Абдурауф Фитрат. Туркистон маърифатчилари ахлоқшунослигида том маънодаги миллий қаҳрамонимиз Абдурауф Фитратнинг (1884 - 1938) «Нажот йўли» («Раҳбари нажот») асари ва, айниқса, «Оила ёки оила бошқариш тартиблари» (1914) китоби алоҳида ўрин тутади. Аввало, шуни айтиш керакки, «Оила» ўзгача бир шиддатли услуб билан ёзилган. Унда ҳам танқидий руҳ, ҳам даъват руҳи кучли. Фитрат она-Туркистонни озод кўришни истайди, бунинг учун ҳар бир туркистонлик оила, ахлоқ, аъмол ва эрк ўчоғи бўлмоғи лозим. Мутафаккир янги оилани ана шу тартибда қуришга даъват этади. Ҳар жиҳатдан соғлом бўлган оила етиштирган фарзандларгина миллатни юксакка кўтара олишини, уни истибдоддан қутқаришини айтади: «Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқдир. Лекин ана шу қурол-аслаҳамиз синиб, занг босиб чириб кетган. Шундай қуроллар билан бу дунёда бизга на саодат ва на роҳат бор...», - дейди алам билан Фитрат.1
Ватанпарварлик ва миллатпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, муаллиф китобнинг биринчи қисмига, маълум маънода меъёрий дастуриламал тарзида тартиб беради. Ундан ҳар бир янги оила қурмоқчи бўлган туркистонлик кичик ҳажмдаги ахлоқий-маиший, гигиеник-саломатлик қомуси сифатида фойдаланиши мумкин эди. Бундан таш-қари, асарда оиланинг моддий томонлари, ташкил топгандан бошлаб, бузилишигача бўлган ҳолатларнинг ахлоқий асослари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтади.
Китобнинг иккинчи қисми фарзанд тарбиясига бағишланган. Фитрат ҳам тарбияни анъанавий йўналишда талқин этади: жисмоний тарбия, ақлий тарбия ва ахлоқий тарбия. Ана шу уч тарбия уйғунлигида ҳақиқий инсон камол топади, деб ҳисоблайди муаллиф. Китобнинг бу қисмида Фитрат, маълум маънода, ўзига хос ахлоқий тарбия назариясини тақдим қилади. У ихтиёр эркинлиги муаммосини майл тушунчаси орқали ўртага ташлайди: бахт майли, фаолият майли, алоқа майли, бошқаларга меҳр-муҳаббат майли ва ҳ.к. Буларнинг ҳаммасида ҳам инсонни жамият аъзоси сифатида, ижтимоий мавжудот сифатида олиб қарайди. Шунингдек, у иззат-нафс, айниқса, ирода масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. «Ирода ва ихтиёр» сарлавҳаси остидаги кичик бобда Фитрат фарзандни иродали қилиб тарбиялашга даъват этади, ирода тарбиясининг тўрт банддан иборат қоида-бос-қичларини таклиф этади. Болани иродали қилиб тарбиялашда ота-онанинг зўри эмас, балки болага бериладиган муайян эркинлик муҳим эканини таъкидлайди. «Ота-оналарнинг ҳақ-ҳуқуқлари» бобида ҳам балоғатга етган фарзанднинг эркинлик даражаси ҳақида фикр юритилади.
Умуман олганда, Фитратнинг «Оила» китобида амалий ахлоқ билан ахлоқ назарияси муаммолари уйғунлашиб кетган. Лекин унда педагогик-дидактик услуб эмас, жанговар чорлов услуби устун. Фитрат учун юксак ахлоқийлик эрк ва эрксеварлик билан мустаҳкам боғлиқ; Туркистон ва туркистонликни озод кўриш, яъни миллий мустақиллик мафкураси китобнинг руҳига сингдириб юборилган. Уни ўқиган киши нафақат ахлоқий фазилатлар нималардан иборат ва уларга қандай эришиш кераклигини, балки миллий озодлик, шахсий эркинлик нима-ю, уни қандай қилиб қўлга киритиш мум-кинлигини англаб олади. Шу боис мутафаккир-жадид Абдурауф Фитратнинг «Оила» асари Туркистон миллий Уйғонишида бениҳоя катта рол ўйнади, дейиш мумкин. Айни пайтда у ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ажойиб ахлоқий-маърифий рисола сифатида алоҳида эътиборга молик.
XIX аср охири ва XX аср бошларида аёлларнинг илмли, ҳар жиҳатдан юксак ахлоқ-одоб эгаси бўлишлари учун зиёлилар орасида жиддий ҳаракат авж олади. Зеро, оиладаги бола тарбияси, яъни ёш авлод тарбияси асосан оналар қўлида экани ҳаммага аён бўлиб қолган эди. Таъкидлаш жоизки, илғор, зиёли аёллар нафақат қизлар мактабларини очиб мактабдорлик қилиш, балки ахлоқий-тарбиявий рисолалар ёзиш йўли билан ҳам бўлажак зиёли оналарни вояга етказишга ҳисса қўшадилар. Шу жиҳатдан Олимат ул-Банотнинг Санкт-Петербургда 1898 ва 1899 йилларда икки марта нашр этилган «Муошарат одоби» («Турмуш одоби») асари ўз вақтида катта аҳамиятга эга бўлди. «Агар хотун ўқиган бўлса, ўзининг ким эканлигини, вазифаси нимадан иборат эканлигини шак-шубҳасиз билади. Болаларини эса гўзал тарбия қилади, эри билан яхши муомалада бўлади ва ниҳоят Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ ҳаёт кечиради», - дейди рисола муаллифи.1 Унда аёлларнинг турмушдаги ўрни, оилавий вазифалари, эр-хотин орасидаги муносабатлар, болалар тарбияси, уй тутиш, никоҳ ва муҳаббат борасида фикрлар билдирилади. Айни пайтда уй хизматчиларига муносабатда инсоф ва адолат юзасидан, уларнинг ҳам уй эгаларига ўхшаш инсон эканликларини ҳисобга олиб иш кўриш лозимлиги таъкидланади, турмушнинг оқилона уюштирилиши учун хизмат қиладиган ибратли маслаҳатлар берилади.
Бошқа бир татар зиёли аёли Фахр ул-Банот Сибғатуллоҳ қизининг саксон етти сабоқдан иборат «Оила сабоқлари» (1913) рисоласи эса тарбиянинг турли томонларини бирваракай ўз ичига олади. Ахлоқшунос олима ўз рисоласини, хонимларга, қизлар мактаби шогирдларига оила вазифалари тўғрисида фойдали маълумотлар бериши билан бирга улар учун осон тушуниладиган ахлоқ сабоғи ҳамдир, дейди. У ўн иккинчи сабоқда тарбияни «илмли ахлоқнинг тани, негизи», деб таърифлайди. Асар фалсафий мушоҳадалардан кўра кўпроқ амалий кўрсатмалардан иборат. Айни пайтда унда ҳам маънавиятга, ҳам моддиятга замонавий муносабат масаласи ўртага ташланади, юксак ахлоқли болани вояга етказишда ҳар икки йўналишдаги тарбиянинг муҳимлиги таъкидланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |