Эстетик тарбиянинг мақсади ва вазифалари
Тарбия масаласи барча ижтимоий-гуманитар фанлар тадқиқот обьектининг муайян қисмини ташкил этади. Бу хусусият нафосат фалсафасига ҳам хос. Бироқ, тарбиянинг бошқа шаклларидан фарқли ўлароқ, эстетик тарбия инсоннинг доимий ҳамрохи, яъни унинг туғилишидан токи умрининг охирига қадар эҳтиёж сезиб яшайдиган тарбия шаклидир. Инсон ўзининг эстетик тарбиясини такомиллаштирмай туриб, ҳаётини тўлақонли йўлга қўйиши мумкин эмас. Чунончи, ҳаётнинг гўзалликларини хис этиш ва ундан баҳраманд бўлиш ҳам инсоннинг эстетик жиҳатдан қандай тарбия кўрганлигига боғлиқ.
Одатда чиройли кийинган, ширин муомалали инсон билан мулоқот қилганимизда ёки сарамжон-саришта хонадонга ташриф буюрганимизда уларга нисбатан “эстетикаси зўр” деган бахо берамиз. Бу бахо билан айни пайтда ўзимизнинг эстетик тарбиямизни ҳам бахолаган бўламиз. Бироқ, эстетик тарбия ўз-ўзидан пайдо бўлиб, ривожланадиган «микроорганизм» ёки бирдан тўхтаб қоладиган «механизм» эмас. У секин-аста инсон томонидан орттирилган ҳаётий тажрибалар, кўникмалар, билимлар орқали шаклланиб боради. Эстетик тарбия ижтимоий тараққиётнинг жабҳаларида аниқ мақсадларга йўналтирилган фаолият сифатида иш олиб боради.
Бозор иқтисодиётига асосланган эркин, фуқаролик жамиятини қуриш жараёнида инсоннинг амалий фаолияти билан боғлиқ бўлган барча соҳаларда эстетик тарбияга бўлган эҳтиёж янада ортади. Айниқса, ишлаб чиқариш муносабатлари ўзгараётган, ахборот коммуникация технологияси ва Интернетнинг инсонларга тобора яқинлашуви, хизмат кўрсатишнинг янгидан-янги турлари шаклланаётган ҳамда инсон онгини эгаллаш учун олиб борилаётган кураш жараёнида эстетик тарбия масалалари кун тартибининг долзарб масалаларига айланмоқда. Маълумки, шахс ижтимоий тараққиётнинг турли жабҳаларида бевосита ва билвосита иштирок этади ва бу жараёнда ижтимоий тараққиётнинг эстетик субъектига айланади. Бирор-бир шахс жамият ижтимоий жараёнларидан четда турмайди, аксинча, ўзининг хатти-ҳаракати билан бу жараёнларга муайян даражада таъсир кўрсатишга ҳаракат қилади. Эстетик тарбия ана шу таъсирларни гўзаллик ва улуғворлик асосида йўналтиришга хизмат қилади.
Тарбиянинг бу шакли ижтимоий жараёнларда иштирок этар экан, ўз навбатида, кишиларга жамиятда олиб борилаётган ижобий ишлардан завқланиш, демократик муносабатларга нисбатан қизиқиш туйғусини уйғотишни асосий мақсадлари сирасига киритади. Бундан ташқари, эстетик тарбия инсонни янгиликлар яратишга ундабгина қолмай, айни пайтда уни нафосат тамойиллари, гўзаллик талаблари асосида ривожлантиришга ўргатади ҳам. Негаки, инсон оламга эстетик жиҳатдан бой дунёқарашга эга бўлган, эстетик туйғуси ва эстетик диди тарбияланган холда келмайди. Бу кўникмалар инсон томонидан воқеликни кузатиш, ўрганиш ва улардан тегишли хулосалар чиқариши натижасида шаклланади. Инсон ана шу туйғулар таъсирида ўзи учун мутлақо янги бўлган оламни кашф этади.
Шу боис бугунги кунда эстетик тарбиянинг бош мақсади - шахсни ҳар томонлама камол топтириш, унинг эстетик диди ва эстетик дунёқарашини бойитишдан иборатдир. Ушбу мақсадлардан келиб чиққан холда қуйидагилар эстетик тарбиянинг асосий вазифаларига айланиши зарур:
- шахсни ҳаётни оқилона, теран хис этадиган, турмуш тарзини бунёдкорлик асосида ташкил этишга интилган янги кишини шакллантириш;
— фуқароларда санъат асарлари ва бадиий ижод намуналарини фаол ўзлаштириш, уларнинг эстетик моҳиятини англаш ва баҳолаш қобилиятини такомиллаштириш;
— жамият аъзоларининг ижодий имкониятларини намоён қилдириш ва улардан фойдалана билишга ишонч туйғусини уйғотиш;
— табиат ҳамда жамият ижтимоий жараёнларига соф туйғу билан муносабатда бўлишга ва уларни равнақ топтириш йўлида астойдил фаолият олиб бориш кўникмаларини хосил қилиш;
— ўтмиш маънавий меросимизга ҳурмат хиссини уйғотиш, миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш учун замин яратиш;
— ижоднинг барча турларини тараққий эттириб жаҳонга юз тутиш ва уларни миллат манфаатлари учун наф келтирадиган томонларини тарғиб қилишга ундаш каби масалаларни оқилона хал этишга эришиш;
эстетик туйғу ва эстетик диднинг инсоннинг барча фаолиятларида устувор бўлишини таъмин этиш билан белгиланади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, эстетик тарбияни қарор топтириш жамиятнинг бирдан бир мақсади эмас. Эстетик тарбиянинг вазифаси нафақат юксак эстетик дид, эсетик идеал ва эстетик туйғуларга эга бўлган инсонларни яратиш, балки уларни жамият ҳаётида, турмуш нафосатида, меҳнат фаолиятида, шунингдек ахлоқий муносабатларда гўзаллик ва улуғворликни хис қиладиган ва ярата оладиган инсонларни шакллантиришдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |