8.3. Деноминация ва нуллификациянинг моҳияти ҳамда
уларни қўллаш тартиби
Деноминация ўз моҳиятига асосан миллий пул бирлигидаги ортиқча нолларни олиб ташлаб муомалага янги пулларни чиқаришдан иборат. Деноминация усулида Россия (3 дона нолни олиб ташлади) ва Турция (лирадан 6 дона нолни олиб ташлади) хукуматлари фойдаланишди.
Инфляцион жараёнларни давлат томонидан тартибга солиб туриш ўз моҳиятига асосан мамлакатда маҳсулотлар, бажарилган ишлар, кўрсатиладиган хизматларга бўлган нарх-наволарни ўсиб боришини чеклаш ва пул тизимини барқарорлаштириш мақсадида давлат томонидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат. Ушбу чора-тадбирлар икки йўналишда олиб борилади:
Деинфляцион сиёсат. Ушбу сиёсат мамлакатда пулга бўлган талабни пул-кредит ва молия механизмлари ёрдамида тартибга солиб турилади. Деинфляцион сиёсат давлат харажатларини қисқартириш, кредитлар учун фоиз ставкаларини ошириш, солиқ юкини кучайтириш (солиқлар сони ва уларни фоиз ставкаларини кўтариш) ва пул массасини чеклашни ўз ичига олади. Шуни таъкидлаш лозимки, деинфляцион сиёсат мамлакатдаги иқтисодий ўсишни секинлашувига сабаб бўлади.
Даромадлар сиёсати. Ушбу сиёсат олиб боришда давлат томонидан маҳсулотлар, кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишларга бўлган нарх-наво ва иш ҳақи устидан бирданига назорат этилади ҳамда уларни ўсишини маълум чегараси ўрнатилади ёки бутунлай «музлатиб» қўйилади. Даромадлар сиёсати ўз моҳиятига кўра қатъий сиёсат ҳисобланади ва у аҳоли ўртасида норозиликни келиб чиқариши мумкин. Лекин инфляция билан курашишда айрим мамлакатларда даромадлар сиёсатидан фойдаланилади.
Халқаро амалиётда ривожланаётган мамлакатларда инфляцияга қарши караш олиб бориш тажрибасида биз таъкидлаб ўтган икки йўналишдан оқилона биргаликда фойдаланилган.
Иқтисодиёти бозор муносабатларига ўтаётган мамлакатларда инфляцияга қарши курашиш ва миллий пул тизимини мустахкамлаш учун асосан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:
- миллий иқтисодиётни соғломлаштириш, инвестиция фаолиятининг тушиб кетишини бартараф этиш ва иқтисодий ривожланишнинг оқилона даражасини таъминлаш;
- рақобатбардош, юқори технологик ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва уни ривожлантириш мақсадида давлат стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш;
- халқ истеъмол товарларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда ишлаб чиқариш фондларининг таркибини ўзгартириш ва унда замонавий техника ҳамда технологияларни жорий этиш;
- тижорат банкларининг инвестиция ва кредит фаолиятини рағбатлантириш;
- солиқ тизимини такомиллаштириш ва ушбу йўналишда асосий эътиборни солиқларнинг рағбатлантирувчи функциясига қаратиш;
- давлат томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
- мамлакат ичида маҳсулотлар, валюта, кредит ер, кўчмас мулк, меҳнат ва қимматли қоғозларининг ягона бозорини шакллантириш ҳамда уни ривожлантириш;
- пул-кредит сиёсатини иқтисодиётнигн ривожланиши ҳолатига асосан ўзгартириб туриш;
- ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш ва маҳсулотлар, ишлар, хизматларни экспорт қилишни рағбатлантириш;
- эркин бозор баҳоларини сақлаган ҳолда даромадлар, харажатлар ва нарх-навони давлат томонидан тартибга солиш ва уни назорат қилиш;
- давлат бюджет тақчиллигини ноинфляцион йўллар билан қисқартириш;
- давлатнинг стратегик олтин-валюта заҳираларини чуқур таҳлил этиш ва улардан оқилона фойдаланишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |