Ҳайкалтарошлик. Энг қадимги, ибтидоий даврлардан бошлаб ҳозиргача ҳайкалтарошлик ўз мақеини йўқотмай келаётган санъат турларидан бири. Ҳайкалтарошлик материали бўлиб, юмшоқ (ганч) ва қаттиқ (тош, ёғоч) субстрат хизмат қилади. Лекин ҳайкалнинг тайёр ҳолатида юмшоқ материалларнинг ҳам қаттиқлашганини кўрамиз. М., ганч, эритилган мис, бринж аввал суюқ (юмшоқ ҳолида бўлиб, зарур қолипларга) солгандан кейин қаттиқлашади.
Бу санъатнинг асосида фақат оний, бир лаҳзалик санъат тасвири ётади. Ҳайкалтарош томонидан ана шу энг муҳим ҳаракатини топиш ҳамда унга мос нур ва сояни танлаш юксак исдеъдодни талаб қилади. Зеро ўша танланган оний ҳаракт бизга аввалги ҳарактлар ҳақида эстетик тасаввур беради ва бўлажак ҳаракатларга ишора қилади. Шу уч – (ўтган, ҳозирги, келаси) замондаги ҳаракат ифодаси жой, нур ва соянинг ўрин алмашиши билан ўзгаради, яъни ҳайкал маълум маънода ўзгача товланиш касб этади. Бошқача қилиб айтганда, ҳайкал нур ва соя ўйини билан идрок этувчини мафтун қилади. Унда эстетик ҳиссиёт уйғотади.
Ҳайкалтарошлик монументал санъат дейилади. Чунки кўпинча у катта ҳажмли ҳайкаллар ёки мажмуларни ўз ичига олади. Айни пайтда унинг кичик ҳажмдаги ва ҳар бири ўзига хос бўлган ҳолда муайян юзаликда шакллар уйғунлигини ташкил этадиган кўринишлари ҳам мавжуд. Ҳайкалтарошликнинг биринчи ҳилига алоҳида маконни эгаллаган ва ҳар ҳил раккурсда томоша қилиш мумкин булган асарлар киради. Унга қадимги Юнонистоннинг Родост оралидан чиққан санъаткорлар Агесандр, Атенадор ва Полидор яратган машҳур «Лоокон» ҳайкаллар мажмуи мисол бўла олади. Иккинчи ҳил ҳайкалтарошлик релэфларда, пештоқлар ва деворларни безаб турувчи бўртма шаклларда, асосан меъморлик санъатига сингишиб кетган ҳолда намоён бўлади. Масалан, буддҳачилик даврига оид «Айритом мусиқачилари» деб шартли номланадиган бўртма ҳайкаллар гуруҳи шулар жумласидан.
Ҳайкалтарошлик ҳайвонларни, ўсимликларни ҳам тасъвирлайди. Лекин унинг асосий мазмуни – инсон ва унинг руҳияти. Ҳайкалтарош, сумба, искана, қолиб ёки лўмбоз воситасида бизга тошдаги, ёғочдаги, (биронза) биринч ёки ганчдаги инсон қиёфасини тақдим этади. Бадиий қиёфа қанчалик жонли чиқса, уни турли нуқтадан томоша қилиш имкони қанча кенг бўлса, ўша асар ҳақиқий санъат намунаси деб қабул қилинади. Ҳайкаллар санъат асари сифатида бир-бирини такрорламаслиги керак. Шу боис шўролар даврида бир қолипда қуйилган, ҳар бир майдонга, гузарларга, давлат идоралари олдига ўрнатилган улуғ раҳбарнинг қиёфаси, бир қолипда қуйилган «доҳийлар» ҳайкаллари ҳеч қачон санъат асари бўлолмайди.
Кўпгина санъат турларида бўлганидек, ҳайкалтарошлик ҳам деярли барча эстетик хусусиятларни намоён этади. М., пойтахтдаги Мотамсаро Она ҳайкали фожеавийликни, Д.Қутимуродов ёғочдан ишлаган «Қорақалпоқ қизи» гўзалликни, Тошкент зилзиласига бағишланган меъмориал – улуғворликни ўзида инъикос эттиради.
Бахшилик санъати. Одатда бахшиликни эстетикада саънат турига киритиш қабул қилинмаган ва халқ оғзаки адабий ижоди сифатида бадиий адабиётнинг хили деб ҳисоблаб келинади. Аслида “бундай камситиш”нинг сабаби ўзбек эстетикасида шу пайтгача оврўпага, тўғрироғи, русларга тақлиднинг ниҳоятда кучли бўлганида. Шундай қилиб, биз уни тўлақонли санъат тури деб биламиз ва буни исботлашга ҳаракат қиламиз.
Бахшилик санъати асосан Шарқ халқларида мавжуд, келиб чиқиши қадимги Ҳиндистон билан боғлиқ, санскритчадаги “бҳикшу” (қаландар, дарвеш) сўзига бориб тақалади. Кейинчалик,”бахши”, “бахша”, “бахши”, ва бошқа шаклларда Шарқ халқларининг кўпчилигида устоз, маърифатчи деган маъноларда қўлланилган. Ғарбда уни фақат қадимги юнонлар маданиятида кўришимиз мумкин. Қадимги Ҳиндистон таъсирида бўлса керак, бахшилар уларда дастлаб,”аэдлар”(қўшиқчилар), кейинроқ “рапсодлар”(қўшиқ тўқувчилар) деб аталган, улар “Илиада”, “Одесия” каби йирик эпик достонларни торли соз жўрлигида куйлаганлар.
Бизда бахшилик санъати қадимдан машҳур бўлиб келган. Илмий фаразларга кўра (В.Жирмунский, Ҳ.Зариф в.б.), “Алпомиш” достонининг идлизлари Ҳомер эпослари билан туташиб кетгани қайд этилади. “Алпомиш” ҳам, бошқа алоҳида достонлар ҳам, достонлар туркумлари ҳам минтақамизда, дўмбира, қўбиз ва дутор жўрлигида куйланади. Бахши, халқ достонларини ёдда сақловчи, меёрига етказиб куйловчи, уларнинг ўзига хос вариантларини, версияларини яратувчи санъаткор. У, бир томондан, шоирлик истеъдодига эга бўлиши керак, иккинчи томондан, маҳорат билан куйлай билиши, “Худо берган овозга” эга бўлиши лозим.
Бахшилик санъати ибтидодан бизда соф оғзаки ижод бўлиб келган, ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, бахшилар мадрасаларда таҳсил кўриб, баъзи асарларини ёзма ҳолда ҳам қолдирганлар. Лекин, асосан фолклоршунослар томонидан достонлар ва термалар ёзиб олинган, ҳозир ҳам бу анъана маълум маънода давом этмоқда. Шунингдек, бу санъатнинг яна ўзига хос томони шундаки, унда устоз – шогирдлик анъанаси қатъий тарзда ўрнатилган, доимо шунга амал қилиб келинади. Натижада биз бахшилик санъатининг бир неча ўзига хос мактабларига эгамиз. Масалан, Қўрғон достончилик мактаби, Булунғур достончилик мактаби, Хоразм мактаби шулар жумласидан. Ўзбек бахшилик санъатида икки йўл билан достонлар куйланади. Бири – Сурхандарё, Қашқадарё, Самарқанд йўли, унда достон ё терма дўмбира жўрлигида, ички ғарғара овоз билан, иккинчиси – Хоразм йўли, унда оддий, очиқ овоз орқали ижро этилади. Бахшилик санъатининг Эргаш Жуманбулбул, ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир каби улуғ намояндалари халқ достончилиги намуналарини яратганлар. Улар анъанавий сюжет асосида ўзига хос гўзал асарлар ижод этдилар.
Халқ достонларидаги тасвирлар, мажозийлик кўп ҳолларда муболағага ва аллитерацияга асосланади, натижада бадиий қиёфа афсонавийлаштирилган, мўъжизавийлаштирилган тарзда гавдалан-тирилади. Масалан, “Гўрўғли” туркуми достонларидаги баҳодирлардан бири – Ҳасан Кўлбар бир тўйнинг ошини еб тўймайди, муртининг ичига каламушлар ин қуриб ташлаган в.ҳ. Ёки Амин бахшининг ўзбек баҳодирларига чақириқдай янграйдиган мана бу муболаға сатрларини олайлик:
Ариқ тубинда индиз,
Дарё тубинда Қундуз,
Тоғларни осмонга отинг,
Тутдай тўкилсин юлдуз.
Достонларда от ҳам асосий қаҳрамонлардан бири. “Алпомиш”да Бойчибор, “Гўрўғли” туркуми достонларида Ғирот худди одамлардай тасвирланади. Айни пайтда уларнинг учқурлиги фавқулодда ва ранг-баранг ўхшатишлар воситасида таърифланади. Масалан, Ғирот “қулоғини қалам, думини алам қилиб” елиб боради. Яъни Ғирот –муқаддас от, унинг қулоғи инсоният учун муқаддас бўлган, учи учланган адл қамиш қаламга, думи қадимий попукли муқаддас байроққа ўхшатилади. Достонларда турли бадиий воситаларнинг қўлланиши, бахшининг овози ва дўмбиранинг оҳанглари уйғунлашиб кетади. Натижада учқур отнинг йўл босишини тингловчи ниҳоятда яққол тарзда идрок этади. Эргаш Жуманбулбул куйлаган “Равшан” достонидаги мана бу парчага эътибор қилинг:
Қулон юрмас ерлардан
Қувиб ўтиб боради.
Булон юрмас ерлардан
Бувиб ўтиб боради.
Қарсоқ юрмас ерлардан
Қалқиб ўтиб боради.
Бўри юрмас ерлардан
Бўзлаб кетиб боради...1
Бу тасвирдаги аллитерациялар (оҳангдош товушлар) соз ва овоз воситасида от билан яхлитлашиб кетган чавондоз қиёфаси ҳақида тасаввур беради.
Бахшилик санъатида наср, назм шакллари, бармоқ вазнининг турли кўринишлари ўз аксини топади. Улар гўзаллик, улғворлик, мўъжизавийлик, кулгилилик каби эстетик хусусиятларнинг янада бўртиб кўзга ташланишини таъминлайди. Айни пайтда бу санъат тури мақол, матал ва ҳикматларга бойлиги билан катта тарбиявий аҳамиятга эга. Фозил Йўлдош ўғлидан ёзиб олинган “Алпомиш” достонидаги Бойсари тилидан айтилган мана бу сатрларни ҳақиқий ҳикмат намунаси десак янглишмаймиз:
Давлат кўнса бир чибининг бошига,
Семурғ қушлар салом берар қошига1
Бахшилик сўз ва ижро санъатининг уйғунлиги сифатида ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. ХIХ-ХХ асрларда устоз борлиқларининг анъаналарини давом эттирган ва давом эттираётган улкан санъаткорлар етишиб чиқди. Хоразмлик Бола бахши, қашқадарёлик Қодир бахши, сурхандарёлик Шоберди бахшилар шулар жумласидан.
Do'stlaringiz bilan baham: |