НАФОСАТ ФАЛСАФАСИ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ БОСҚИЧЛАРИ
ҚАДИМГИ ДУНЁ НАФОСАТ ФАЛСАФАСИ
Қадимги Шарқдаги дастлабки эстетик тасаввурлар
Сомир. Қадимги Сомирдаги дастлабки эстетик ғоялар ҳақида гап кетганда, энг аввало ундаги тасвирий санъатнинг илк намуналарига тўхталиб ўтиш жоиз. Қадимги Сомир тасвирий санъати асосан муҳрлар, идиш-товоқлардаги расмлар ва рельефлардаги тасвирлардан иборат. Булар орасидаги энг қадимийси ва бизгача кўп миқдорда етиб келгани муҳрлардир. Илк сулолалар давридаёқ Сомирда тош ўймакорлигининг бадиий-эстетик тамойиллари ишлаб чиқилган ва мустаҳкамланган, сайқал бериш техникаси мукаммаллаша бошлаган. Шунинг учун уларга фақат моддий маданият намуналари эмас, балки санъат ёдгорликлари сифатида ҳам қараш мақсадга мувофиқ.
Бу даврда сарғиш ва кўкимтир рангдаги юпқа сопол идишлар безакли ҳошиялар билан қопланиб, уларда ҳайвонлар, қушлар ва одамлар тасвирланган. Меъморлик соҳасида ҳам сомир санъатининг ажралиб турувчи томони – унинг улкан монументаллиги, асосий қурилиш материали сифатида ғиштнинг қўлланиши, бино ичидаги хоналарнинг номутаносиб ва кўндаланг жойлашуви, шунингдек, деворларнинг ҳандасавий нақшлар (орнамент) билан безалишидадир. Бу борада ибодатхоналарнинг қолдиқлари яхши тасаввур беради. Унда циркорлик усули қўлланилган. Ибодатхона минораси зинапояли. Умуман, Сомир меъморлигида улуғворликка катта аҳамият берилган.
Сомир ҳайкалтарошлигининг энг қадимги намуналари анчайин қўпол ва ибтидоий. Ҳайкалтарош ҳали тош бўлагига инсон қиёфасини сингдириш маҳоратига эришмаган, шу сабабли одам ҳаракациз, қотиб қолган қиёфада акс эттирилган. Фақат унинг юзидагина санъаткорнинг бир оз эркин ҳаракат қилганини сезиш мумкин. Ҳегел айтганидек, бу даврда ҳали гўзаллик ўзига мос ифодавий шакл топа олмагани яққол сезилади.
Сомирда бадиий адабиёт энг катта ўрин эгаллаган санъат тури бўлган. Бизгача етиб келган сомир адабиёти намуналарининг кўп қисмини достонлар ташкил этади. Улар бадиий-эстетик жиҳатдан анчагина пухта ишланган, оҳангга, шеърий усулларга бой. Кўпчилиги баҳсга ўхшаш, ўзига хос диалог тарзида яратилган. Уларда гўзаллик тушунчаси фойдалилик билан боғлиқ ҳолда тасаввур этилган: нимаики фойдали бўлса, ўша гўзалдир, деб тан олинган. Буни, айниқса, «Ёз ва қиш ёки Энлил деҳқонлар ҳомийси бўлмиш маъбудани танлагани» деб аталган достонда ёхуд «Инаннанинг ўзига ёр танлаши» деган, шаклан бир неча қатнашувчиларни ўз ичига олган шеърий пьесага ўхшаш достонда яққол кўриш мумкин. Биринчи достонда кўпроқ фаровонлик келтирувчи дарёлар ва анҳорлар назоратчиси Энтен, иккинчи достонда эса чўпон Думузи гўзалроқ-фойдалироқ деб баҳоланади.
Сомир бадиий адабиётидаги яна бир хусусият – унда эпик достонларнинг вужудга келишидир. Ҳозиргача 100 мисрадан тортиб 600 дан ортиқ мисрани ўз ичига олган тўққизта ана шундай достон мавжуд. Улар ҳажмидан қатъи назар, муайян қаҳрамонликни, муайян бир воқеий ҳолатни ўз ичига олади. Бироқ, бундай эпизодлар бир-бири билан боғланмаган. Сабаби Сомир шоирлари бу алоҳида эпизодларни бирлаштириб, яхлит асар яратиш ҳақида ўйламаганлар. Буни эса биринчи марта Бобилон шоирлари амалга оширганлар. Гилгамеш ҳақидаги достон бунга мисол бўла олади.
Қадимги Сомирда сайёр актёрлар труппаси бўлганини бундан тахминан 3700 йил аввал ёзилган, томошага ишқибоз боласига танбеҳ бераётган отанинг сўзларидан билиб олиш қийин эмас:
Сенинг кўнгил хушликларинг бўғзимга келди!
Масхарабозларга, дайди қўшиқчиларга
Илашиб, улар атрофида ўралашасан,
Бор қилар ишинг сенинг-диканглаш, сакраш1.
Сомирликларнинг фалсафий-эстетик қарашларига келсак, уларда фалсафий-космологик ёхуд илоҳиётга, ёхуд нафосатшуносликка бағишланган рисолалар қабилидаги махсус адабий шакллар бўлган эмас. Бундай қарашларни (албатта ибтидоий ҳолда) бизгача тўлиқ ёки қисман етиб келган асотирларда учратиш мумкин. Сомирликлардаги эстетик тасаввурнинг пайдо бўлиши ва, умуман, нафосатли тафаккурнинг келиб чиқиши асотирномага (мифологияга) бориб тақалади. Маълумки, қадимги одам олдида турган турли хил масалалардан бири эстетик табиатга эга бўлиш муаммоси эди. Бу муаммони ўзига хос тарзда ҳал этиш учун у дастлабки усул – мифологиядан фойдаланди. Шу боис асотирларни инсон яратган илк нафосат концепцияси, фалсафий умумлашма деб аташ мумкин; фақат у назарий эмас, балки бадиий, тимсолий шаклда ифодаланган. Асотирларни тадқиқ этиш шуни кўрсатадики, сомирликлар бадиий-эстетик англаш орқали инсоният жамиятининг тадрижий ва изчил ривожланиши ҳақида муайян тасаввурга эга бўлганлар.
Сомир маъбудлари антропоморф (одам қиёфали). Улар ичида энг донишманд ва энг қудратлиси ҳам ўз қиёфаси, орзу-ўйлари ва аъмоллари билан одамларга ўхшайди. Маъбудлар одамларга ўхшаб режалар тузади, ҳаракат қилади, ичади, ейди, уйланади, оила қуради, катта хўжаликни бошқаради, илоҳий заифликлар ва касалликларга ҳам дучор бўлади, ҳатто ўлади ҳам. Зеро уларнинг улуғворлиги ва гўзаллиги одамларга нисбатан олиб қаралади.
Қадимги сомирликларда «Ме» тушунчаси машҳур бўлган. «Ме» илоҳий қонун ва кўрсатмалар мажмуи бўлиб, сомир файласуфлари фикрича, бу қонун – қоидалар олам яратилган кундан бошлаб уни бошқаришни ва оламнинг абадий ҳаракатини таъминлаб келганлар. Унда «улуғвор ва абадий тож», «улуғвор рамз», «улуғвор ибодатхона», «санъат», «мусиқа», «ёғочни ишлаш санъати», «металлни ишлаш санъати» «мирзалик (хаттотлик) санъати» сингари нафосатшунослик тушунчаларини англатувчи иборалар ҳам мавжуд. Шуниси эътиборга сазоворки, қадимги шоир-файласуф санъат билан ҳунарни ажратишга ҳаракат қилади. Чунончи, «ёғочсозлик санъати» билан ёнма-ён «қурувчилик ҳунари» ва «саватчилик ҳунари», «темирсозлик санъати» билан ёнма-ён «темирчилик ҳунари» иборалари келади. Бундан ташқари, унда беш хил мусиқа асбобининг номи ҳам қайд этилган.
Шундай қилиб, Сомир санъати ва адабиёти инсоният тарихидаги дастлабки эстетик ғоялардан ва иборалардан бизни хабардор қилади, бизга баъзи жанрларнинг келиб чиқиши билан танишиш имконини беради.
Бобилон сўз санъатида «Энума элиш» («Осмонда қачонки...») достони, Агушайя, Гилгамеш, Адан, Этана, «Иштарнинг қаърга тушиши» ҳақидаги эпик достонлар, «Изтиробда қолган ҳақгўй», «Хўжайиннинг қул билан суҳбати» сингари диний-фалсафий достонлар муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг ҳаммасидаги асосий ғоя – ҳаёт ва мамот ўртасидаги курашдан иборат. «Хўжайиннинг қул билан суҳбати» деб аталган достон улар орасида кулгилилик табиатига эга эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Унда хўжайиннинг ҳар бир буйруғи оқилона эканини мақоллар ва маталлар билан асослашга интилган қул – оқил, қув хизматкор қиёфаси тасвирланган. Бу суҳбат-айтишув деярли охиригача кулгилилик билан йўғрилган. Фақат унинг ниҳоясидагина ҳаёт жонига теккан хўжайин «Энди нима яхши?» деб сўраганида қул: «Бўйнимни менинг синдирмоқ ва бўйнингни сенинг синдирмоқ ва дарёга ташламоқ, ана бу яхши. Ким шунча баландки, осмонга етса, ким шунча улканки, ерни тўлдирса!», – дейди. Ғазабланган хўжаси қулга ўлдираман, деб дўқ уради. Достон-суҳбатда сўнгги сўз қулга берилади ва у: «Унда менинг хўжам мендан уч кун ортиқ яшасин», – деб ўзини қутқаради.
На фақат Гилгамеш каби эпосларда, балки деярли барча Қадимги Бобилон шоирлари ижодида инсоннинг то абад шахсий ўлмасликка интилиши юксак бадиий шаклларда ўз ифодасини топган, уларда ҳаёт – гўзаллик, ўлим – хунуклик тарзида қабул қилинган. Шундай қилиб, Сомир-Бобилон санъати инсоният тарихидаги дастлабки эстетик ғояларнинг пайдо бўлишидан бизни хабардор қилади.
Эстетик тафаккур тараққиётига қадимги Миср маданияти жуда катта ҳисса қўшган. Барча қадимги халқлар қатори мисрликлар ҳам гўзалликни ҳаётда деб билганлар ва уни фойдалилик мезони билан ўлчаганлар. Чунончи, қуёш маъбуди Атонга (милодгача XY аср) бағишланган алқовлардан бирида шундай дейилади:
Сенинг гўзаллигинг ўзи ҳаётдир,
Умр бағишлайди ҳар бир юракка1.
Маълумки, Нил тошқини қадимги Миср фаровонлигининг асоси бўлган. Фаровонлик эса, улар фикрича, гўзалликдир. Шунинг учун мисрликлар Нилни илоҳий дарё сифатида талқин этадилар. Унга аталган алқовларнинг бирида у барча гўзаллликларнинг бунёдкори деб таърифланади:
Ер яйрайди у ёйилган чоғида,
Қувонади бор жонзот.
Барча тишлар очилар,
Ярақлайди ҳар бир тиш1
Тўкин ризқу нон келтириб, у бутун
Гўзалликни яратар.
Қадимги Миср санъатининг жуда кўп турлари ана шу манфаатли гўзаллик асосида вужудга келган. Чунончи, маъбудлар учун қурилган ибодатхоналар, маъбудларнинг ва ўлимидан кейин маъбудга айланган фиръавнларнинг ҳайкаллари улардан шафқат, мўл ҳосил, ризқ-рўз сўраш мақсадида бунёд этилган бўлса, халқ амалий санъати буюмлари эса кундалик ҳаётни гўзаллаштириш учун хизмат қилган.
Мисрдаги энг қадимги бадиий ижод ёдгорликлари V-IV минг йилликларга бориб тақалади. Улар сопол идишлардир. Уларнинг қўлда ишланганлигини сезиш қийин эмас: шакллари ва юзаси нотекис, баъзан оддий ҳандасавий нақш билан безатилган. Кейинчалик кулолчилик дастгоҳида ишланиб, уларда мураккаб сувратлар ва чизмалар акс эттирилган.
Қадимги Мисрда меъморлик юксак тараққиёт ва техник мукаммалликка эришган. Қадимги подшолар даврида Миср меъморлигининг ўзига хос ажралиб турувчи улкан монументаллиги ишлаб чиқилган. Бу борада эҳромлар алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари, Қадимги Миср ҳайкаллари худди меъморликдек, бадиий ижоднинг ҳақиқий ноёб асарлари ҳисобланади. Айниқса, Лувр музейида сақланаётган мирза Каннинг ҳайкали ўзининг реализми билан кишини ҳайратга солади. Мирза чордана қуриб ўтирибди. У тиззаларида ёзиш учун тайёрланган папирус варағини, ўнг қўлида қамиш қаламни тутиб турибди. Унинг катта қулоқлари динг – эшитиб бажо келтиришга ўрганган. Кўзлари алоҳида диққатга сазовор – улар бир неча хил материалдан ясалган: косаси – бринч, унга кўз оқини англатувчи ганч бўлаги ва тагига силлиқланган ёғоч қўйилган, биллур қорачиқ жойлаштирилган. Натижада тамомила тирик одам кўзларидек тасаввур уйғотади. Яна бир ажойиб гўзаллик намунаси бўлмиш қадимий ҳайкал бу –Ахатетондаги ҳайкалтарош Тутмоснинг устахонасидан топилган Нефертити –Шоҳойим бошининг тасвири. Шоҳойим қиёфасида назокат, шоҳона ғурур ва нафислик ўзининг беқиёс ифодасини топган. Нефертитининг боши худди ноёб гулга ўхшайди, у нозик гулбандга – бўйинга нисбатан бир оз оғирроқдай туюлади. Шоҳойим қиёфасида тенгсиз аёл гўзаллиги ва латофатини кўриш мумкин.
Қадимги Миср маданияти тараққиётида фақат эстетик ғояларгина эмас, балки нафосат мезонлари ҳам муҳим ўрин эгаллаганлиги шубҳасиз. Бу қонун-қоидалар йиғиндисини маълум маънода нафосатшунослик рисолалари деб аташ мумкин. Афсуски, улар бизгача етиб келмаган. Фақат бир рисоланинг номигина сақланиб қолган: ибодатхона кутубхонаси рўйхатида «Деворий рангтасвир ва мутаносиблик қонуни бўйича тавсия» деган ном учрайди.
Қадимги Миср сўз санъати тараққиётида мирзаларнинг хизмати буюкдир. Биз сўз санъати деган иборани ишлатдик. Зеро қуйидаги парча қадимги мисрликлар бадиий адабиётни бошқа санъатлар қаторига киритиб, фикр юритганликларидан далолат беради. Чунончи, «Пхатотеп ўгитлари» деб аталган қадимий (бундан тўрт минг йиллар аввалги) шеърий матнда қўйидаги сатрларни учратиш мумкин:
Санъат сира билмас чегара,
Маҳоратнинг чўққисига чиқолгайми бирор санъаткор!
Гавҳар каби яшириндир оқилона сўз,
Лекин уни топиш мумкин дон туйган, ҳув, чўридан1.
Демак, сўз – санъат материали, лекин у санъатга айланиши учун уни ишлата оладиган истеъдод лозим, истеъдод эса чўрида ҳам бўлиши мумкин. Бу ўринда нафосатшуносликнинг кўп жиҳатларини кўрамиз: аввало, санъатдаги юксак маҳорат доимо нисбий. Иккинчидан, сўз қўллаш ҳам санъат. Учинчидан, бадиий адабиётни, умуман, санъатни халқнинг ҳамма қатламлари, яъни олий зотлар ҳам, хизматкор-чўрилар ҳам яратади, зеро санъат моҳиятан демократик хусусиятга эга бўлиб, ҳаммага бирдек тааллуқлидир.
Қадимги Мисрда мирзалар муайян маънода зиёлиларнинг етакчилари ҳисобланганлар. Дастлабки шоирлар ҳам ана шу мирзалардир. Уларнинг хизматлари қадрланган, улар ижодкор сифатида олқишга сазовор бўлганлар. Чунончи, «Мирзаларни шарафлаш» деб аталган шеърда номаълум мирза бундан деярли уч ярим минг йил аввал, фиръавн Рамзес II даврида шундай деб ёзган эди:
Донишманд мирзалар...
Улар қурмадилар ўзлари учун
Биринчдан қабртош
Ва мисдан эҳром.
Қолдирмади улар ва на меросхўр, –
Номларин сақлаган зурриётини.
Бироқ қолдирдилар меросларини –
Ўзлари битган хат, пандномаларда...2
Ўша асрлардаги мана бу сатрлар қадимги Румо шоири Ҳорацийдан салкам икки минг йил, Пушкиндан салкам тўрт минг йил аввал ёзилган:
Ҳайкал қўйдим ўзимга, у мисдан боқийроқдир,
Шоҳона эҳромлардан баландроқдир у.3
Қадимги Мисрда яратилган қиссалар ва эртаклар ўзининг бадиий пухталиги, шаклий гўзаллиги билан киши диққатини тортади. Уларда асосан мўъжизавийлик эстетик ҳусусияти бўртиб кўзга ташланади. «Синухе қиссаси», «Ширинсуҳан деҳқон ҳақида эртак», «Кема ҳалокатига учраган киши ҳақида эртак», «Нефертитининг каромати», «Ака-ука ҳақида эртак» сингари асарлар шулар жумласидандир. «Кема ҳалокатига учраган киши» эртагида қаҳрамоннинг сеҳрли оролда кўрган-кечирганлари Синдбод денгизчи ҳақидаги эртакни ва «Одиссея»нинг баъзи эпизодларини эслатади. «Унамунанинг саргардонлиги» қиссаси эса қадимги Миср реалистик насрининг ажойиб намунасидир. Шунингдек, қадимги Мисрда масал жанри ҳам росмана ривожланган. Уларда кулгилилик эстетик хусусияти ўз ифодасини топган.
Қадимги Миср шеъриятида шаклларнинг турли-туманлиги, қабул қилинган муайян услуб, шеър тузилиши санъати, баъзан маълум даражадаги баландпарвозлик, ундаги узоқ тараққиёт йўлини кўрсатиб туради. Қадимги Миср муҳаббат лирикаси орасида биринчи шоир аёл ҳисобланган қадимги юнон шоираси Сафодан кўп асрлар аввал яратилган, аёл шоир қаламига мансуб гўзал шеърлар бор.
Қадимги Мисрда театр санъатининг мавжуд бўлганлигига ҳозир ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас. Қадимги Миср театри дастлаб дафн маросимидаги маъбудларнинг ўзаро диалоглари, шунингдек, турли маъбудлар шарафига ўтказиладиган халқ сайллари ва байрамларида ўша маъбудлар ҳаётидан олинган лавҳаларни саҳналаштириш натижасида бунёдга келган. Маъбудлар ролини коҳинлар ўйнаган. Бундай саҳналар қадимги подшолик давридаёқ, яъни бундан 4–4,5 минг йиллар аввал ижро этилган. Ўшандай саҳна-пьесалардан бизгача биргинаси сақланиб қолган. Уни фанда «Мемфис илоҳиёти ёдгорлиги» деб аташади. Коҳинлар тасаввуридаги космология баёни бўлмиш бу матнда Мемфис маъбуди Пта томонидан оламнинг яратилиши ва Осирис ҳамда унинг ўғли маъбуд Гор ҳақидаги жуда қадимги мифологик сюжетлар, парчалар келтирилган. Кейинги даврлардаги матнлар ҳам мифологик мазмунда бўлиб, уларда кўпроқ маъбуд Гор иштирок этади. Бу тасодифий эмас. Қадимги Мисрда ҳукмрон бўлган тасаввурга кўра, Гор тахтга ўтирган ҳар бир фиръавннинг тимсоли сифатида қабул қилинган, у ҳар бир ҳукмдор учун намуна, идеал ҳисобланган.
Мисршуносликдаги бебаҳо битиклардан бири – Ихернофрет деган аъённинг таржимаи ҳолидир. Унда бу аъён ўзини фиръавн Сенусерт III (милоддан аввалги XIX аср) ҳукмронлигининг 19-йилида Абидосдаги ибодатхонани тафтиш қилиш ва ҳар йили кўп сонли томошабинлар иштирокида саҳнага қўйиладиган Осирис мистериясини кузатиш учун юборилганини ёзади. Ихернофрет битигидан мазкур пьеса қуйидаги кўринишлардан тузилганлигини билиш мумкин:
1. Маъбуд Упуат (йўл очувчи), Осириснинг биринчи жангчисининг кириб келиши.
2. Осириснинг қайиқда сузиб келиши ва унга душманларнинг ҳужум қилиши.
3. Маккор акаси Сет томонидан Осириснинг ўлдирилиши.
4. Маъбуд Тот томонидан жасаднинг қайиқда олиб кетилиши.
5. Осириснинг ўлдирилган жойи – Недитда кўмилиши.
6. Тирилган Осириснинг Абидосдаги ўз ибодатхонасига қайтиши ва умумхалқ тантанаси.
Кўринишларнинг ҳаммасида бош ролни Осириснинг ўғли – маъбуд Гор ўйнаган. Гор ролини эса аъён Ихернофретнинг ўзи ижро этган.
Ҳерадот юнонларнинг Дионисий мистерияларини Миср халқ диний байрамлари билан солиштириб, улар орасида шунчалик кўп умумийлик топадики, натижада юнонлар мисрликларнинг байрамлари ва урф-одатларини қабул қилганлар, деган хулосага келади. Драматик матнларни ўрганиш мисршуносларни қадимги Миср театри ўзининг диний-илоҳий моҳиятига қарамай, фақат тор доирадаги диний мавзулар билан чекланиб қолган эмас. Чунончи, «Тобутлар матнлари»да, ундан кейин «Маййитлар китоби»нинг 78-бобида Гор ва бошқа мифологик персонажлар иштирок этган комедиядан парчалар сақланиб қолган. Унда маъбуд Горнинг элчиси қатор ҳолатларда кулгили аҳволга тушиб қолади. «Маййитлар китоби»нинг 39-бобида ҳам Миср иблиси – илон Аппоп иштирок этган кулгили сценарийдан парча берилган. Шундай қилиб, қадимги Миср мистерияларида фақат фожеавийлик эмас, балки кулгилилик ҳам ўз ўрнига эга бўлган.
Дунёвий театрнинг қадимги Мисрда мавжуд экани ғоятда эътиборга сазовор. Ундаги ролларни коҳинлар эмас, мутахассис-актёрлар бажарган. Эдфулик Энхеб деган кимсанинг таржимаи ҳоли ёзилган битикдан унинг сайёр актёр ва мусиқачи бўлганлигини англаш мумкин. Ҳозиргача бу бизга етиб келган шу хилдаги ягона матндир. У қадимги Мисрда профессионал театрларнинг, яъни дунёвий театрларнинг мавжудлигини исботлаши билан қимматли. Демак, театр санъати қадимги юнон ва қадимги ҳинд театридан анча аввал ҳам Шарқда мавжуд бўлган экан.
Қадимги Мисрда мусиқа ва мусиқачилар ҳурмат-эътиборга сазовор бўлишган. Қадимги мисрликларнинг мусиқага катта қизиқиши билан қараганликларини бизгача етиб келган ёдгорликлар тўла исботлаб беради. Қадимги чолғу асбобларидан ташқари, бизгача чолғу чалаётган мусиқачиларнинг номлари ҳам сақланиб қолган. Мирза-хаттотга насиҳатлардан бирида унинг най ва сибизға чалиши, чилторга жўр бўлишни билиши, нехт деб аталган мусиқий асбоб ёрдамида қўшиқ айта олиши керак, дейилади. Қўшиқчилар ва мусиқачилар ҳам эркаклардан, ҳам аёллардан бўлган. Демак, мусиқа қадимги Миср мактаблари дастуридан ўрин олган, уларда эстетик тарбия масалаларига алоҳида эътибор берилган. Этнографик маълумотлар, шунча узоқ тарихий давр ўтишига қарамай, Юқори Миср фаллоҳлари, қадимги Мисрдаги мусиқий унсурларни сақлаб қолганликларини кўрсатади. Мушук ва сичқон ҳақидаги халқ қўшиғи бунинг далилидир.
Шундай қилиб, қадимги Мисрда вужудга келган эстетик ғоялар, ижодий тамойиллар, жанрлар кейинги даврлар нафосат илми ривожига ҳаракатлантирувчи маънавий куч сифатида таъсир кўрсатганига шубҳа йўқ.
Шарқда вужудга келган бошқа қадимги давлатларда яшаган халқлар илгари сурган эстетик ғоялар ҳам катта аҳамиятга эга. Чунончи, муқаддас «Библиё» китобининг аввалги қисми бўлмиш «Аҳд ул-қадим»ни қадимги яхудийлар дини билан боғлиқ сўз санъатининг улкан ёдгорлиги деб аташ мумкин. Унда ва кейинчалик қўшилган бошқа қисмларда қадимги адабиётнинг диний асотирлар, тарихий афсоналар, қаҳрамонлик эпоси шаклларида акс этганини кўрса бўлади. Уларда гўзаллик ҳақидаги тасаввур ўзини диний-мифологик шаклда намоён қилади. Библиёдан ўрин олган асарларнинг кўпчилигида Сомир-Бобилон ва Мисрда илгари сурилган ғоялар таъсирини илғаш қийин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |