2.8 Скважинларнинг жойлашиш ва портлатиш тартиби
Поғоналарда скважиналар бир ва кўп қаторда жойлаштирилиши мумкин.Бир қаторда жойлашган скважинлар орасидаги масофа а, қаторлар орасидаги масофа в ва поғона ости бўйича қаршилик чизиғи W скважинлар жойлашишининг асосий параметрлари ҳисобланади (2.5-расм). Портлатиш натижаларига W миқдори катта таъсир кўрсатади.Агар W миқдори керагидан ортиқча бўлса, поғона остки майдонини текислаш ишлари қийинлашади, кам бўлганда эса, – портлаш энергиясининг катта қисми жинсларни майдалашга эмас, итқитишга сарфланади.Амалиётда W миқдори поғона баландлигига нисбатан [W= (0,6-1)∙hy] аниқланади. Поғона ости бўйича қаршилик чизиғининг бурғилаш ишларининг хавфсизлигини таъминловчи минимал миқдори қуйидаги ифода орқали аниқланади.
Wmin ≥hy∙ctg α+ lд , м
бунда lд-скважина ўқидан то поғона устки қиррасигача қўйилиши мумкин бўлган минимал масофа,м .
Осон портлайдиган жинслар учун W=(40÷45) ∙dc
ўртача портлайдиган жинслар учун W=(35÷40) ∙dc
қийин портлайдиган жинслар учун W=(25÷35) ∙dc эканлиги карьерлардаги бурғилаб портлатиш ишлари амалиёти бўйича аниқланган.
Портловчи моддани массив бўйича бир текис жойлаштиришни таъминлайдиган а ва b кўрсаткичларнинг қийматлари танлаб олинади. Бу қийматларни танлаб олишга жинсларнинг портловчанлиги, скважина диаметри, талаб этилган жинс бўлакдорлиги, поғона баландлиги ва портлатиш схемалари таъсир этади.
Скважиналар ва қатор ораларидаги масофаларни танлаш скважиналарнинг ўзаро яқинлашиш коэффициентини (m= a:w ) ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
Ушбу коэффициент миқдори осон портлайдиган жинслар учун m=1,1÷1,4; ўртача портлайдиган жинслар учун m=1÷1,1; қийин портлайдиган жинслар учун m=0,75÷1. Скважинлар шахмат шаклида жойлаштирилган бўлса b≈0.85∙a, квадрат шаклида жойлаштирилганда эса b≈а бўлади.
Скважина зарядларини портлатиш оний ва қисқа кечиктирилган бўлиши мумкин. Қисқа кечиктирилган портлатиш усули жинсларнинг массивдаги ажралиб чиқиш йўналишининг ўзгариши ва потрлаш энергиясидан тўлароқ фойдаланиш ҳисобига скважиналар орасидаги масофани қисқартиришга имкон яратади ҳамда портлашнинг сейсмик таъсирини камайтиради.
Бир қатор жойлаштирилган скважиналарни қисқа кечиктирилган усулда портлатишда зарядни қўзғатишнинг 3 та схемасидан фойдаланилади: навбатма - навбат портлатиш схемаси (2.6- расм, а), скважиналарни оралатиб портлатиш схемаси (2.6- расм, б) ва тўлқинли портлатиш схемаси (2.6- расм, в).
2.6 – расм. Бир қаторга жойлаштирилган скважина зарядларини қисқа кечиктирилган усулда портлатиш схемалари, (сонлар билан зарядларни портлашнинг кетма-кетлиги белгилаган): а, б, в – мос равишда скважиналарни навбатма-навбат, оралаб, тўлқинсимон портлатиш.
Оний портлатишга нисбатан қисқа кечиктирилган портлатиш усули жинсларни бир текис майдаланиши, ногабаритлар миқдорини кам бўлиши, ПМ сарфини 10-15% га камайиши, портлатилган кон жинслари ёйилмаси кенглигини 1,2-1,3 баробар қисқаришини таъминлайди.
Кўп қаторли жойлашган скважиналарни қисқа кечиктирилган портлатишнинг самарадорлиги юқори бўлади. Агар кўп қаторли скважиналарни оний портлатиладиган бўлса, биринчи қатордаги заряднинг таъсири поғона қиялик текислиги томон йўналган, қолган қаторлардаги зарядларнинг таъсири эса юқорига йўнилган бўлади (2.7-расм).
Натижада поғона остки текислиги нотекис бўлиб, машина-механизмлар ҳаракатланишини қийинлаштиради.
2.7-расм. Зарядларни оний (а) ва қисқа кечиктирилган (б) портлатишда заряднинг таъсирини аниқлаш схемалари (сонлар билан зарядларни портлатиш навбати кўрсатилган).
Скважиналарни бир қатор жойлаштирилганда қисқа кечиктириш интервали қуйидаги ифода орқали аниқланади.
τ═Квз∙W,
бунда Квз-жинсларнинг портловчанлигини ҳисобга олиш коэффициенти (қийин портлайдиган жинслар учун Квз =1,5÷2,5, ўртача қийин портлайдиган жинслар учун Квз =3÷4, осон портлайдиган жинслар учун Квз =5÷6) мс/м.
Қисқа кечиктирилган портлатишда кечиктириш интервали 5-250 мс оралиғида ўзгариши мумкин (амалда фойдаланиладиган қисқа кечиктириш вақти τ ═ 15÷75 мс ни ташкил қилади). Кўп қаторли портлатишда τ миқдори 25 % кўп бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |