Шўролар даври ва ундан кейинги ўзбек ахлоқшунослиги
ХХ асрнинг 30 йилларида Шўролар Иттифоқида даҳшатли қатоғонлар бошланди. Миллионлаб одамлар қамалди, сургун қилинди ва отиб ташланди. Айниқса зиёлилар бошига оғир кулфатлар ёғилди. Жадидчилик «илдизи билан қўпориб ташланди», улар асосоан жисман йўқ қилиндилар. Ўзбекистонда янги мустамлакачилик сиёсати тўла йўлга қўйилди. Бутун Иттифоқ бўйлаб ахлоқсизликнинг энг тубан кўринишлари ахлоқийлик деб эълон қилинди ва шахс эркинлиги, инсоннинг яшашга бўлган ҳуқуқи тоталитар тарзда поймол этилди. Бундай шароитда ахлоқий равнақ, ахлоқшуносликнинг тараққиёти тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.
Дарҳақиқат Шўролар даврида ахлоқшунослик фан сифатида умумтаълим мактабларида ҳам, ўрта махсус ўқув юртларида ҳам, олий таълим тизимида ҳам ўқитилмас эди. Фақат 70-йилларга келиб, у олий ўқуқ юртларида факултатив тарзда, 70-йилларнинг иккинчи ярмидан қаътий ўқув режа асосида “Этика” номи билан ўқитила бошланди. Бундай, “сусткашлик”нинг сабаби шунда эдики, ахлоқ умумбашарий ва миллий қадриятлар тизими сифатида коммунистик партиявийлик, синфийлик ва пролетар диктатурасининг бир ёқламаликдан иборат, тор, аксилдемократи доирасига сиғмасди. Натижада ахлоқ илмида фақат рухсат берилган муаммолар марксчилик таълимотига мос келадиган ўтмиш файласуфлари меросини тадқиқ этиш каби ҳоллар ахлоқшунослик фанининг сохталаштилишига олиб келди, унда тафаккур эркинлиги мантиқийлик, тарихийлик ва олимона холислик тамойиллари бузилди. Бу эса илмий кадрлар танқислигини вужудга келтирди, бу танқислик, афсуски, ҳозир ҳам бартараф этилгани йўқ. Зеро етмиш йилдан ортиқ давом этган тазйиқ остида вужудга келган бўшлиқни беш - ўн йил ичида тўлдириш мумкин эмас.
Фақат Россияда ахлоқшунослик илми - Этика бошқа қарам республикаларга нисбатан бир оз ривожланди. Бу борада О. Дробницкий (“Проблемы морали”, “Проблемы правсвенности”, И.Фролов («О человека и гуманизме») А.Гусейнов (Золотое правило провенности»), “Краткая история этики”), А.Иванов, (“История этики Древнего мира”, “История этика средневековья”) сингари рус олимларининг тадқиқотларини кўрсатиб ўтиш мумкин. Ўзбекистонда эса ахлоқшунослар бармоқ билан санарли эди. Боз устига, улар учун Ахлоқ фалсафасининг долзарб муаммолари ва назарий масалаларини кўтариб чиқиш мумкин эмасди. Бизда асослан кийиниш одобига, ўзни тутишга оид мақола ва китобчалар нашр этиларди. Уларда ўзбек ёшларининг кийиниши, қизларнинг сочларини кесиш - кесмаслиги каби “миллий” ахлоқий муаммолар кўтариларди. Миллий минтақавий ахлоқий тафаккур тарихига доир асарлар эса, юқорида айтилганидек, бир ёқламалик табиатига эга эди. Шундай қилиб, марказдаги рус олимлари ҳам, ўзбек ахлоқшунослари замон тазйиқи остида ўз истедодларини тўлалигича намоён этолмадилар.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг илмда, шу жумладан Ахлоқ фалсафасида ҳам таффаккур эркинлиги учун йўл очилди. Биринчи навбатда тоталитар тузум таъқиқига учраган миллий-минтақавий маънавий меросимизни нашр этиш, зиёлиларни ва ҳалқни улардан хабардор қилиш имкони туғилди. Қисқа муддат ичида муқаддас китобларимиз ва буюк файласуф - ахлоқшуносларнинг асрлар мобайнида минтақада машҳур бўлиб келган асарлари чоп этилди. Қуръони карим, тафсирлар, имом Бухорийнинг тўрт жилдлик “Жоме ас-саҳиҳ”, Имом Термизийнинг “Шамойили Мухаммадия” ҳадислар тўпламлари, Абу Лайс Самарқандий, имом Ғаззолий, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Азизиддин Насафий, Ҳусайн Воиз Кошифий каби ўнлаб алломаларнинг ахлоққа доир китоблари халқимизга етказилди. Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб”, “Насойим ул-муҳаббат” асарлари илк марта қисқартирилмасдан, бузилмаган ҳолда нашр қилинди. Илмий тил билан айтадитган бўлсак, Ахлоқ фалсафаси тарихига доир холис тадқиқотлар олиб борилиши учун материаллар манбаалар хазинаси пайдо бўлди. Ҳ.Шайхова, Й.Жумабоев, Ҳ.Алиқулов сингари ахлоқшуносларнинг ахлоқ назарияси ва ахлоқий тафаккур тарихига доир янгича, холисона илмий ёндашув асосида яратилган асарлари илмий жамоатчилик ва кенг китобхонлар оммасига етиб борди. Ахлоқ фалсафаси фанидан ўзбек тилида илк ўқув адабиётлари пайдо бўлди.
Шундай қилиб, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Ахлоқ фалсафаси тараққиёти учун зарур барча шароитлар яратилган. Энди гап ўша шароитлардан фойдаланиб, кенг қамровли назарий ва тадқиқотлар олиб бориш, ўзбек ахлоқшунослиги тадрижий тарзда ривожлантириш ҳамда уни жаҳон миқёсига олиб чиқишда қолди, холос. Ахлоқшуносларимизнинг янги авлоди бу ишни шараф билан уддалайдилар, деган ишончдамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |