Кредит баҳосининг тақсимлаш функцияси орқали жисмоний ва юридик шахслар ихтиёридаги вақтинча бўш турган пул маблағлари йиғилади ва улар ресурсларга талаби бўлган субъектлар фойдасига тақсимланади. Бунда молиявий воситачилар паст фоиз ставкада жалб қилинган маблағларни юқори фоиз ставкада даромад келтирувчи актив операцияларга жойлаштиради. Тижорат банклари жалб қилинган ресурсларга ўз маржасини қўшган ҳолда ресурслар баҳосини белгилайди. Бундан ташқари, давлат бюджет маблағлари ва ташкил этилган жамғармалар ҳисобидан кредит ресурслари маълум тармоқ ёки соҳаларга тақсимланиб, улар фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Кредит баҳосининг рағбатлантириш функцияси. Кредит баҳосининг рағбатлантириш функцияси кредитор ёки қарз олувчи нуқтаи назаридан икки хил изоҳланиши мумкин. Бунда иккала томонни рағбатлантириш қуйидагича тушунтирилади:
– бўш турган маблағ эгаси ўз маблағини даромад олишга йўналтиради, яъни вақтинча бўш турган маблағларини банкка ёки бошқа бир соҳага йўналтириш орқали фойда олишга рағбат беради;
– қарз олувчи олинадиган кредитни фойда олиш мақсадида маълум муддатга олиб, уни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш ва юқори даромад олишга ҳаракат қилади. Ушбу функция асосида ишлаб чиқаришни ва ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш мақсадида махсус давлат дастурлари асосида имтиёзли фоиз ставкаларини қўллаш орқали амалга оширилиши мумкин.
Кредит баҳосининг кейинги функцияларидан бири бу тартибга солиш функциясидир. Кредит баҳосининг ушбу функцияси орқали бутун иқтисодий муносабатлар тартибга солинади. Кредит баҳосининг бозор тамойиллари асосида шаклланишига қарамасдан қатор омиллар (валютани тартибга солиш хусусиятлари, давлатнинг айрим тармоқларидаги улушининг юқори сақланиши) кредит фоиз ставкасининг тартибга солиш функциясини амал қилишига тўсиқ бўлади. Кредит баҳосининг тартибга солиш функцияси хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз ва қарз маблағларидан самарали фойдаланишини таъминлайди.
Иқтисодиётда кредитга бўлган талабнинг ўсиши банк депозитлари салмоғининг ўсишига мувофиқ бўлиши керак. Бу эса, ўз навбатида, банклар томонидан депозитларга бўлган талаб ва таклиф мувозанатга келгунча давом этади. Аксинча иқтисодиётда кредитга бўлган талабнинг пасайиши оқибатида банкларнинг кредит қўйилмалари ҳажми қисқаради ва натижада кредит операцияларидан олинадиган даромадлар ҳажми камаяди. Кредит фоиз ставкаси аҳамиятининг ошиши унинг тартибга солиш функцияси юзага чиқиши натижаси билан изоҳланади. Кредит фоиз ставкасининг ўзгариши бутун иқтисодиётга ўз таъсирини кўрсатади. Агар кредит фоиз ставкаси талаб ва таклиф асосида шаклланадиган бўлса, иқтисодиётда ишлаб чиқариш ресурслари ва молия бозорларидаги мувозанат тўлалигача таъминланади.