2.2.Пулнинг металлик назарияси
Пулнинг металлик назарияси XVI – XVII асрларда дастлаб капиталнинг бойлик сифатида жамғариш, капиталистик тузумнинг шаклланиши ва ривожланиши шароитида вужудга келди. Агар, капитализм натурал – феодал тузум шароитида ривожланиб унинг асосини бозор муносабатлари ташкил этишини эътиборга олсак, пулнинг металлилик назарияси кишилик жамиятининг натурал – феодал тузуми даврига бориб тақалади.
Маълумки, пул бирлигининг сотиб олиш қобилияти металл асосида аниқланади, металл тангалар ўзида пулнинг ҳақиқий қийматини акс эттириб, улардан танга (монета)лар зарб этилган. Шу боис ҳам металл пул назариясини қўллаб – қувватловчи иқтисодий назариячилар вакиллари қоғоз пул назариясини инкор этадилар. Металл пул назарияси вакиллари ушбу таълимотни ёқлаб чиққанларида асосан нодир металларни, яъни кумуш ва олтин тангаларни назарда тутадилар. Уларнинг таълимотида кумуш ва олтин тангалар реал қийматни акс эттирувчи ҳақиқий пул бўлиб, улар ўз қийматларини йўқотмайдилар. Шу билан бирга, кумуш ва олтин пуллар айирбошлаш муносабатларида реал қийматлари асосида иштирок этиб, иқтисодиётда инфляция муаммосини келтириб чиқармайди, дея таъкидлайдилар.
Дастлаб пулнинг металлик назарияси англия иқтисодий назариячиларининг таълимотларида пайдо бўлган. Металл пул назарияси тарафдорлари сифатида У.Стаффорд (1554 – 1642) Т.Мен (1571 – 1641), Д.Норс (1641 – 1691)ларни таъкидлаш мумкин. Уларнинг пул назарияси асосида металл пуллар ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатлари шароитида табиий равишда вужудга келадиган жараён сифатида эмас, балки металл пулларни вужудга келишини кишилик жамиятининг маълум даврида шаклланган, ривожланган ва чуқурлашиб бораётган айирбошлаш натижаси сифатида қарашган.
Металл пул назариясининг таниқли асосчилари сифатида Франсуа Кенэ ва Адам Смитлар эканлигини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Классик мактабининг физиократлар йўналишининг асосчиси Франсуа Кенэ ўзининг ишлаб чиқариш ва такрор ишлаб чиқариш муносабатларига бағишланган асарида металл пул назариясига етарлича эътибор қаратади. Хусусан, у такрор ишлаб чиқариш қўшимча харажат (инвестиция)лар ҳисобига узлуксиз янгиланиб туради. Қўшимча харажатлар металл кўринишида пуллар ҳисобига амалга оширилиб, металл пуллар ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасида вужудга келадиган иқтисодий муносабатларни амалга оширишда айирбошлаш воситаси сифатида иштирок этади, истеъмол қийматига эга бўлган товарлар айирбошлаш жараёнида бир марта иштирок этганидан сўнг ушбу жарённи тарк этади ва истеъмол қилинади. Бироқ, пуллар эса айирбошлаш жараёнида такрор ва такрор иштирок этади, айнан шу жараёнда пулларнинг металлл тангалардан иборат бўлиши, биринчидан улар ўзининг дастлабки хоссасини йўқотмайди, иккинчидан уларда пулнинг ҳақиқий қиймати ўз аксини топган таълимот асосида металл пул назариясини ёқлаб чиқади.
Классик мактабнинг асосчиси, таниқли инглиз иқтисодчиси Адам Смит бозорда ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасида вужудга келадиган муносабатлар «кўринмас қўл» қоидалари ва «табиий тартиблаш» тизими ёрдамида амалга оширилади, айнан шу муносабатларда металл тангалар ушбу жараённи амалга оширишда муҳим молиявий механизм сифатида иштирок этадилар, деган таълимотни илгари суради. Уларнинг наздида “кўринмас қўл” талаб ва таклиф бўлиб, ишлаб чиқарувчи ўзи яратган моддий неъматлари билан бозордаги таклифни шакллантиради, истеъмолчи эса маълум даражадаги эҳтиёжини қондириш учун қилган ҳаракати натижасида талабни вужудга келтиради. Айнан мана шу жараёнда томонларнинг манфаатлари бозорга таклиф этилаётган моддий неъматлар массаси ва уларни сотиб олиш учун зарур бўлган пул массаси ўртасидаги боғлиқлик натижасида ўзининг ечимини топади. Агар истеъмол учун таклиф этилаётган товар массаси пул массасига нисбатан кўп бўлса уларнинг баҳоси пасаяди ва истеъмолчининг танлов имкониятлари ортади ва аксинча.
Адам Смитт ва бошқа металл пул назарияси тарафдорлари айнан мана шу жараёнда муомалада металл тангаларнинг иштирок этиши ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган моддий неъматларнинг ҳақиқий қийматини холисона баҳолашда қўл келиши асосида металл пул назариясини илгари сурадилар, чунки тўлов воситаси сифатида металл тангалар амал қилган шароитда бозорга таклиф этилаётган моддий неъматлар ҳажми пул ҳажмидан кам бўлганда, металл тангаларнинг ортиқча қисми пул соҳиби томонидан моддий бойлик сифатида жамғармага йўналтирилади, яъни металл тангалар (асосан олтин, кумуш тангалар назарда тутилаяпти) кам миқдорда таклиф этилаётган товар ва моддий неъматлар қиймати (баҳоси)ни сунъий равишда ортиб кетишига йўл қўймайди. Бунинг асосий сабаби металл пуллар ҳақиқий қийматга эга бўлиб, келгусида ҳам улар ўзининг қийматини йўқотмаслиги пул соҳибига катта ишонч бағишлайди ва автоматик равишда бозордаги талаб ва таклифга қараб маълум даврда тўлов воситаси сифатида, маълум даврда эса моддий бойлик сифатида намоён бўлади.
Бизнинг назаримизда, металл пул назарияси тарафдорларининг асосий ютуқлари ҳам шунда бўлиб, муомалада металл пуллар тўлов воситаси вазифасини бажарган пайтда иқтисодиётда инфляция муаммоси вужудга келмаган, шу билан бирга давлат томонидан пул – кредит сиёсатини амалга ошириш ва тартибга солиш каби масалаларига эҳтиёж туғилмаган.
Шу билан бирга, пулнинг металлилик назарияси тарафдорларининг айрим камчиликлари мавжуд бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагиларда кўринади.
Биринчидан, пулнинг металлик назарияси тарафдорлари пулнинг барча функцияларини бажарувчи ҳақиқий пулларни кейинчалик уларнинг ўринбосарлари ҳисобланган қоғоз пуллар билан алмаштирилишини инкор этдилар. Улар ҳақиқий қийматга эга бўлган металл пулларни қоғоз пулларга алмаштириш мумкинлигини ва унинг табиатини тасаввур қила олмадилар. Бироқ, ўша даврларда ҳам қоғоз пуллар Хитойда жуда кенг миқёсда тўлов воситасини бажарар эди.
Иккинчидан, металл пул назариячилари пулларни товар айирбошлаш муносабатлари таъсирида вужудга келганлигини, шунингдек, пулнинг тарихий – иқтисодий категория эканлигини тушуниб етмадилар.
Учинчидан, металлик пул назариячилари таълимотида бойликнинг асосини савдо ташкил этади, бойликнинг асосини олтин ва бошқа қимматбаҳо металларни жамғаришда деган нотўғри тасаввур мавжуд эди. Бу жамиятда ҳар қандай бойликнинг асосида олтин ёки қимматбаҳо металлар эмас, балки бойлик кишиларнинг моддий ва маънавий жиҳатдан етуклиги ҳамда ҳар қандай бойликнинг асосида меҳнат ётишини инкор этишди.
XVIII аср ва XIX асрнинг биринчи ярмида металлик пул назарияси бозор иқтисодиёти иштирокчилари талабларини тўлиқ қондирмай қолди, бу ушбу назариянинг ўз ўрини йўқотишига олиб келди. Бироқ бу жараён жуда узоқ муддат давомида қийинчиликлар билан юз берди, чунки металлик пул назариясини ёқлаб немис (К.Книс, 1821 – 1898 йй.), иккинчи жаҳон урушидан кейин америкалик (М.Хальперн), француз (Ш.Рист, А.Тулемон, Ж.Рюэфф, М.Дебре), англиялик (Р.Харрод) иқтисодчилар шулар жумласидандир.
Жамиятда ижтимоий – иқтисодий жараёнларнинг тобора ривожланиб бориши, шу билан бирга кишиларнинг эҳтиёжи ортиб бориши натижасида айирбошлаш муносабатлари ҳажмининг ўсиши, ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин суръатлар билан кўпайиши муомалада фойдаланиб келинган металл тангалар билан параллел равишда қоғоз пуллар ҳам тўлов воситаси сифатида амал қила бошлади, эволюцион тарзда маълум ижтимоий – иқтисодий ўзгаришлар оқибатида металл (кумуш ва олтин) пуллар ўз ўрнини қоғоз пулларга бўшатиб берди. Бу пулнинг номиналист назариясининг вужудга келишига замин яратди.
Do'stlaringiz bilan baham: |