АДАБИЁТЛАР:
Каримов И. Асарлар. 15 томлик. Т.2. /Биздан озод ва обод Ватан қолсин. Тошкент. Ўзбекистон. 1996.
Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент. Маънавият. 2008.
Авлоний А. Танланган асарлар. 2-китоб. Тошкент. Маънавият. 1998.
Абдуллаев М. Эстетическая культура. Тошкент. Фан. 1991.
Горын В.И. Общественно-эстетический идеал. Киев. Нуакаво Думка. 1983.
Кучерюк Д.Ю. Эстетика труда. Киев. Выша школа. 1989.
Лановенко О.П. Художественное воспитание. Киев. Наукаво думка. 1987.
Махмудов Тилаб. Эстетика и духовные ценности. Ташкент. “Шарк” 1993.
Мингйиллик маърузаси. Талабалар учун қисқа баён. Тошкент. 2003.
Миллий истиқлол ғоясининг асосий мақсад ва вазифалари. Тошкент. Ижод дунёси. 2002.
Органова О.Н. Специфика эстетического воспитания. Москва. Искусства. 1986.
Природа искусства и теория эстетического воспитания. Москва. Искусства. 1980.
Пути и средство эстетического воспитания. Москва. Наука. 1989.
Фитрат А. Адабиёт қоидалари. Тошкент. Ўқитувчи. 1995.
Шиллер Ф. Собрание сочинений. В 7 т-х. Т.6. Москва. ГИХЛ. 1957.
Эстетическое воспитание студентов. Москва. Высшая школа. 1980.
Ҳусанов Б. Ботин-у зоҳир уйғун. “Соғлом авлод учун” журнали. 2007. №3.
Ҳусанов Б. Гўзаллик нимадир?. “Тафаккур” журнали. 2007. №2.
ДИН ВА САНЪАТНИНГ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ
Диний-бадиий қонун, диний-бадиий рамз, диний-бадиий идеал
Ўрта асрлар тарихда умумжаҳоний динларнинг вужудга келиши ва мустаҳкамланиши билан муҳим ўрин эгаллайди. Инсониятнинг нисбатан афкор қисми бу даврда тавҳидни англаб етди. Натижада жаҳоннинг жуда катта қисмида-Осиё, Оврўпа ва Африкада уч дин ҳукмронлик мавқеини эгаллади. Арабистон, Эрон ва Турон минтақаларида мусулмонлик, Ҳинди-хитой минтақасида буддҳачилик, Оврўпада насронийлик умумжаҳоний динлар сифатида майдонга чиқди.
Маълумки, ҳар бир диний эътиқод даъвациз, тарқибот-ташвиқоциз кенг омма орасига кириб боролмайди. Фақат муқаддас китоблар ва ибодатхоналар орқалигина кўзланган мақсадга эришиш қийин. Шу боис даъватнинг янада кенгроқ, бошқа маънавий ҳодисалар кўмагида олиб борилиши табиий зарурат сифатида юзага чиқди. Натижада асосий воситалардан бири сифатида дин санъатни танлади. Зеро санъат барча ифода шакллари ичида универсаллиги билан ажралиб туради: у бир варакайига ранг-баранглик, мукаммаллик ва жонлилик хусусиятларига эга. Шундай қилиб, умумжаҳоний динлар санъат билан ҳамкорлик қила бошлади. Ана шундай ҳамкорлик маҳсулида туғилган ижодни биз диний-бадиий асар деймиз.
Диний-бадиий асарда рамз алоҳида ўринга эга. Рамзнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у ўз мазмунини эмас, бутунлай бошқа мазмунни англатадиган шакл, ўз моҳиятини эмас, бутунлай бошқа моҳиятни ифодалайдиган ҳодиса, қисқаси, бутунлай бошқа ботинни ифодаловчи зоҳирдир. Шу боис ҳам у сирли, яширин: уни муайян билимга эга бўлмай туриб англаш мумкин эмас. Чунончи, нур, олов Аллоҳнинг моҳияти, доимий ёруғлик сочувчи ва шу билан мавжудотга жон бахш этувчи абадий ҳамда мутлақ зиёнинг рамзи. Насронийлар ҳаворийлари бошидаги нурли гардиш (нимба) эса уларнинг авлиёлигини, Худога яқинлигини англатади. Ёки биринчи маърузада айтиб ўтганимиз мусулмон меъморчилигидаги гумбаз – Худо жамолининг, гўзаллигининг, минора – Худо қудратининг, пештоқлардаги оятлар – Худо сифатининг рамзлари эканини эслайлик. Буддҳачиликда ғилдирак ёки оловли доира Буддҳа таълимотининг баъзан эса Буддҳанинг ўзини англатади.
Идеал муаммоси ҳам диний-бадиий жанрда ўзига хос тарзда талқин этилади. Умуман олганда, идеални маълум маънода, антиқа ҳолат – парадокс дейиш мумкин. Унда бор нарса йўқ нарсанинг мезони билан ўлчанади, яъни мавжуд нарсага ёки ҳодисага ўша пайтда мавжуд бўлмаган нарса ёки воқелик талаблари билан ёндашилади. Масалан, ахлоқий идеални олайлик. У, шубҳасиз, инсонни келажакда эришилиши лозим бўлган ахлоқий юксакликка, яъни, олға чорлайди. Лекин унинг учун ўтмишдаги, яъни ортдаги ахлоқий қиёфа идеал бўлиб хизмат қилади. Бунинг устига диний-бадиий идеал ҳаётий идеалдан кескин фарқ қилади, у ҳеч қачон ўзгармайди: ҳеч қачон биз учун – Муҳаммад алайҳиссаломдан, насронийлар учун – ҳазрати Исодан, яҳудийлар учун – ҳазрати Мусодан ўзга, янги пайғамбар пайдо бўлмайди. Ҳаётий идеал эса ўз ҳаётимиз давомида шоҳид бўлганимиздек, вақт, мафкура, давлат тузуми, миллий озодликни йўқотиш ёки унга эришиш ва шу сингари омиллар туфайли ўзгариб туради.
Барча диний-бадиий асарлар муайян, қатъий қонунлар воситасида яратилади. Қонунлар йиллар ёки асрлар мобайнида ишлаб чиқилган мустаҳкам, яъни қонунлаштирилган тизимга асосланади. Сўз санъатидаги диний-бадиий қонунни авлиёлар ҳаётига бағишланган қиссалар, достонларда кўриш мумкин. Уларда бўлажак авлиё ёшлигида бошқа болалардан ажралиб туради, ўйин-кулгиларга қўшилавермайди, каттарганида Аллоҳга суюкли банда бўлиб, мўъжизалар кўрсатади ва умрининг охирида ноқис, калтабин уламолар ёки ҳукмдорлар томонидан қатл этилади. Масалан, «Шоҳ Машраб қиссаси»ни олайлик: авлиё-гўдак она қорнида гапириб юборади, мактабга борганида, ҳаммани ҳайратда қолдириб, илоҳий шеър ўқиб, дарсхонадан чиқиб кетади, кейинчалик олисдаги пири муршидининг ўлими унга аён бўлади, ҳузурига мўъжизавий тарзда етиб келади ҳамда унинг имонини шайтон чангалида қутқариб қолади. Умри эса- қатл қилиниш билан ниҳоя топади. Насронийларнинг «Авлиёлар ҳаёти» («Житье святых») туркумидаги қиссалари ҳам шундай қонун асосида яратилган.
Диний-бадиий қонун меъморликда ҳам яққол кўзга ташланади. Масалан, йирик масжид-жоменинг ташқи ва ички кўринишига эътибор қилайлик: кираверишдаги пештоқда Каломуллодан оятлар, бир ёнда мезна – минора, томда гумбаз, ҳовлида таҳорат учун ҳовуз, ичкарида диний ва дунёвий раҳбарларга аталган махсус жой – мақсура, фатволар ўқиладиган, ваъз айтиладиган минбар, қибла томонда меҳроб ва ҳоказо. Буларсиз жоме-масжидни тасаввур қилиш қийин. Ёки насронийлар черковида меҳроб (алтар), девор-шифтларда Биби Марям, Исо алайҳиссаломнинг тасвирлари, гумбазлар, қўнғироқхона сингари унсурлар албатта бўлиши керак.
Маълумки, диний маросимларда фотиҳа ўқилганда, айниқса ибодат пайтида инсон қалбида фориғланиш, тозариш рўй беради. Инсон кундалик ташвишлар, ғазаб, гина сингари майдакашликлардан фориғ бўлади, уларнинг ўрнини илоҳий орзулар, эзгу – амаллар қилиш фикри эгаллайди. Диний-бадиий асарни эстетик идрок этиш жараёнида ҳам худди шундай ҳолат рўй беради. Лекин бу фориғланиш ибодат жараёнидагига нисбатан анча узоқ давом қилади; диний-бадиий асарнинг таъсири ҳатто бир неча кунга чўзилиши мумкин. Диний фориғланишни қалбда тутиб туриш учун эса ибодат ҳар куни такрорланади. Бунинг сабаби шундаки, ибодат фақат руҳий ҳолатнинг ўзи, санъат эса, яъни бадиий ёки диний-бадиий асар руҳий ҳолат билан моддийликнинг омухталиги руҳ ва вужуд бирлигидир. Шу боис у инсонга яқинроқ, зеро инсон руҳ ва вужуд бирлигидан ташкил топган.
Муқаддас динимиз бўлган Ислом дини мамлакатимизда маънавиятни юксалтиришдаги асосий мезонлардан бири саналади. Ислом дини айни пайтда шахсни бадиий-эстетик тафаккурини юксалтириш, унинг эстетик дунёқарашини ўстириш, эстетик маданиятини шакллантиришда Ислом динининг ўрни беқиёс. Шу боис баъзи бир ақидапарастларнинг ислом дини санъат билан сиғишмайди, деган гаплари бутунлай нотўғри. Зеро, Қуръони каримнинг ўзи ҳар жиҳатдан мутлақ илоҳий санъатдир. Ундаги оҳанг, қофиялар, услуб, қиссалар ҳаммаси мўминлар қалбида Аллоҳнинг буюк, қудратли ва гўзал зот эканига ишонч туйғусини, Унинг гўзаллигидан ҳайратланиш ҳиссини уйғотади. Чунончи, «Юсуф» сурасидаги Юсуф алайҳиссалом қиссаси бадиий асар сифатида ҳам кишини тонг қолдиради. Суранинг 3-оятида Аллоҳ шундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад) Биз Сизга ушбу Қуръон сурасини ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз». Таниқли исломшунос, Қуръонга совуқ тадқиқотчи нигоҳи билан эмас, балки улкан ҳаяжон ва эҳтиром ила мурожаат қилиб, уни бош ҳарфлар билан ёзиладиган «Китоб» деб атаган Михаил Борисович Пиотровский Юсуф қиссаси ҳақида сўз юритар экан, уни бир умумий оҳангга эга, деярли бир қофиядаги яхлит бадиий асар деб таърифлайди; унинг, бошқа қуръоний ҳикоятлардан фарқли ўлароқ, тингловчиларга шаклий-бадиий жиҳатдан ҳам лаззат бахш этишга мўлжалланганини таъкидлайди. Дарҳақиқат, Қуръони каримдаги Юсуф қиссаси Аллоҳнинг ўзи томонидан сўйланган илк исломий диний-бадиий асардир, исломий санъатнинг илк ва гўзал намунасидир. Демак, санъатнинг, хусусан, сўз санъатининг ибтидоси Аллоҳдандир.
Бу борада мавлавия тариқатининг зикрига мурожаат қилиш ўринлидир. Маълумки, бу сулукнинг зикри ўзининг ниҳоятда эстетиклаштирилгани билан ажралиб туради: унда ҳам шеър, ҳам мусиқа, ҳам қўшиқ, ҳам театр санъати унсурлари мужассам. Аллома Е.Э. Бертельс мавлавия тариқати дарвишлари зикр тушадиган асримиз бошларидаги такя театрга ўхшаш саҳнали бино эканини, унга кираётганда беш пиастрга чипта олиш, соябон, қалин уст-бошларини топшириш кераклигини айтади. На фақат бино ва унга кириш усули, балки зикрнинг ўзи ҳам театрни эслатади. Томошабинлар жойлашиб бўлган залга тўққиз, ўн бир ёки ўн уч дарвиш ва уларнинг кетидан шайх киради. Дарвишлар бир-биридан маълум масофада ташлаб қўйилган пўстаклар устига ўтирадилар, узоқ муддат жим қоладилар. Жимликни шайх бузади: дастлаб фотиҳа ўқилади, сўнг най оҳиста қайғули оҳангда янграб, бемаврид ҳаётдан кўз юмган Шамсиддини Табризий ҳақида нола қилади. Ундан кейин ҳофиз дарвишлик ҳаётини мадҳ этувчи ғазални найга жўр тарзда куйлайди, қўшиқ оҳанглари остида дарвишлар ўринларидан туриб, меҳробга яқинлашадилар ва Жалолиддин Румий номи битилган лавҳ-тахтага таъзим бажо келтириб, зал бўйлаб айланма ҳаракат бошлайдилар. Мусиқа кучаяди. Танбур жўр бўлади. Дарвишлар мовий ёпинчиларини ечиб, конус шаклидаги оқ кўйлакларида қоладилар. Улар бирма-бир шайх этагига юкиниб, сўнг қўлларини ёзиб, айлана бошлайдилар, оқ кўйлаклар шишиб, улкан қўнғироқ шаклини олади; ҳар бир дарвиш катта ёки кичик доирада айланади-ҳаракатлар қатъий қонун асосида давом этади ва мусиқага мос равишда тезлашиб боради. Ниҳоят, танбур сўнгги зарбда кескин жаранглайди ва дарвишлар яна пўстаклар устига ўлтирадилар. Яна қўшиқ янграйди:
Кўнгил ҳайрон ўлибдир ишқ алиндин ишқ алиндин...
Жигар бирён ўлибдир ишқ алиндин, ишқ алиндин
Яна қўшиқ оҳанглари остида зикр бошланади1.
Албатта бу зикрни оддий эътиқодий манзара, исломий ибодатнинг бир тури сифатида, менсимасдан кузатган одам унда яхлитлик кўрмайди. Лекин кимда-ким унга муайян билим ва оқилона нигоҳ билан қараса, у албатта яхлит оламни илғаб олади: ўртадаги шайх – Аллоҳга бўлган муҳаббат рамзи, атрофдаги дарвишлар эса – ўша муҳаббат ўқи теграсида айланаётган сайёралар. Инсон ҳам, ташқи дунё ҳам – ҳаммаси бир бутун оламдан иборат, ҳаммасини Худога бўлган муҳаббат ҳаракатга келтиради. Бу зикр театр санъатининг ажойиб намунаси сифатида ҳам эътиқодий-фалсафий, ҳам бадиий-эстетик яхлитликка, теранликка эга.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоиз. Баъзи оврўпалик шарқшунослар ва санъатшунослар исломий санъатга жиддий эътибор қилмасдан, менсимасдан муносабатда бўладилар. Бунинг асосий сабабларидан бирини, бизнингча, исломий санъатнинг моҳиятини, ўзига хос услубий сирларини тушуниб етмасликдан, иккинчисини оврўпапарастликдан ва учинчисини исломни насронийликка нисбатан қуйи даражадаги дин деб қарашдан изламоқ лозим. Уларнинг фикрига кўра, гўёки исломий диний-бадиий асарлар чуқур фалсафий моҳиятдан йироқ, олам ҳақида бир бутун, яхлит тасаввур бера олмайдиган нисбатан мавҳум санъат. Ж. Дюамель, Х. Гибб, Л. Массиньон, А. Мюллер, Н. Хаников сингари оврўпалик олимлар ана шундай фикр билдирадилар.
Бу каби ёндошувлар Ислом дини ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият эканлигини тўғри англамайдиган кишиларда турли хил қарашларни пайдо қилади. “Шу нуқтаи назардан қараганда, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш”2 бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бўлиб қолмоқда.
Ислом дини ўз фазилатлари билан бошқа динлар орасида муносиб ўрни ва мавқеига эга: Ислом илм-фан, маданият ва санъатга катта рағбат кўрсатади. Хатто, Ғарб олимларининг Ислом маданияти ҳақидаги гувоҳлик беришларича “Мусулмонлар ўрта асрларда илм, фан ва фалсафада ягона эдилар. Улар бу нарсаларни қадамлари қаерга етса, шу ерга тарқатдилар. Бу нарсалар улар орқали Оврупода ҳам тарқалди. Оврупонинг уйғониши ва тараққиётининг асосий сабабчилари ҳам мусулмонлардир”.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясидаги ўрнини дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Шу боис, ISESCO томонидан Тошкент шаҳрининг 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилиниши бежиз эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |