Bog'liq СУДЛАР ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ БИРИНЧИ БОСҚИЧ СУДИДА МУҲОКАМА ЭТИШ ЖАРАЁНИДА ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИККА РИОЯ ҚИЛИНИШИ ТЎҒРИСИДА
Олдинги таҳрирга қаранг. Суд томонидан алоҳида хонага кирмасдан ўз жойида чиқарилган ажримлар Жиноят-процессуал кодекси 423-моддасининг 4-бандига асосан суд мажлиси баённомасига киритилади ва келтирилган илтимосномани қаноатлантириш рад этилганда қабул қилинган қарорининг сабаблари кўрсатилиши зарур.
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 46-сонли қарори таҳририда) 13. Тарафларнинг музокара сўзлари ЖПКнинг 449-моддаси тартибида эшитилиб, суд баённомасида тўлиқ акс эттирилган бўлиши лозим. Агарда тарафлар ўз нутқларини ёзма равишда тақдим этсалар, нутқлар илова қилиниб, бу ҳақда баённомада қайд этилиши керак.
Судларга тушунтирилсинки, суд тергови тамомланганидан сўнг тарафлар музокара сўзларидан кейин сўнгги эътироз билдириш ҳуқуқи ҳамиша ҳимоячи ва судланувчига берилади, уларнинг ҳар бири бошқа тарафнинг нутқларида айтилган масалалар юзасидан эътирозлари бўлса яна бир мартадан сўзга чиқишлари мумкин (ЖПКнинг 449-моддаси).
Судларга, музокара тамом бўлганидан кейин тарафлар Жиноят-процессуал кодекси 457-моддасининг биринчи қисмидаги 1-6-бандларда назарда тутилган масалалар юзасидан чиқариладиган қарорнинг ўзлари таклиф этиладиган мазмунини судга ёзма равишда тақдим этишлари мумкинлиги, давлат айбловчиси ва ҳимоячи учун қарорнинг бундай мазмунини судга тақдим этиш мажбурийлиги тушунтирилсин (ЖПКнинг 450-моддаси).
Олдинги таҳрирга қаранг. 14. Судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 17-сон қарорининг 23, 24-бандларига биноан, раислик қилувчи ҳукм эълон қилингандан сўнг судланувчига ва бошқа тарафларга ҳукмнинг мазмунини, унинг устидан апелляция ёки кассация шикояти бериш тартиби ва муддатларини, шунингдек, суд мажлиси баённомаси билан танишиш ва унга нисбатан эътирозлар билдириш ҳуқуқини тушунтиришга қаратилсин. Тегишли ҳолларда ҳукм судланувчи билмайдиган ёки етарли даражада билмайдиган тилда баён қилинган бўлса, эълон қилинганидан сўнг, ҳукм таржимон томонидан судланувчининг она тилида ёки судланувчи учун тушунарли бўлган бошқа тилда ўқиб эшиттирилади. Агар судланувчи умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган бўлса, унга афв сўраб илтимос қилиш ҳуқуқи ва тартиби ҳам тушунтирилади.
(14-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги 17-сонли қарори таҳририда) Шунингдек, судларнинг эътибори Жиноят-процессуал кодекси 449-моддасининг адвокат қатнашишидан қатъий назар судланувчига музокара учун сўз берилиши тўғрисидаги талабларига риоя этилиши лозимлигига қаратилсин.
15. Агарда судланувчи охирги сўзида иш учун муҳим аҳамиятли янги ҳолатлар тўғрисида ёки муқаддам текшрилмаган, лекин ишга алоқадор далилларни келтирса, суд Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 452-моддаси талабларига биноан суд терговини янгидан бошлаб судланувчини ушбу ҳолатлар тўғрисида батафсил сўроқ қилиши ва далилларни суд терговига оид процессуал қонун талабларига риоя қилган ҳолда текшириши керак.
Судларнинг эътибори судланувчининг охирги сўзини муайян муддат билан чеклаб қўйиши мумкин эмаслигига, лекин раислик қилувчи судланувчининг сўзини, у ишга мутлақо алоқаси йўқ ҳолатларни баён қила бошлаган ҳолларда тўхтатишга ҳақли эканлигига қаратилсин (ЖПКнинг 451-моддаси).
Жиноят-процессуал кодексининг 453-моддасига биноан судланувчининг охирги сўзини эшитиб бўлганидан сўнг суд ҳукм чиқариш ёки ажрим чиқариш учун дарҳол алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кириши, бу ҳақда раислик этувчи суд мажлиси залида эълон қилиши шартлиги, шунингдек, суд мажлиси баённомасида маслаҳатхонадан қайси куни чиқиб ҳукм ёки ажрим эълон қилинганлиги кўрсатилиши кераклиги тушунтирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг. 16. Жиноят-процессуал кодексининг 415-1-моддасига мувофиқ суд муҳокамаси пайтида суд айбловни оғирроғи билан ёки ҳақиқий аҳволга кўра дастлабки айбловдан жиддий фарқ қиладиган айблов билан ўзгартиришга ҳақли. Янги шахсни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала суд томонидан ЖПК 417-моддасида белгиланган тартибда ҳал этилади.