Эрих Фромм (1900-1980) асосий диққатини инсон қалбининг ахлоқий талабларга муносабатини очишга, тоталитарчилик, инсонпарварлик, тириксеварлик (биофиллик) ва ўликсеварлик (некрофиллик) ҳақидаги мулоҳазаларга қаратади. Унинг «Севиш санъати» (1956), «Инсон қалби. Унинг эзгулик ва ёвузлик қобилияти» (1964), «Инсон ўзи учун» (1967) каби асарларида ахлоқий муаммоларга кенг ўрин берилган.
Эрих Фромм инсон ҳаётини «санъат», ахлоқни эса «яшаш санъати», Ахлоқ фалсафасини эса инсон ҳақидаги назарий фан деб атайди. Бироқ инсон ана шу «яшаш санъати»га кўп ҳолларда амал қилмайди, яъни ўзига, ўзининг мавжудлигига эътибор бермайди. Мутафаккир шу боис алам ва ачиниш аралаш шундай деб ёзади: «Инсон учун ўзининг хусусий ҳаёти ва яшаш санъатидан бошқа ҳамма нарса муҳим. У ўзидан бошқа ҳамма нарса учун яшайди. Ҳолбуки, ахлоқ яшаш санъати борасида комилликка эришиш учун зарур бўлган меъёрлар мажмуъидан иборат экан, ахлоқий тамойиллар ҳаёт табиатига, хусусан, инсоний мавжудлик табиатига мос келмоғи лозим. Ҳар қандай ҳаёт табиатининг умумий тамойили ўз хусусий мавжудлигини асраш ва барқарор этишдан иборатдир»2.
Шундай қилиб, ахлоқ инсоннинг гўзал яшашини, энг аввало ўзи учун яшашини таъминлаши керак. Фазилат - инсоннинг ноёб индивидуаллиги. Ўз индивидуаллигини намоён эта олган одамгина фазилатли ҳисобланмоғи лозим, зеро инсоннинг ҳаёти ҳамма нарсадан устун ва қимматлидир. Фромм ўз ахлоқий қарашларини ана шу нуқтаи назардан туриб ўртага ташлайди ва ҳимоя қилади.
Фроммнинг фикрига кўра, ёвузлик фақат инсоний ҳодиса. У инсонийлик ҳолатидан ортга қайтиш, инсонга хос ақл, муҳаббат, эрк хусусиятларини йўқ қилишга бўлган интилиш. Айни пайтда, у фожеий ҳолатдир. Чунки инсон, ҳайвоний даражага қайтсада, у бирор-бир сония одам эканини унутмайди, демак, ёвузлик масалани ҳал қилишнинг йўли сифатида уни ҳеч қачон қониқтирмайди. Инсоннинг ёвузлик ҳолати - ўзини эзиб турган инсоний турмуши оғирлигидан озод бўлишга фожиавий уриниши туфайли рўй беради, у ўзини йўқотишдан иборат. Эзгулик бизнинг мавжудлигимизни тобора моҳиятимизга яқинлаштириб боради, ёвузлик эса турмушимиз билан моҳиятимизнинг ўсиб борувчи бегоналашуви демакдир.
Инсон ортга ва олдинга интилишга, бошқача айтганда, эзгулик ва ёвузликка мойил. Токи иккала майл тенг экан, агар у ўз аҳволини англаб етишга қобил бўлса, танлаш борасида эркин. Бироқ, агар инсоннинг юраги тош қотиб, майллари ортиқ тенглашмайдиган даражага келса, у бундан буён танловда эркин бўлолмайди. Инсон то танлаш эрки қолмайдиган нуқтагача ўз хатти-ҳаракатига жавобгардир. Инсон юраги қанчалик тош бўлмасин, у инсоний юрак бўлиб қолаверади. Биз инсон бўлиб туғилганмиз ва шу боис олдимизда доимо қарор қабул қилиш масаласи кўндаланг туради. Ўз мақсадларимиз билан бирга, биз воситаларимизни ҳам танлашимиз керак. Агар кимки ҳаётга бефарқ, лоқайд қараса, ундай одамнинг эзгуликни танлашига умид йўқ.
Фройд қарашлари ҳақида мулоҳаза юритар экан, Фромм ўз устозига нисбатан кенгроқ миқёсда ҳаракат қилади: инсон табиати нафақат биологик, балки тарихийлик билан шартланганини таъкидлайди. У Фройднинг инсон муаммосини тўғри ҳал этишда биологик ва маданий жиҳатларни қарама-қарши қўйиш усулини рад этади, шахсни ўрганишда одамнинг бошқаларга, табиатга ва ўз-ўзига муносабатини тушуниш муҳим деб ҳисоблайди. Шунингдек, Фромм иқтисодий, руҳий ва мафкуравий жиҳатлар бир-бири билан узвий алоқадор эканини, улар жинсий алоқанинг жўнгина рефлексияси эмаслигини айтади. Бироқ Фройднинг буюк хизматларини эътироф этиб, руҳий таҳлил жараёнидан асосий мақсад - устози таъкидлаган ҳақиқатни тан олиш эканини ва руҳий таҳлил ҳақиқатга янгича мазмун берганини уқтиради.
Руҳий таҳлилгача бўлган тафаккурда, агар инсон ўз гапига ўзи ишонса, у ҳақиқатни гапираётган ҳисобланарди. Руҳий таҳлил субъектив ишонч асло ҳаққонийликнинг мезони бўла олмаслигини кўрсатди. Инсон ҳақиқат юзасидан ҳаракат қиламан деб ишониши мумкин, лекин асл сабаб - бешафқатлик. У хатти-ҳаракатнинг сабаби муҳаббатим деб билади, лекин аслида уни мазохча боғлиқликка интилиш ҳаракатга келтиради. Инсон менга бурч раҳнамолик қиляпти деб ўйлайди, аммо асосий сабаб - унинг шуҳратпарастлиги бўлади. Гап шундаки, инсон нафақат буларга бошқаларнинг ишонишини хоҳлайди, балки ўзи ҳаммасига ишонади. Руҳий таҳлил жараёнида одам унинг қайси ғоялари эҳтиросли қобиққа ўралган-у, қайсилари унинг феъл-атвори тизимида илдизга эга бўлмаган, субстанция ва вазндан йироқ шартли клишелар (нусхалар) эканини англайди. Руҳий таҳлил шу маънода ҳақиқатни излашдир. Унинг асосий тамойили шундаки, тафаккуримиз ва ҳиссиётларимизни синчиллик билан ўрганмасдан ҳамда қайси жойда биз ақлийлашамиз-у, қаерда эътиқодларимиз ҳиссиётга бориб тақалишини аниқламасдан туриб, руҳий соғломлик ва бахтга эриша олмаймиз.
Эрих Фромм муҳаббат муаммосига ҳам жуда катта эътибор беради. Муҳаббат, бу - ҳар бири ўзлигини сақлаган ҳолатдаги икки кишининг бирлашуви. Муҳаббат, бу - ҳаракат, ором эмас, фаоллик - кузатиш эмас. Севиш - олиш эмас, бериш. Севгида инсон ўзи учун энг бебаҳо бўлган ҳаётининг бир қисмини - ҳиссиёти, билими, кечинмаларини ўзгага бағишлайди. Буни у ўрнига нимадир олиш учун қилмайди, ана шу «бағишлаш»нинг ўзи нафис бир лаззатдир. Аллома файласуф, юқорида таъкидлаганидек, муҳаббатни ғамхўрлик, масъулият, ҳурмат ва илм унсурларидан иборат деб билар экан, масъулиятга ўзгача эътибор билан қарайди. Фромм масъулиятни одатда қабул қилинганидан бошқачароқ тарзда талқин этади. Одатда масъулият деганда, четдан юкланган, яъни одамга бошқа кишилар, жамият ва ҳоказолар томонидан таклиф этилган, уқтирилган ёки мажбуран бўйнига қўйилган қандайдир бир нарса тушунилади. Фромм эса масъулиятни моҳиятан қалбнинг хоҳиши билан боғлиқ эмин-эркин ҳолат, дейди. Масъулиятни ҳис этиш, бу - бошқа мавжудотнинг эҳтиёжи ва талабига «лаббай» деб жавоб беришга тайёр туриш. Шундай қилиб, масъулият кимгадир ғамхўр-лик қилиш билан боғлиқ. Бошқа томондан файласуф масъулиятни ҳурмат билан боғлайди. Ҳурмат, бу - қўрқув ёки қўл қовуштириш эмас, у инсонни қандай бўлса, шундай қабул этишни талаб этади.
Фроммнинг фикрига кўра, индустриал жамиятда ҳақиқий муҳаббат камдан-кам учрайди. Ўз фарзандларини том маънода севган ота-оналар ҳам умумий қоидадаги истиснодир. Никоҳда эса муҳаббат деб бутунлай бошқа сабаб, бошқа ҳислар тушунилади. Унда ҳатто севги тасаввури ҳам бузилади. Бу айнан инсон ўзини муҳаббатнинг «мўъжиза қуши»ни қўлга киритдим деб ҳисоблаган пайтда рўй беради. Муҳаббатнинг йўқолишига гўё муҳаббатни қўлга киритиб олиш мумкин деган нотўғри тасаввур олиб келади. Шу боис кўп ҳолларда муҳаббатдан бошланган никоҳ икки эгалик қилувчининг, жуфтлашган икки худбиннинг ҳамдўстлигига айланади. Бироқ муаммо никоҳда эмас, балки икки томон шахсининг истеъмолчилик хусусияти билан боғлиқ. Муҳаббатга мавжуд бўлиш, ўзини ифодалаш қобилияти тарзида эмас, балки маъбудга қарагандек муносабатда бўлиш ана шундан келиб чиқади. Шу боис бирга яшашнинг тизимини ўзгартиришга, яъни кўпхотинлилик, жазманбозлик, жамоавий жинсий алоқа ва ҳоказоларга интилиш - бор-йўғи ҳақиқий муҳаббат қийинчиликларини енгиб ўтиш учун йўл қидириш. Агар инсон ўз «ярмини» топиш ва севиш бахтига эришса, у бошқа жуфт излашга ҳеч қачон интилмайди, бутун борлиғини ўз севиклисига бўлган муҳаббатга бағишлайди. Умуман, Фромм тақдим этган шахс тизимида муҳаббат диний ҳиссиёт ва дунёқараш билан биргаликда марказий ўринни эгаллайди.
Руҳий таҳлил фалсафаси, хусусан, ахлоқшунослиги мулкига ниҳоятда қисқача қилган илмий саёҳатимиз охирида шуни таъкидлаш зарурки, бизда, ўзбекларда бу таълимот ҳақида, очиғи, озгинагина тасаввур ҳам йўқ. Уни миллат тарбиясини бузадиган, ҳаёсиз, инсоннинг ёмон томонларинигина кўрадиган, динни тан олмайдиган дунёқараш тарзида қабул қиламиз. Бу - тоталитар тузум, мустамлакачилик мафкурасининг сохта илмий ниқоб остида илгари сурган зарарли ғояларининг таъсиридир. Руҳий таҳлил аслида тоталитар тузумга қарши, мустамлакачилик алдовларини, «доҳийлар» қалбининг зулматини ва ёвузликларини очиб бериш қудратига эга, бутун инсоният учун, жумладан, биз учун ҳам ғоят зарур таълимотдир. Ахир, ўзбекнинг «Одам оласи ичида» деган мақоли бор-ку! Руҳий таҳлил ўша «ола»нинг қаердалигини, қандайлигини, пайдо бўлишига сабаб нима эканини ва уни қандай қилса бартараф этиш, «оққа» айлантириш мумкинлигини кўрсатиб беришда мислсиз аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан қараганда, Президент Ислом Каримов ўзининг машҳур суҳбатларидан бирида Нитцше ва Фройд меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ғоят муҳимлигини таъкидлагани алоҳида диққатга сазовор.1
Do'stlaringiz bilan baham: |