Ватанпарварлик ғоясининг ўзбек миллий қўшиқчилик санъатидаги инъикоси. Мусиқа моҳиятан умуминсоний табиатга эга, қайси миллатга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, мусиқа таржима қилинмайди, рассомлик санъатига ўхшаб, унинг тили – битта. Фақат ўша тилни тушуниш учун ҳар бир миллат ўз эстетик тарбиясини юксак даражасига кўтариши, эстетик дидини илмий-амалий асосида шакллантириши лозим. Муҳиддин Қориёқубов ХХ асрнинг 30-йилларида, Муножот Йўлчиева 90-йилларида Париж концерт залларида берган концертларига кўпчиликка чипта етишмаган, залга кирганлар эса уларни бир мўъжизадай тинглашган, концерт сўнгида деярли ярим соат тик туриб қарсаклар билан олқишлашган эди.
Халқимиз асрлар давомида озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт орзусида яшаб келди. Шунинг учун ҳам бу орзу бугунги кунда хлқимизнинг миллий тараққиёт йўлидаги асосий мақсадларидан бирига айланган. Чунки дилида Ватан туйғуси шаклланмаган, киндик қони тўкилган заминга меҳр туйғуси жўш урмаган кишини ҳақиқий инсон, деб бўлмайди.
Халқимиз истиқлолга эришгандан сўнг мамлакатимизда халқ ижодинининг тикланиш ва равнақ топиш жараёни жадал суратлар билан амалга ошиши натижасида ўзбек миллий қўшиқчилигимизда ватанпарварлик ғояларини тараннум этувчи қўшиқларга бўлган эҳтиёж кучайди: ватанпарварлик мавзуси қўшиқчилик санъатининг бош мавзусига айланди. Бу ҳодисани қуйидаги жиҳатлар билан изохлаш мумкин:
Биринчидан, миллий эстетик қадриятлар, маданият ва анъаналарни, маънавиятни тиклаб фуқароларимиз қалбида миллий ғурур ва ифтихор ҳамда ватанпарварлик туйғуларини камол топтиришга замин яратганлиги;
Иккинчидан, қўшиқчилик санъати воситасида ўзлигимизни англаш, миллий ғоя ва мафкурани халқ онгига чуқурроқ сингдиришга нисбатан эстетик эҳтиёжнинг ортганлиги;
Учинчидан, Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтириш билан кишиларда “озод Ватан”, “обод Ватан”, “эркин ва фаровон ҳаёт” тушунчаларига янгича ёндошувни шакллантириш билан изоҳлаш мумкин.
Ватанпарварлик мазусини қўшиқчилик санъатининг бош мавзусига айлантиришдан кўзланган асосий мақсад - истиқлол даврига мос янги миллий рухда яратилган қўшиқларни оммалаштириш орқали ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат рухида тарбиялашдан иборат. Зеро, “Энг гўзал ва дилбар қўшиқлар Ватан ҳақидаги қўшиқлардир. Бундай жозибадор қўшиқлар эл-элатларни бирлаштиради, уларни тинч-тотув ва осойишта яшашга, Ватанни ҳар жиҳатдан юксалтиришга, кўз қорачиғидай авайлаб асрашга ва кўксини қалқон қилиб ҳимоя қилишга даъват этади.”1
Бугунги кунда ватанпарварлик ғоясининг ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг бош мавзусига айланиши муайян эстетик заруриятни тақазо этади. Буни бир қатор омиллар орқали кўрсатиш мумкин. Биринчи омил - тинчлик ва барқарорлик. Яъни, жамиятдаги барқарорлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш ва хавфсизлик тизимини яратиш билан боғлиқ улуғвор ҳодисаларни қўшиқчилик санъатида тараннум этилиши.
Иккинчи омил - ёшлар масаласи. Агар ёшлар масаласини умумжамият миқёсидаги масала тарзида идрок этадиган бўлсак, ёшларни тарбиялаш ёшлар онги ва рухиятини муайян ғоялар ва қарашларга қаратмоқдан иборатдир. Ёшлар қандай ғоялар билан қуролланган бўлса, уларнинг амалиётдаги фаолияти ҳам феъли-атвори ҳам шунга яраша бўлади.
Учинчи омил - бадиий талқин. Санъатда бир мавзу, бир муаммо ҳар хил йўл билан очиб берилиши билан изоҳлаш мумкин. Қизиғи шундаки, ҳар бир бадиий талқин бошқасини такрорламайди. Масалан, Ватан, ватанпарварлик мавзуидаги юзлаб қўшиқлар бор Лекин уларнинг бирортаси иккинчисини айнан бизга қайта тақдим этмайди, ҳаммаси янги ва ўзига хос. Қизиғи шундаки, жамиятнинг интелектуаллашуви иқтисодиётнинг ривожланиши санъат учун муҳим омил эмас. Санъат бундай омиллар билан иш кўрмайди, унинг ўз ички тараққиёт қонунлари бор. Улар жамиятнинг маънавий олами билан, қадриятлар қандай англанганлиги ва қадрланганлиги, тарихий даврлар аро рўй берадиган руҳ янгиланиши, даҳоларнинг дунёга келиши каби сабаблар билан боғлиқ.
Тўртинчи омил - миллий ўзликни англаш. Бу мустақилликни мустаҳкамлашга фидоий бўладиган ёшларни эстетик жиҳатдан тарбиялашда кўринади. Зеро, Президент Ислом Каримовнинг «Биз фидоий ватанпарварларни тарбиялашимиз, “Элим деб, юртим деб яшовчи, шу йўлда хатто жонини ҳам аямайдиган”, “Ўзидан сўнг озод ва обод Ватан қолдирадиган” фарзандларни тарбиялашимиз замон ва мустақиллик талабидир”2-деган фикрлари мазкур омилнинг эстетик асосидир. Бунга юртимизда яшаётган ҳар бир киши миллатидан қатъий назар масъул бўлмоғи лозим. Ёшларимиз тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота-боболарнинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва ҳурмат қилиш фазилатини қарор топтириш, уларнинг «Мен ўзбек фарзандиман” деб, ғурур ва ифтиҳор билан яшашига эришиш эстетик тарбияга доир ишимизнинг марказида туриши лозим.
Ватанпарварлик ғоясини қўшиқчилик санъати орқали тараннум этилиши жамият маънавий ҳаётида ўзига хос аҳамият касб этади. Бу ўз навбатида фуқароларнинг эстетик маданиятини юксалтиришга, уларни гўзаллик ва улуғворлик руҳида тарбиялашдаги мавжуд бўшлиқни тўлдиришга муайян маънода хизмат қилади.
Миллий мафкурамизнинг Ватан равнақи ғоясини ўзбек миллий қўшиқчилик санъати орқали ифодалашдан кўзланган асосий мақсадлар ўзида ижтимоий-эстетик мазмун касб этади. Бу мазмун жамиятимиз фуқароларини:
- мустақилликни абадийлаштиришга бўлган интилишларини мустаҳкамлайди;
- умумбашарий қадриятлар тизимида миллий қўшиқчилигимизнинг нуфузини янада оширади ва ёшларнинг эстетик маданиятини юксалтиради.;
- халқни обод ва озод Ватан, тинч ва фаровон ҳаётни қуришга, жамият ва миллат равнақи йўлида бирлаштиришга ундайди.
Ватан ҳақидаги қўшиқлар умумийлик мезонига асосланади: у ёш, жинс, миллат танламайди. Тўғри, қўшиқларнинг аксариятини севги, муҳаббат, вафодорлик мавзуидаги қўшиқлар ташкил этади. Бироқ, Ватан ва унинг равнақини тараннум этувчи қўшиқларнинг эстетик мазмуни барча ёшдагиларга, барча жинсларга ва барча миллатларга бирдек маъқулдир. Чунки, унда гўзаллик, улуғворлик каби юксак туйғулар инсоннинг эстетик тафаккурига ва эстетик туйғуларига бирдек мос келади. Масалан, бугунги кунда халқимизнинг севимли қўшиғига айланган “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” шеъридаги қўйидаги мисраларга эътибор беринг:
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғинг кўксимга айлаб тўтиё,
Нечун Ватан дея еру осмонни,
Муқаддас атайман, атайман танҳо?
Ёки шоир Бобур Бобомурод қаламига мансуб қуйидаги мисралар мамлакатимизда яшаётган барча миллатларнинг умумий манфаатларига мос келади:
Кўнглимизда ёнган чироқдир,
Яшнаб турган яшил тупроқдир.
Улуғ зотлар ётган тупроқдир,-
Бу - Ватанни кўтармоқ керак.
Маърифатда ривож чораси,
Малҳам топсин дарду-пораси.
Кўзимизнинг оқу-қораси,-
Бу - Ватанни кўтармоқ керак.
Она умрин тилаган каби,
Ажинларин силаган каби,
Фарзандларнинг соф бўлсин қалби,
Бу - Ватанни кўтармоқ керак1.
Айниқса, 1997 йилнинг 14 августида “Туркистон” саройида “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиқ танловининг якунловчи турида биринчи ўринни эгаллаган сурхондарёлик фольклор-этнографик ансамбль хонандаси Норали Алланазаровнинг «Ватанимни куйлайман” номли қўшиғи инсонни Ватанга бўлган муҳаббат, уни ардоқлаш, унинг кенгликлари ва саҳоватни хис қилишга ундайди.
Шуни таъкидлаш лозимки, ватан ранақи ғоясининг қарор топиши бевосита мамлакатдаги тинчлик, осойишталик, барқарор тараққиёт каби юксак қадриятларга боғлиқ. Бу қадриятларнинг эстетик мазмуни жамият аъзоларининг дунёқарашида, эстетик тасаввурида, жисмоний ва ақлий меҳнатнинг уйғун холда ривожланишида кўринади. Мазкур жараённинг эстетик мазмуни қўшиқларда ўз аксини топади. Зеро, Ватан, истиқлол, ёшлик дўстлик ва энг азиз инсоний туйғулар тараннум этилган қўшиқлар айтиш мумкинки, халқимиз, ёшларимиз маънавияти ривожига, мустақилликни мустаҳкамлашга муносиб хисса бўлиб қўшилади. “Ўзингдан қўймасин, халқим!», “Ватан ягонадир», “Улуғимсан, Ватаним” каби ўнлаб, юзлаб қўшиқлар халқимизни, ёшларимизни истиқлолни асраб-авайлашга, ватанпарварликка ундамоқда. Биргина Юлдуз Усмонова ижросидаги ёшлар мадҳиясига айланган «Фидойинг бўлгаймиз сенинг - Ўзбекистон” қўшиғининг сўз, оханг, ижро уйғунлигидаги қудратли таъсирини хис қилмаган одам топилмаса керак. Ёки севимли хонандамиз Севара Назархон томонидан ижро этилган “Ватаним” деб номланувчи қўшиқнинг матни Ватанни севишга, ардоқлашга, боболаримизнинг жасоратига чуқур ҳурмат билан қарашга ундайди:
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим ҳоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошанам дейми,
Ўзинг мени улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним...
Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарбозасин очмаган,
Темурмалик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон
Чўлиғимсан, Ватаним.
Сен - шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам, ўғлим қизим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Кўнглимдаги ифтихорим,
Қўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!1
Мамлакатимизда ёшларнинг баркамол рухий дунёси учун, уларнинг маънавий-эстетик жиҳатдан етук ва жисмонан соғлом бўлиши учун амалий ишлар кўламини кенгайтириш билан боғлиқ. Айтиш мумкинки, ёшлар муаммоси алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб этади. Мамлакатимизда 2008 йилни “Ёшлар йили” деб эълон қилинишининг асосий сабаби ҳам мамлакат аҳолисининг 60% дан кўпроғини ташкил этувчи ёшларнинг эстетик бой дунёқарашга эга бўлган шахслар қилиб тарбиялаш ишларини янада мустаҳкамлашдан иборатдир. Мазкур йил муносабати билан ишлаб чиқилган “Ёшлар йили Давлат Дастури”нинг таълим ва кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш, мустақил фикрлайдиган, ўзининг қатьий ҳаётий эътиқод ва қарашларига эга бўлган ёшларни тарбиялаш” деб номланган бўлимида ёш авлодни юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар ва ватанпарварлик рухида тарбиялаш, уларни етук гражданлар этиб шакллантириш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу масалалар “Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслиги”ни амалий ифодалаш учун кенг имкониятларни яратади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лоимки, ёшларда эстетик идеални шакллантиришда қўшиқнинг алоҳида ўрни бор. Қўшиқнинг ўзига хос хусусияти – инсоннинг изтироб ва туйғуларини, унинг хиссиётли ички дунёсини очиб беришда кенг имконият яратади. Шу боис мамлакатимизда ёшларнинг салоҳиятлари ва ижодкорлик қобилиятларини намоён эттиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада юртимизда бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, фестиваллар ўтказиб келинади. Айниқса бу ишлар қўшиқчилик санъатида яққол кўзга ташланади. Жумладан, Самарқандда ўтказиладиган Халқаро «Шарқ тароналари” қўшиқлар фестивали, «Азиз она юртим наволари” деб номланган миллий эстрада қўшиқлари республика танлови, “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиқлар байрами, “Шу азиз Ватан барчамизники” фестиваллари каби маънавий-маърифий тадбирларда ватан равнақи ғояси қўшиқчилик санъати воситасида халқ қалбига янада чуқурроқ сингиб бормоқда. Айниқса, ўзбек миллий мусиқа санъатини ривожлантириш, ёш истеъдод эгаларига йўл очиб бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, эстрада қўшиқчилигининг ютуқ ва тажрибаларини умумлаштириш, соҳа тараққиёти учун зарур имкониятлар яратиш, Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик ғояларини акс эттирувчи бадиий юксак асарларни тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 августдаги “Иқтидорли ёшлр учун “Ниҳол” мукофотини таъсис этиш тўғрисида”ги Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июндаги «Эстрада қўшиқчилик санъатини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Қарорларида анънавий ва замонавий қўшиқчилик санъатининг ўзбек мусиқа маданияти тараққиётидаги ўрни, ғоявий-бадиий йўналишлари, уни миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунликда ривожлантириш тамойилларини белгилаш бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратди.
Хулоса қилиб айтганда, миллий истиқлол мафкурасининг Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фароонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик тушунчаларини халқ онгига ингдиришда санъат энг муҳим восита сифатида юксак аҳамиятга эга. Зеро, юқорида кўриб ўтган санъат турлари истиқлолни ҳамма нарсадан муқаддас биладиган соғлом авлодни эстетик жиҳатдан тарбиялашда, фуқароларнинг эстетик дунёқарашини ўстиришда, уларни эстетик маданиятини юксалтиришда маънавий асос бўлиб хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |