ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИ
100095, Тошкент ш., Университет кўчаси 2.
Тел.: (+7095) 246-46-00, факс (+7095) 227-10-32
WEB-сайт: www.tdtu.uz;
e-mail: tstu_info@mail.ru
Тошкент-2010
“Биз ҳаётимизнинг турли жабҳаларида, халқ хўжалигининг барча соҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошириб, янгиланиш сари борар эканмиз, ушбу ислоҳотларнинг ижобий томонга ўзгариши, маънавий юксалишимизга кўмак бериши ҳамда миллий ғурур ва ифтихоримизни кучайтириши кўп жиҳатдан ҳар томонлама етук кадрларга боғлиқ эканини унутмаслигимиз лозим. Республикамизнинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ҳар томонлама равнақ топишида, бу соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишимизда ҳам миллий кадрлар бош омиллардан бири бўлади”. – дея таъкидлайди Президентимиз ўзининг “Замонавий кадрлар тайёрлаш – ислоҳотлар муваффақиятининг асоси” номли маърузасида.
«Келажакда Ўзбекистон юксак даражада тараққий этган иқтисоди билангина эмас, балки билимдон, маънавий жиҳатдан етук фарзандлари билан ҳам жаҳонни қойил қилиши лозим» - деб Юртбошимиз бежиз айтмаганлар
Биз маънавий баркамол, мустақил фикрловчи, ўзининг қадр-қимматини англайдиган, иродаси бақувват, иймони бутун, ҳаётда аниқ мақсадга эга бўлган талабаларни тарбиялашимиз лозим.
УНИВЕРСИТЕТ ТАРИХИ
Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университети узоқ тарихга эга бўлиб, уни ташкил этиш санаси 1918 йили 21 апрелга бориб тақалади. Шу куни Туркистон Халқ Университети таркибида техника факультети ҳам ташкил этилган бўлиб, айни шу факультет негизида кейинчалик нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда Олий техник билим тизими шаклланган.
1923 йили техника факультети муҳандислик-мелиоратив факультетга айлантирилди, 1929 йили эса унинг асосида Ўрта Осиё пахтачилик-ирригацион институти очилади. 1933 йилда ягона Олий техника билим юрти сифатида Ўрта Осиё индустриал институти ташкил этилади. 1949 йили бу институт Ўрта Осиё Политехника институти номи билан юритила бошлади. 1961 йили эса Тошкент Политехника институтига айлантирилди. 1973 йилда Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1000 йиллиги муносабати билан институтга алломанинг номи берилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, давлатимиз раҳбари И.А.Каримовнинг ташаббуслари билан мазкур олий техника даргоҳининг университет мақомини олиши улкан аҳамиятга эга бўлди. Мустақиллик давридан бошлаб Тошкент давлат техника университети республикамизнинг энг пешқадам ва замонавий Олий ўқув маскани сифатида нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг илмий, техник, маданий ва маърифий ҳаётида катта из қолдирмоқда.
Айтиш лозимки, ТошДТУ битирувчилари ичида ўнлаб академиклар (Х.М.Абдуллаев, М.Т.Ўрозбоев, М.З.Хомудхонов, У.О.Орифов, К.С.Ахмедов, Х.Ф.Фозилов, В.Қ.Қобулов, О.М.Акрамхўжаев, И.Х.Хамробоев, М.Н.Набиев, Ғ.О.Мавлонов, Х.Н.Боймухамедов, А.С.Уклонский, О.У.Салимов, Т.М.Миркомилов, З.Салимов, Ғ.Р.Раҳимов, В.Р.Раҳимов, Н.Р.Юсупбеков), давлат мукофотлари совриндорлари, юзлаб ихтирочилар, профессор ва фан докторларини кўриш мумкин. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳам шу билим юртини битирган.
Ўзининг 92 йиллик тарихи давомида Туркистон давлат университетининг техника факультети заминида дунёга келиб, фаолият бошлаган техника университети 15 та олий техника ўқув юртининг ва 3 та техник коллежнинг ўз бағридан ажралиб чиқиб, мустақил ҳаёт оқимига кириб боришига барча шарт–шароитларни яратиб берди. Улар орасида Фарғона политехника институти (1967 йил), Тошкент автомобилсозлик ва автомобиль йўллари институти (1972 йил), Самарқанд меъморчилик–қурилиш институти (1980 йил), Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти (1977 йил), Наманган муҳандислик-иқтисодиёти институти (1993 йил), Жиззах политехника институти (1995 йил), Наманган муҳандислик–педагогика институти (1989 йил), Навоий давлат кончилик институти (1995 йил), Андижон муҳандислик иқтисодиёти ва бошқарув институти (1995 йил), Тошкент меъморчилик–қурилиш институти (1991 йил), Тошкент машинасозлик институти (1989 йил), Тошкент кимё–технология институти (1991 йил), Қарши муҳандислик–иқтисодиёт институти (1995 йил), Тошкент давлат авиация институти (1995 йил), Нукус индустриал–педагогика институти (1995 йил), Ангрен техника коллежи (1995 йил), Олмалиқ техника коллежи (1995 йил), Чирчиқ техника коллежи (1995йил) Тошкент давлат техника университети дунёга келтириб, ҳаёт йўлланмаси берган техник ўқув юртлари эканлигини алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиздир.
Ҳозирги 2010 йил ўзининг 92 йиллигини нишонлаётган Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида еттита факультет: геология ва кончилик иши факультети, механика-машинасозлик факультети, механика-машинасозлик факультети, авиация факультети, электроника ва автоматика факультети, нефт ва газ факультети, иқтисодиёт ва менежмент факультети иккита академик-лицей ташкил этган ҳолда бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаётир.
Do'stlaringiz bilan baham: |