Нафосат фалсафаси ва руҳшунослик. Маълумки, инсоннинг руҳий ҳаётини ўрганар экан, руҳшунослик ҳиссиётлар масаласига катта ўрин беради. Гўзалликни, санъат асарини яратиш ва идрок этиш ҳам маълум маънода ҳиссиётлар билан боғлиқ. Масалан, оддий ҳарсанг тош кишида алоҳида бир ҳиссий таассурот уйғотмайди. Лекин тошга ҳайкалтарош қўл урганидан сўнг, ундан ҳаёт нафаси, инсоний ҳиссиётлар уфура бошлайди. Гап бунда тошга одам қиёфаси берилганида эмас, балки шу қиёфага бир лаҳзалик инсоний туйғуларнинг жамланганидадир. Бошқачароқ қилиб айтганда, ижодкор тошга ўзи томошабинга етказишни мақсад қилиб қўйган ҳиссиётларнинг суратини чизади ва оддий тошни ҳақиқий санъат асарига айлантиради. Агар ижодкор - ҳайкалтарош ана шу ҳиссиётларни ўзи мўлжаллаган даражада томошабинга етказа олса ва томошабинда ўша ҳиссиётларга ё айнан, ё монанд туйғулар уйғота олса, мазкур ҳайкал ҳақиқий санъат асари ҳисобланади. Нафосат фалсафаси ҳайкалтарошдан ҳайкалга, ҳайкалдан томошабинга ўша ҳиссиётларнинг қай даражада ўтган-ўтмаганлигини, яъни, бадиий қиёфа қанчалик пухта яратилганлигини ўрганади ва шу асосда асарни баҳолайди. Руҳшунослик эса ана шу хиссиётларнинг ўзини ўрганади. Бундан ташқари, руҳшунослик асар ғоясидан тортиб, то бадиий асар - эстетик қадрият вужудга келгунга қадар бўлган ижодкорнинг ҳиссиётлар оламини тадқиқ этади. Албатта, бундай тадқиқ ва таҳлиллар, ўрганишлар алоҳида-алоҳида, мухтор ҳолда эмас, балки иккала фаннинг бир – бири билан ҳамкорлиги, бирининг иккинчиси ҳудудига ўтиб туриши воситасида рўй беради. Шу боис руҳшуносликка ҳам, нафосат фалсафасига ҳам тенг алоқадор бўлган санъат руҳшунослиги ва бадиий ижод руҳшунослиги деб аталган йўналишлар мавжуд.
Нафосат фалсафаси ва социология. Бугунги кунда нафосат фалсафасининг социология билан алоқадорлиги жуда ҳам муҳим. Маълумки, ҳар бир санъат асари алоҳида инсон шахсига эътибор қилгани ҳолда, жамиятни ижтимоий муносабатлар тизими сифатида бадиий тадқиқ этади. Ҳатто инсон ва жамият бевосита акс этмаган манзара жанридаги асарда ҳам ижтимоийлик жамият аъзоси – муаллиф қарашларининг билвосита инъикоси бўлмиш услубда ўзини кўрсатади. Зеро асар муаллифи ҳеч қачон ўзи мансуб жамиятдан четда «томошабин» бўлиб туролмайди. Шунингдек, йирик асарлар социологик тадқиқотлар учун ўзига хос материал бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, социология жамият билан санъатнинг ўзаро алоқаларини, санъатнинг ижтимоий вазифаларини ўрганади; санъаткорнинг жамиятдаги ўрни, мавқеи, ўқувчи ва томошабинларнинг ижтимоий-демографик ҳолатларини тадқиқ этади; шахс ижтимоийлашувида санъаткор ва санъат асарининг аҳамиятини таҳлил қилади. Бу муаммоларни атрофлича ўрганиш учун махсус санъат социологияси соҳаси ҳам мавжуд. У ҳам социологияга, ҳам нафосат фалсафасига бирдай тегишлидир. Айни замонда, муайян санъат асарлари, жанрлари ва турларининг жамиятдаги мавқеини аниқлаб берувчи махсус социологик сўров усуллари ҳам мавжудки, улар шубҳасиз, санъат тараққиётига, нафосат фалсафасининг санъат соҳасида тўғри йўналиш танлашига кўмаклашади.
Нафосат фалсафаси ва диншунослик. Нафосат фалсафасининг диншунослик билан алоқаси алоҳида диққатга сазовор. Чунки дин ва санъат доимо бир-бирини тўлдириб келади ва кўп ҳолларда бири бошқаси учун яшаш шарти бўлиб майдонга чиқади. Бунинг устига, ҳар бир умумжаҳоний диннинг «ўз тасарруфидаги» санъат турлари бор: буддҳачилик учун - ҳайкалтарошлик, насронийлик учун -тасвирий санъат, мусулмончилик учун - бадиий адабиёт. Шунингдек, барча умумжаҳоний динлар ўз ибодатхоналари бўлишини тақозо этади. Ибодатхоналарнинг эса меъморлик санъати билан боғлиқлиги ҳаммамизга маълум.
Умуман олганда, динлар деярли барча санъат турлари билан алоқадорликда иш кўради. Асрлар мобайнида ана шу алоқалар натижаси ўлароқ, санъат асарининг ўзига хос кўриниши – диний-бадиий асар вужудга келди. «Абу Муслим жангномаси», Шоҳизинда меъморлик мажмуи, Кёлн жомеси, Рембрандтнинг «Муқаддас оила» асари, Ҳинди-Хитой минтақасидаги Буддҳа ибодатхоналари ана шундай диний-бадиий асарлардир. Уларда диний ғоялар бадиият орқали ифода топган. Нафосат фалсафаси бундай асарларни тадқиқ этар экан, албатта, диншунослик билан ҳамкорлик қилмай иложи йўқ: у ўша диний ғояларнинг моҳиятини, ҳар бир умумжаҳоний диннинг санъат олдига қўйган талабларини яхши билмоғи ва ҳисобга олмоғи лозим.
Нафосат фалсафаси ва педагогика. Эстетиканинг педагогика билан алоқаси тарбия муаммоларини ҳал қилиш борасида яққол кўзга ташланади. Чунки педагогика ҳам маълум маънода нафосат тарбияси билан шуғулланади. Лекин бу тарбия алоҳида-алоҳида, мухтор қисмларга бўлинган ҳолда, турли ёш ва соҳалар учун махсус белгиланган тарбия тарзида, яъни муайян, аниқ чегараларда олиб борилади. Масалан, мактабгача тарбия, ўқувчилар тарбияси, спортчилар тарбияси в. ҳ. Педагогика ана шу соҳалар ва ёш бўйича олиб борилаётган эстетик тарбия муаммоларини ўрганади. Нафосат фалсафаси эса нафосат тарбиясининг умумий қонун-қоидаларини ишлаб чиқади, яъни, инсон туғилганидан бошлаб то ўлгунигача босиб ўтадиган босқичлар учун умумий бўлган тарбия фалсафаси сифатида иш кўради. Демак, рус нафосатшуноси М. Каган айтганидек, педагогика тарбия борасида тактик табиатга эга бўлса, нафосат фалсафаси унинг стратегиясидир.
Нафосат фалсафаси ва семиотика. Нафосат фалсафаси семиотика–белгилар ва белгилар тизими ҳақидаги фан билан ҳам алоқадор. Чунки санъат асари белгилар орқали намоён бўлади. Масалан, ҳарфлар, ноталар в.ҳ. Бошқачароқ қилиб айтганда, билиш ва баҳолаш фаолияти натижаларини, яъни семантик ва прагматик ахборотни ўзида мужассам қилган санъат асари ўша ахборотни етказиб беришга ҳам мўлжалланган. Ана шу санъатнинг белги билан боғлиқ томонини, коммуникатив-воситачилик жиҳатини семиотика ўрганади. Айни пайтда, нафосат фалсафисида тузилмали-семиотик нафосатшунослик деб аталадиган назария ҳам мавжуд. Унда санъат махсус тил ёки белгилар тизими, алоҳида санъат асари эса ана шу тизим белгиси ёки ўша тизим белгиларининг изчиллиги сифатида олиб қаралади. Зеро бунда белги санъат асарини идрок этувчига уни етказиб берувчи ҳодиса тарзида ўрганилади.
Бундан ташқари, нафосат фалсафаси кибернетика, экология ва, юқорида айтиб ўтганимиздек, барча санъатшунослик фанлари билан ҳам яқин алоқадорликда иш олиб боради. Чунончи ҳар бир санъат турининг «ўз эстетикаси» мавжуд: сўз санъати эстетикаси, театр эстетикаси, мусиқа эстетикаси в.ҳ.
Do'stlaringiz bilan baham: |