидан, ҳасадидан ва бошқа салбий хислатларидан виждонини озод қилиши керак.
Ижодкор илҳоми катарсисгаi моҳиятан жуда яқин. Катарсис – юнон тилида тозаланиш (халос бўлиш) демакдир. Катарсис – психологик ҳимоянинг бир тури бўлиб, у кўнгилни зада қилувчи омил таъсирини кучсизлантириш мақсадида қадриятлар тизимини ўзгартиради. Бунинг учун ташқи, умум қабул қилинган қадриятлар тизими қўлланилади ва шу нуқтаи назардан кўнгилни жароҳатловчи вазият ўз аҳамиятини йўқотади. Катарсис фақат одатий қадриятлар ва мотивлар нисбатини ўзгартирувчи кучли ҳиссий босим, қизғин эҳтирослар натижасида вужудга келади. Масалан, кучли қўрқувни бошдан кечириш ахлоқий янгиланишга, виждон уйғонишига, диний эътиқод пайдо бўлишига, руҳан янгиланишга олиб келади. Катарсиснинг асосий ҳолати кучли ҳиссий тўлқин (портлаш) ҳисобланади.
Шахс катарсис ҳолатида ўз «Мен»ини мутаносиблаштиради, уни янгилайди. Катарсисда ижодкор ички зиддиятлардан тозаланади, шахсий фикрлари устидан ғалаба қилади.
Катарсиснинг икки тури бўлиб, ҳаракат катарсисини муаллиф ҳис этади; интеграсия катарсисини эса ўқувчи ёки томошабин ҳис этади. Бунда асар қаҳрамонига ҳиссий муносабат ҳамдардликни кучайтириб, ўқувчи ёки томошабиннинг шахсий тажрибасини беихтиёр фаоллаштиради. У асар қаҳрамонини ўзига хос идрок қилади, асар қаҳрамонига раҳми келиб, бир вақтнинг ўзида ўзининг муҳим, оғриқли ёки безовта қилувчи кечинмаларини бошдан кечиради. Асар қаҳрамонини тушуниб, унга ҳамдард бўлиб, ўқувчи баъзан шундай қўрқув, даҳшат, алам ҳис этадики, бу ҳиссиётлар қайнашидан катарсис ҳосил бўлади – руҳий зиддият ечилади, енгилади ва ўқувчи (томошабин)нинг руҳий ҳолати яхшиланади.
Руҳий даво (психотерапия)га содда ва қўпол одамлар эҳтиёж сезмайдилар. Чунки уларда кўпгина ҳиссиётлар, жумладан, ғам ва афсус, ҳаётдан маъно қидириш ва уни тушунишларига эҳтиёж ҳислари йўқ. Ижоднинг даволовчи таъсири мижознинг қуйидаги психологик хусусиятларига боғлиқ: ўз-ўзини кузатишга қобилият, ўз ўтмишини тушуниш истаги, энг ёқимсиз ва оғриқли кечинмаларга мурожаат этишга қодирлик, кузатувчанлик, юмор ҳисси, бахтлироқ ва омадлироқ бўлишга интилиш.
Ҳаёт оқимининг тезлашиши ва бошқа бир қанча омиллар таъсирида замонавий инсоннинг асабийлик ва стресс ҳолатларида юриши табиий ҳол бўлиб бормоқда. Асабийлик ва стресс ҳолатлари бир-бирига яқин, аммо, бошқа-бошқа тушунчалар бўлиб, уларни бартараф этиш учун руҳшунос ва психотерапевтларга мурожаат қилувчи мижозлар сони ошиб бормоқда. Бу муаммони ечишда психокоррексия – инсоннинг руҳий ҳолати ва хулқ-атворини бошқаришни ўргатиш, унинг ўз-ўзини англаши ва ўз-ўзини тушуниши, хулқ-атвор ва қадриятларини ўзгартириши, хулқ-атворнинг мос шаклларини топа олиши биринчи вазифадир. Иккинчи вазифа – онгсизликдаги энергияни сублимасиялаш, яъни ижодий фаолиятга йўналтиришдир.
Ҳар бир ёш даври ўз хусусиятига эга. Ўсмир ёки ўспиринга сабр ҳақида гапирсак, баъзан унинг энсаси қотади. Етуклик ёшидаги тўғри шаклланган инсон эса сабрнинг кучи ва моҳиятини англаб бошлайди. Шахсда болаликдан тўғри сабрни шакллантириш, бу масалада янгиликларни ишлаб чиқиш ва, албатта, мавжуд илмий-маданий меросимизга таяниб ишлаш педагоглар, психологлар, умуман, интеграциялашган таълим жараёнининг ичида бўлган ҳар бир мутахассис учун асосий вазифадир.
Биргина «сабр» (ирода) психологик категориясининг Навоий ижодидаги талқини ва унинг комилликка омил бўлишини кўриб чиқдик. Алишер Навоий ижодида шахсни комилликка олиб борувчи ақл, билим, меҳнат, ҳалоллик, кўнгил поклиги, ватанпарварлик, эътиқод каби тушунчаларга муносабатини фанимиз нуқтаи назаридан ўрганиш келгусидаги катта тадқиқотлар учун янги мавзу бўла олади, деб ўйлаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |