Шўролар даври ва ундан кейинги ўзбек эстетикаси
Шўролар даври 1917 йил октябрда (7 ноябрда) большевиклар томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида собиқ чор Россияси ҳудудида «пролетар диктатураси» номи остида тоталитар тузум ўрнатилди. Алдов ва фирибгарлик билан ҳокимиятни қўлга олган В.И.Ленин раҳбарлигидаги бешафқат кимсалар, ўзларини халқ тарафдори қилиб кўрсатиб, кимки қарши турса, ҳатто ўзларига қўшилмаган бетарафларни ҳам қатағон қилишга киришдилар. Ленин ва унинг корчалонлари мақсадини «Новая жизнь» газетасининг ҳаммуассиси, буюк рус ёзувчиси, улуғ инсонпарвар Максим Горкий «Бемаврид мулоҳазалар» фалсафий-публицистик мақолалар туркумида фош этиб ташлади. Газетанинг 1917 йил 7 (20) ноябр, 74-сонидаёқ «Демократия борасида» деган мақоласида у шундай деб ёзган эди:
«Ленин, Троцкий ва уларга эргашган кимсалар аллақачон ҳукмдорликнинг чиркин оғуси билан заҳарланганлар, сўз эркинлиги, шахс эркинлиги ва барча ҳуқуқлар тантанаси учун курашган демократияга нисбатан улардаги шармандаларча муносабат шундан шоҳидлик беради...
Бу йўлда Ленин ва унинг тарафдорлари Петербург остоналаридаги одамкушлик, Москвани харобага айлантириш, сўз эркинлигини йўқотиш, бемаъни ҳибслар сингари Плеве ва Столипинлар қилган қабиҳликларга ўхшаш барча жиноятларни амалга ошириш мумкин деб ҳисоблайдилар».
«Ишчилар диққатига» деган мақоласида эса ( «Новая жизнь», 1917 йил 10 (23) ноябрь, 77-сон) Горкий болшевиклар бошлаган қатағонларнинг асл сабабларини очиб беради:
«...Ленин ва Троцкий тақиқлар билан келишмаганларнинг ҳаммасини очлик ва қирғин билан қўрқитиб, бу «доҳийлар» мамлакатдаги энг сара кучлар не-не қийинчиликларни бошдан кечириб, узоқ вақт қарши курашган ҳукмдорлик зулмини оқламоқдалар. Ўзларини социализмнинг наполеонлари деб билган ленинчилар, ҳар ҳунарга тушиб, Россияни хароб қилишни охирига етказмоқдалар – рус халқи ҳали бунинг учун дарё-дарё қон билан хун тўлайди.
Лениннинг ўзи, шаксиз, истисноли даражадаги қудратли киши... айни пайтда у «доҳийлик»нинг барча хусусиятларига, шунингдек, бу рол учун зарур бўлган ахлоқсизликка ва омма ҳаётига ҳақиқий бойваччаларча бешафқат муносабат қила билиш қобилиятига эга».
Биз Шўролар ўрнатган тоталитар тузум моҳиятини, энг буюк ёвуз инсонлар – Ленин ва Сталин ўрнатган Ёвузлик салтанатининг ижтимоий моҳиятини таҳлил қилиб ўтирмаслик учун Горкийдан каттароқ кўчирма келтириб қўя қолдик.
Маълумки, Горкий кейинчалик Сталин томонидан заҳарлаб ўлдирилди, буюк шоир Маяковский эса ўзини отиб ташлади. Бу ҳодисалар тоталитар тузум учун ниҳоятда қўл келди: Горкий ва Маяковский совет адабиётининг (кенгроқ маънода санъатининг, асосчилари деб эълон қилинди ва Шўролар Иттифоқи ҳудудида социалистик реализм деб аталган сохта метод – асар яратиш услуби ягона, ҳамма санъат турлари учун мажбурий услуб сифатида қонунлаштирилди. Социалистик реализм методи ижод эркинлиги, фикр ва сўз эркинлигини моҳиятан инкор этадиган ҳамда санъатни рус улуғдавлатчилик шовинизмига асосланган синфийлик ва партиявийлик деган, инсонийликка, инсонпарварликка қарши мафкуравий қуюшқондан иборат эди. Бунга кўнмаган ижодкорлар отиб ташланди, қамалди, сургун қилинди, Иттифоқ ҳудудидан чиқариб юборилди. Жаҳонни ҳайратга солган XIX аср охири XX аср бошларидаги рус санъати том маънода инқирозга учради. Миллий республикалар санъатида эса ҳар бир асарда Ленин ва Сталин мадҳ этилар, албатта бошқа миллатларга «ақл ўргатиб турадиган», «улуғ оға» – рус кишиси иштирок этиши шарт эди. Барча республикаларда миллий уйғонишга хизмат қилган оқимлар қатағон қилинганидек, Ўзбекистонда ҳам жадидчилик «таг-туги билан қўпориб ташланди».
Шундай қилиб, XX асрнинг 30-йилларига келиб, фалсафий тафаккур, шу жумладан эстетик тафаккур равнақдан тўхтади, аксинча таназзулга қараб йўл тутди. Эстетика фалсафийликдан кўра, тарғиботчилик билан шуғулланди, мафкуравий, сохта фанга айланди. Янги назарий фикрлар ўртага деярли ташланмади. Умумжаҳоний эстетик назарияларнинг ҳаммасига «реакцион буржуа эстетикаси» деган ёрлиқ ёпиштирилиб, улардан фойдаланиш таъқиқланди, фақат «танқидий ёндашиб», уларни инкор этиш лозим эди. Эстетик тафаккур тарихи ҳам худди шундай «танқидий ўрганилди». Натижада умумбашарий эстетик қадриятлар, мумтоз эстетик тафаккур намуналари бузиб талқин қилинди. Умумжаҳон нафосат фалсафасида тамойилга айланган олимона холислик – «космополитизм», миллий эстетик қадриятларга эътибор – «миллатчилик» тамғалари остида «ёт қарашлар» деб эълон этилди, бундай асарлар муаллифлари қатағонга учради. «Марксча-ленинча эстетика» деган сохта фан ўйлаб топилди, Лениннинг «Партия ташкилоти ва партия адабиёти» деган ўта кетган реакцион, сўз эркинлиги ва фикр эркинлигини тақиқлайдиган, оммавий ахборот воситаларидаги эркинликни йўққа чиқарадиган публицистик мақоласи («доҳий меросида» эстетикага оид ҳеч вақо йўқлиги туфайли) санъат учун эстетик асос деб эълон қилинди.
Барча миллий республикалар учун карвонбоши ҳисобланган рус совет эстетикасида А.Лосев, М.Овсянников, М.Каган, В.Шестаков сингари олимлар қатор асарлар ва дарсликлар яратдилар. Афсуски, бу асарларнинг кўпчилиги, муаллифларининг истеъдодларига қарамасдан, тўлалигича коммунистик мафкурага бўйсундирилгани туфайли юқорида айтиб ўтганимиз «социалистик реализм» деб аталган сохта методни асослашга қаратилди. Уларда гўзаллик ва хунуклик, улуғворлик ва тубанлик, фожеавийлик ва кулгилилик тушунчалари, эстетик англаш унсурлари бир ёқлама, синфийлик ва партиявийлик тамойиллари асосида таҳлил қилинди, мўъжизавийлик ва хаёлийлик тушунчалари эса асосий эстетик адабиётлардан умуман ўрин олмади.
Лекин, кейинчалик, икки босқичли демократия туфайли нафосат фалсафаси ва санъатда муайян жонланишлар рўй берди. XX асрнинг 50-йиллари сўнгги ва 60-йиллар бошида «Хрушчёв демократияси» натижасида санъатда кўтарилиш рўй берди. Умумиттифоқ миқёсида С.Прокофьев, Кандинский, М.Чёрлёнюс, Ч.Айтматов, Е.Евтушенко, Ў.Сулаймонов, А.Вознесенский, В.Тендряков, Б.Қориева, А.Хачатурян, М.Сарьян, М.Плисецкая, М.Магомаев, А.Пахмутова, Р.Ҳамзатов сингари ўнлаб буюк санъаткорлар етишиб чиқди. «Фалсафий мерос» ва «Эстетика тарихи ёдгорликлар ва ҳужжатларда» деб аталган нашрий туркумларда Афлотун, Арасту, Кант, Ҳюм, Бёрк, Дюбо, Ҳелвеций, Шеллинг, Ҳегел, Ҳоум, Золгер, Маццини сингари буюк файласуфлар ҳамда эстетикларнинг асарлари нашр этилди.
Агар «Хрушчёв демократияси» даврида Сталиннинг Иттифоқни ўраб олган темир деворидан дарчалар очилган бўлса, иккинчи босқичдаги «Горбачёв демократияси» йилларида цензура юмшатилди, сўз эркинлиги, ижод эркинлиги, қисман бўлса-да йўлга қўйилди, «совет кишисининг ичидаги қулни сиқиб чиқариш» бошланди, очиқ жамият сари дастлабки қадамлар ташланди. Аввал тақиқланган рус ёзувчиларининг асарлари Б.Пастернакнинг «Доктор Живаго», Фозил Искандарнинг «Чегемлик Сандро», «Арбат болалари», А.Ахматованинг «Реквием» асарлари эълон қилинди, театр, кино, рассомлик ва бошқа санъат турларидаги маълум йўналишларга қўйилган тақиқлар олиб ташланди. Фалсафа соҳасида Г.Шпет, З.Мамардашвили, М.Бахтин асарлари чоп этилди. Фалсафа тарихидаги «оқ доғлар» йўқотила бошланди – А.Шопэнҳауэр, Ф.Нитцше, Вл.Соловьев, З.Фройд, К.Юнг, Н.Бердяев, Н.Лосский, Э.Фромм ва бошқа файласуфлар асарлари нашр қилинди.
Бу даврда эстетика соҳасида А.Гулиганинг «Эстетик тамойиллар», Ю.Боревнинг «Эстетика» (иккинчи нашри) асарлари эътибор қозонди. Гарчанд, уларда марксча йўналиш сақланиб қолган эса-да, жаҳон эстетикасидаги тажрибаларга янгича, маълум маънода холисона ёндашув ва интилиш яққол кўзга ташланиб турарди. Ижод жараёнида онгланмаганликнинг роли, бадиий асарда шаклнинг аҳамияти, турли, социалистик реализм қуюшқонига сиғмайдиган санъат йўналишлари тўғрисида дастлабки фикрлар билдирила бошланди.
Бу даврда ўзбек эстетикасида соҳавийчилик, тўғрироғи, адабиётшунослик ва санъатшунослик ҳукмрон бўлиб, нафосат фалсафасининг умумназарий масалалари кўтарилмас, ҳали ҳам фалсафий фанлар «диалектик материализм», «тарихий материализм», «марксча-ленинча қарашлар» каби қуюшқонлардан чиқа олмас, Москванинг «дастурлари»га қараб иш кўриларди: проф. М.Нурматов маданий меросга «ленинча миллий сиёсат» нуқтаи назаридан ёндашишни тарғиб қилар ва ўзбек эстетикасининг муҳим жиҳатини миллий кийиниш эстетикасида кўрар, проф. Т.Маҳмудов эса Лениннинг «Партия ташкилоти ва партия адабиёти» мақоласини 1991 йилда ҳам («Шарқ юлдузи», 4-сон) эстетик кўрсатма сифатида талқин қилар эди.
Ўзбек эстетикасида мустақиллик йилларидагина ижобий ўзгаришлар рўй берди. Дастлабки пайтларда «соҳавийлик» касали ҳали ҳам ўз кучини йўқотмаса-да, лекин тадқиқот объектига ҳақиқий эстетик ёндашувлар вужудга кела бошлади. Бу даврдаги энг фаол эстетиклар сифатида юқорида номи тилга олинган олим Т.Маҳмудов ва атоқли ёзувчимиз Асқад Мухтор номларини қайд этиш мумкин. Тилаб Маҳмудовнинг рангтасвир эстетикасига доир ўнлаб мақолалари, ўзбек ва рус тилларида китоблари чоп этилди. Энг муҳими, шунда эдики, Т.Маҳмудов замонавий рангтасвир ҳақида фикр юритар экан, тор санъатшунослик доирасидан чиқишга ва муайян рассом ижоди ёки асарга фалсафий-эстетик жиҳатдан ёндашарга: тадқиқот объектини гўзаллик, улуғворлик в.б. эстетик тушунчалар зиёсида ёритиб берарди, шунингдек эстетик маданият масалаларига ҳам катта эътибор қаратар эди. Айниқса, Раҳим Аҳмедов, Чингиз Аҳмаров ва унинг шогирдлари – Баҳодир Жалолов, Жавлон Умарбеков асарларининг таҳлили юксак эстетик савияси билан диққатга сазовор бўлди. Айни пайтда Т.Маҳмудов «Санъат», кейинчалик «Нафосат» журналларининг бош муҳаррири сифатида ўзбек миллий эстетикаси тараққиётига катта хизмат қилди, ҳозир ҳам унинг мақолаларида тор соҳавийликни эмас, эстетик кенгликни кўриш мумкин.
Атоқли адиб Асқад Мухтор шўролар давридаёқ гўзаллик ҳақида, унинг қудрати ҳақида фикрлар билдирган. Унинг «Гўзаллик» деган кичкинагина мақоласида бу эстетик хусусият ва тушунчани ўзига хос шархлайди. Асқад Мухтор шўролар тузумида гўзалликка, эстетикага эътиборнинг етарли эмаслигини рўй-рост айтади:
«Гўзалликни таъриф қила билмаслик айб эмас. Лекин уни тушуна билмаслик, гўзалликка бефарқлик, лоқайдлик, дидсизлик бизнинг давримизда айб. Ҳаётга эстетик муносабатимизнинг олий шакли – санъат асари. Бизда ҳали санъат асарининг қалбларга зилзила соладиган кучини менсимайдиган одамлар йўқ эмас. Гўзаллик ҳиссини тарбиялаш ишлари унча яхши йўлга қўйилмаган... Эстетика масалалари яхши ишланмаган, оммабоп рисолалар йўқ... Ким гўзал деса – мен: гўзалликни тушунадиган одам гўзал, деб жавоб берардим».
Бошқа бир мақоласида атоқли ёзувчимиз маънавий ва эстетик комилликни ёнма-ён қўяди, эстетик тарбия инсоннинг тасаввурга бой, ўзига ишонадиган кучли шахс бўлиб етишувига кўмаклашади деган фикрни илгари суради:
«Маънавий ва эстетик такомил ҳар қандай касбдаги одамга ҳам зарур, – деб ёзади Асқад Мухтор. – У ижодий тасаввур кучини оширади, фантазияни кенгайтиради, энг оғир шароитларда қатъиятли, ўзига ишончли, қувноқ ва изчил бўлишга ўргатади».
Асқад Мухторнинг сўнгги китоби – «Уйқу қочганда» асари асосан фалсафий-эстетик мушоҳадалардан, қайдлардан ташкил топган. Унда муаллиф К.Юнг эстетик қарашларига ҳамоҳанг фикр юритади: фақат асарни эмас, унинг ижодкорини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлайди, асар ижодкордан ўсиб чиқишни, ижодкор «беихтиёр фидоий» инсон эканини айтади. Шунингдек, унинг ижодий тасаввур тўғрисидаги мулоҳазалари ҳам диққатга сазовор. Тасаввурни у инсонга берилган илоҳий неъмат – «олий савқи табиий» деб атайди. Асқад Мухторнинг Умар Хайём рубоийларининг моҳияти ҳақидаги фикрлари ҳам теран фалсафий-эстетик маънога эга, Хайёмни тушунишда маълум маънода калит вазифасини ўташи мумкин.
Асқад Мухторнинг фикрига кўра, Хайём ўз рубоийларида инсон умрининг абсурдлигини, гўзалликдан вақтинча лаззатланиш уни қониқтирмаслигини, лекин бошқа чора йўқлигини, фақат бита имкон борлигини айтмоқчи: у ҳам бўлса – умид, Мутлақ Гўзалликдан умидворлик. Шу боис Хайёмнинг кайфи шодлик қийқириғини эмас, фожеавий фарёдни эслатади.
Бугунги кунда Тилаб Маҳмудовнинг санъат фалсафасига доир, Маҳмуд Абдуллаевнинг эстетик маданият ҳақидаги, Акназар Қурбонмамадовнинг эстетика тарихига бағишланган, Эркин Умаров ва Маъмур Умаровларнинг театр эстетикасига оид, Лаълихон Муҳаммаджонованинг жадид мутафаккирларининг ахлоқий-эстетик қарашларига доир, Мукаррам Нурматованинг эстетик қадриятлар ҳақидаги илмий тадқиқот ишларини ҳамда Валижон Ғуломов, Дилбар Қодирова, Нилуфар Агзамова, Отабек Ғайбуллаев, Насиба Абдуллаева, Феруза Обиджонова, Гулчеҳра Шодиметова каби бир қатор ёш эстетик-файласуфларнинг фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
Шундай қилиб, мустақиллик даврида ҳақиқий миллий эстетикани яратишга киришилди, шубҳасизки, цензуранинг конституцион ва амалий жиҳатдан йўқ қилиниши, сўз эркинлиги, ижод эркинлиги ўзбек санъати ва эстетикасини умумжаҳоний маънавий майдонга чиқиши учун имконият яратди. Бугунги кунда ижодкорларимиз ва эстетик олимларимиз олдида ана шу имкониятдан самарали фойдаланиш вазифаси турибди, зеро эстетик равнаққа кенг йўл очилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |