Жадид матбуотида ахлоқий тарбия муаммоларининг ёритилиши
ХХ аср бошларида амалий ахлоқ муаммолари жадид матбуотида кенг ўрин олади. «Тараққий», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон», «Турон», «Хуршид» сингари газеталарда эълон қилинган ҳажвий ва публицистик асарларда ўша давр боёнларининг қолоқлиги, чор маъмуриятининг тўрачилиги, паранжининг янги замонга мос келмаётгани, талабаларга 5 сўм иона (эҳсон) қилиш ўрнига, беш юзлаб сўмни ресторанларда фоҳишаларга сочаётган ахлоқсиз сармоядорлар қаттиқ танқид остига олинади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Ҳамза, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби Уйғониш даврининг буюк намояндалари ўз бадиий асарларида ахлоқ муаммоларини дадил кўтариб чиқдилар ва юқоридаги нашрларда ўз публицистикаси билан ҳам фаол иштирок этдилар.
Жадид матбуоти озодликни, Ватанни жондан ортиқ севувчи, илғор, тушунган, ҳар томонлама камол топган эркин Туркистон фуқаросини тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўйди. Афсуски, дастлабки феврал инқилоби берган ҳуррият узоққа чўзилмади. Большевикларнинг 1917 йилнинг 25 октябрида амалга оширган давлат тўнтариши тез орада унинг ютуқларини йўққа чиқарди, Ленин бошчилигида ишлаб чиқилган янги мустамлакачилик режаси асосида барча тараққийпарвар кучлар қатағон қилинди. Фалсафий фанлар, шу жумладан, Ахлоқ фалсафаси ҳам тараққиётдан тўхтади; улар мафкурага бўйсундирилиб, сохталаштирилди; эркин фикр таг-туги билан қўпориб ташланди. Шу сабабли жадидчилик ўз олдига қўйган вазифаларини тўла адо этолмади. Лекин, шунга қарамасдан, Туркистондаги бу маърифатчилик ҳаракати, қисқа муддат фаолият кўрсатган бўлса ҳам, мазлум халқларни маълум маънода уйғота олди.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Жадидчилик ҳаракати нафақат улкан маънавий-маърифий-ахлоқий мерос қолдирди. Айни пайтда у биз ва биздан ке-йинги авлодлар учун ахлоқий намуналар сифатида хизмат қиладиган, идеалга айлантирилиши лозим бўлган шахсларни вояга етказди. Биз юқорида тилга олиб ўтган жадид мутафаккирларидан ташқари яна шундай сиймолар борки, улар ўз ҳаётларини миллий озодлик ҳаракатини уюштиришга бағишладилар. Улардан бири собиқ Шаҳрисабз беги, кейинчалик чор армияси генерал-майори Жўрабек Қаландарқори ўғли бўлса, иккинчиси Худоёрхоннинг ўғли, Жўрабекнинг куёви Фансуруллобекдир.
Жўрабек рус истилочиларига қарши бир неча йил курашиб, бу шароитда муваффақият қозонишнинг имкони йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, асирлик пайтида Туркистон генерал-губернатори Кауфманнинг таклифи билан чор армияси хизматига ўтади - тинч йўл билан, «ичкаридан туриб» курашиш лозимлигини англаб етади. У саркарда сифатида рус зобит ва аскарлари орасида ҳам, миллий зиёлилар орасида ҳам жуда катта обрўга эга эди. У умрини Ватан, миллат озодлигига бағишлади, жадидчилик ҳаракатининг аввалги сафларида бўлди. Профессор Шариф Юсупов Сирдарё вилояти губернаторининг Жўрабек устидан ёзган махфий чақув хатидан генерал Жўрабек «Таржимон» газетасининг жонкуяр тарғиботчиси экани, унинг усули жадид билан қизиқиши, ўаспирали Тошкентга келганида у билан учрашгани ҳақидаги парчани келтиради ва Фурқат-нинг жадидчилик қарашлари генерал Жўрабек таъсирида шаклланганига ишора қилади.1 Жўрабек 1876 йилда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Шарқшуносларнинг III халқаро конгрессида иштирок этади, у тараққийпарвар рус ва жаҳон адабиётидан ҳам яхши хабардор эди. Унинг Лев Толстой ҳақидаги фикрини рус зиёлиларидан бири шундай келтиради: «Граф Л.Толстой ҳақида Жўрабек эҳтиром билан гапиради: у донишманд адиб ва нимаики ёзса, ўзи ҳис қилиб ёзади. Бунақаси сизларнинг ҳам, бизларнинг ҳам ёзувчиларимиз орасида кам топилади».2
Фансуруллобек эса ўзбек жадидларининг биринчи газетаси бўлмиш Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг «Хуршид» газетасида етакчи ходим эди. Шунингдек, бошқа нашр-ларда ҳам фаол иштирок этарди. У ҳам генерал Жўрабек каби Фурқатнинг эҳтиромига сазовор бўлган зиёли эди. Афсуски, мустамлакачилар улардан қаттиқ ўч олдилар: Фурқат алдов йўли билан хорижга чиқариб юборилиб, қайта Ватанига киритилмади, генерал Жўрабек Қорасувдаги боғ ҳовлисида сирли равишда ўлдирилди, Фансуруллобек эса кейинроқ, Сталин даврида ГПУ ертўласида жон таслим қилди.
Ёшларимизнинг ҳар бири бундай фидойи, ватанпарвар, асл зиёли сиймоларни яхши билишлари ва унутмасликлари керак. Зеро, улар биз учун ҳақиқий ахлоқий намуналардир. Айни пайтда улар ёдини, «элим деб, юртим деб ёниб яшаган» улуғ инсонлар хотирасини эъзозлашнинг ўзи ҳам ахлоқийлик тимсолидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |