2.11 Скважиналарни бурғилаш ва портлатишда ёрдамчи ишларни механизациялаш
Скважиналарни бурғилаш ва портлатишда бажариладиган ёрдамчи ишларни бурғилаш станокларини ҳаракатланиши (юриши) учун поғона майдонини текислаш, иш жойларига бурғилаш инструменти ва керакли материалларни етказиб бериш, бурғилаш ускунасини бир поғонадан иккинчи поғонага ўтказиш, портловчи модда (ПМ) омборида юклаш ва юкларни тушириш ишлари; оддий портловчи моддани тайёрлаш учун унга керак бўладиган компонентларни тайёрлаш, ПМ ни зарядлаш жойига транспорт қилиш, скважинани зарядлаш ва тиқинлаш каби ишлар ташкил қилади.
Поғона майдонини текислаш ишларида бульдозерлардан фойдаланилади.
Бурғилаш инструменти, эҳтиёт қисмлар ва материаллар ни иш жойларига етказиб бериш юклаш -тушириш воситалари билан таъминланган махсус автомашина ёки темир йўл платформалари ёрдамида амалга оширилади.
Портловчи модда омборларида амалга ошириладиган юклаш ва тушириш ишлари (портловчи модда солинган коплар ва яшикларни вагонлардан тушириш, уларни стеллаж ва штабелларгача ташиш ҳамда жойлаштариш, стеллаж ва штабеллардан олиб махсус транспорт воситаларига юклаш, портловчи модда тайёрланадиган жойга ташиб келтириш ва тайёрланган ПМ ни портлатиш жойига етказиб бериш) электрокара деб аталувчи кичик габаритли ўзиюрар телешкалар ҳамда юклагичлар ёрдамида бажарилади. Оддий ПМ ларни тайёрлаш учун бажариладиган ёрдамчи ишлар аммиак силитрасини (АС) қоплардан бўшатиш, уни янчиш, ПМ таркибига қўшиладиган бошқа компонентларни ПМ тайёрланадиган жойга ташиб келтириш жараёнларни ўз ичига олади. АС ни янчиш махсус, юзалари зарба берилганда ёки ишқаланганда учқун чиқармайдиган материал билан қопланган майдалагич машиналари ёрдамида бажарилади. Жипслашиб қолган АСни янчиш учун ўғитларни янчувчилардан фойдаланилади (масалан, ИСУ - 4 янчиш машинаси). Бу машиналарнинг юритгичлари портлашдан мухофазаланган вариантда тайёрланган бўлиши керак.
Карьерларда суткали сарфи 20 т дан кўп бўлган оддий ПМ тайёрлашда АС ни сақлаш жойи, аралаштириш қурилмаси ва траспорт - зарядлаш машинаси комплексидан фойдаланилади. Кичик ҳажмдаги оддий ПМ ни тайёрлаш бевосита портлатиш ишлари бажариладиган жойда аралаштириш-зарядлаш машиналари ёрдамида амалга оширилади. Скважиналарни зарядлаш учун турли конструкцияга эга бўлган зарядлаш машиналардан фойдаланилади. ПМ ни тайёрлаш жойидан зарядлаш жойига элтиб бериш учун бир бункерли (донадор ПМ учун) ва икки бункерли (тротил ва аммиак силитралари учун) зарядлаш машиналардан фойдаланилади. Бункердаги ПМ ни скважинага тушириб жойлаштириш сиқиқ ҳаво, шнек ёки оғирлик кучи таъсирида амалга оширилади. Скважинадаги ПМ зарядининг массаси дозатор ёрдамида бошқарилади. Карьерларда махсус автомашина шассийига ўрнатилган, умумий юк сиғими 7 м3 бўлган икки бункерли СУЗН- 5А ва СУЗН -5 АМ русумли унверсал зарядлаш машиналари кенг қўлланади.
Игданит ПМ сини тайёрлаш ва скважинани у билан зарядлаш учун МЗ-3, МЗ-4 ва бошқа аралаштириш – зарядлаш машиналари ҳам қўлланади.Скважиналарни тиқинлаш учун СУЗН-1, СУЗН-1В, СУЗН-1Б ва бошқа тиқинловчи машиналардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |