[ОКОЗ:
1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.12.00.00 Жиноят-процессуал қонунчилиги / 16.12.10.00 Биринчи инстанция судида иш юритиш]
[ТСЗ:
1.Одил судлов. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Адлия / Жиноят-процессуал қонунчилик]
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
СУДЛАР ТОМОНИДАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ БИРИНЧИ БОСҚИЧ СУДИДА МУҲОКАМА ЭТИШ ЖАРАЁНИДА ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИККА РИОЯ ҚИЛИНИШИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 30 апрелдаги 7-сонли, 2002 йил 14 июндаги 10-сонли, 2004 йил 24 сентябрдаги 15-сонли ва 2006 йил 3 февралдаги 5-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этилаётган бир шароитда қонунийликка ва фуқаролар ҳуқуқларига қатъий риоя қилиш, барча процессуал қонунчилик нормаларига амал қилган ҳолда адолатли ва асослантирилган ҳукмлар чиқариш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республика судларида кўплаб ишлар процессуал қонунга қатъий асосланган ҳолда кўрилмоқда. Шу билан бирга ишларни ҳал этиш сифатига салбий таъсир қилувчи жиддий камчиликлар ҳали бартараф этилган эмас.
Айрим ҳолларда иш жараёни қатнашчиларининг қонун томонидан кафолатланган ҳуқуқлари, тортишув принципи бузилиш ҳоллари учраб турибди. Суд жараёнининг тайёрлаш босқичида судланувчининг шахсига оид маълумотлар, иш юзасидан иш юритишни мустасно қилувчи ҳолатлар ҳамма вақт ҳам лозим даражада текширилмайди.
Иш жараёни қатнашчиларининг илтимосларини қаноатлантиришни асослантирилмаган ҳолда рад қилиш ҳоллари учрамоқда. Илтимосларни кўриб чиқиш тартибининг ўзи ҳам бузилмоқда. Айрим ҳолларда суд мажлиси баённомалари қўйилган талабларга мос келмайди.
Қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, жиноят ишларини суд муҳокамаси жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори жиноят ишларини суд муҳокамаси жараёнида процессуал қонунчиликка қатъий амал қилишнинг зарурлигига қаратилсин, фақат унга аниқ ва оғишмай амал қилиш ишнинг ҳолатини ҳар томонлама тўлиқ ва холисона текширишни, жиноятларнинг содир этилишига имкон яратувчи шароит ва сабабларни аниқлашни ва суд жараёнининг тарбиявий таъсирини таъминлашини эътиборга олинсин.
Жиноят ишларини суд муҳокамасига тайинлаш чоғида жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганлиги судларга уқтирилсин ва улар зиммасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 396-моддаси талабидан келиб чиқиб, ҳар бир жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасининг тўғри танланганлигини аниқлаш мажбуриятлари юклатилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тергов органлари ва судларга тушунтирилсинки, гаров тариқасидаги эҳтиёт чораси (ЖПК 249-моддаси), айбланувчи (судланувчи)ни жамиятдан ажратмаган ҳолда унга юклатилган мажбуриятлар бажарилишини таъминловчи самарали восита бўлиб, у пул маблағи ёки қимматбаҳо буюмларни дастлабки тергов органи ёки суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари депозит ҳисоб рақамига топширишдан иборат. Шунга кўра, тергов органлари, судлар ишнинг муайян ҳолатлари ва айбланувчи (судланувчи)нинг шахсини инобатга олган ҳолда унга нисбатан гаров тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш мумкинлиги тўғрисидаги масалани муҳокама этишлари ҳамда айбланувчи (судланувчи)га шахсан ўзи ёки қариндошлари, шунингдек бошқа фуқаролар ёки юридик шахслар томонидан гаровга нарса қўйиш ҳуқуқини тушунтиришлари лозим.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Тушунтирилсинки, ЖПК 434-моддасига мувофиқ, судланувчининг шахсини аниқлашда, суд мажлиси баённомасида унинг фамилияси, исми, отасининг исми, тугилган санаси ва жойидан ташқари, шахсига дахлдор бошқа, жумладан, судланганлиги, давлат мукофоти ёки фахрий унвонлари борлиги, саломатлиги тўғрисидаги ва ҳ.к. маълумотлар ҳам акс эттирилиши лозим.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарори таҳририда)
3. Суд мажлисида раислик этувчи судланувчига суд мажлисидаги унинг ҳуқуқларини, тарафларга, экспертлар ва мутахассисларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тўлиғича тушунтириши шарт ва бу суд мажлиси баённомасида ўз аксини топиши лозим (ЖПКнинг 435—437-моддалари).
Do'stlaringiz bilan baham: |