Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 439-моддасига мувофиқ, суд тергови давлат айбловчиси томонидан айблов хулосаси ўқиб эшиттирилиши билан бошланади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасига тегишли ёзув киритилиши лозим
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарорига асосан 31-банд билан тўлдирилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Судларнинг эътибори ҳар бир ишни кўришда далилларни бевосита суд мажлисида текширишга, яъни судланувчиларни, жабрланувчиларни, гувоҳларни сўроқ қилиш, эксперт хулосасини тинглаш, ашёвий далилларни кўздан кечириш, баённомаларни ва бошқа ҳужжатларни эълон қилишга қаратилсин.
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарори таҳририда)
Судланувчининг илгариги сўроқда берган кўрсатувлари фақат Жиноят-процессуал кодексининг 104-моддасида кўрсатилган ва рўйхати чекланган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирдагина эълон қилиниши мумкин.
Жабрланувчининг ёки гувоҳнинг дастлабки терговда берган кўргазмалари фақат уларнинг ушбу кўрсатувлари билан суддаги кўрсатувлари ўртасида жиддий қарама-қаршиликлар бўлганда, шунингдек, жабрланувчи ёки гувоҳнинг судга келиш имкониятини чекловчи сабаблар туфайли суд мажлисида қатнашмаган тақдирда эълон қилиниши мумкин.
Судга келишни истисно қилувчи ҳолатларга, шахснинг вафотидан ташқари оғир хасталик, йироқда ва кўп чўзиладиган хизмат сафарида бўлиши, яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб кетганда унинг турар жойини аниқлашнинг имконияти бўлмаган ҳолатлар киритилиши мумкин. Ҳар бир ҳолатда шахснинг судга келишини истисно қилувчи ҳолат деб топиш тўғрисида қарор суд томонидан ушбу масалаларни муҳокама қилингандан кейин қабул қилиниши керак.
Судланувчининг (жабрланувчининг, гувоҳнинг) эълон қилинган кўрсатувлари суд томонидан суд тергови жараёнида текширилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Жиноят-процессуал кодексининг 438-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, суд мажлиси қатнашчиларининг янги гувоҳларни, экспертларни, мутахассисларни чақириш, ашёвий далилларни ва ҳужжатларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимослари улар арз қилинган ва муҳокама этилгандан кейин бевосита ҳал қилиниши лозим бўлади.
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Суд муҳокамаси қатнашчилари доирасини аниқлаш ва ишнинг ҳаракати (жамоат айбловчисини, жамоат ҳимоячисини ишга киритиш жабрланувчи, фуқаровий даъвогар деб тан олиш, ишни тўхтатиб қўйиш ёки уни кейинга қолдириш, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш, бошқа шахсни айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этиш, ишни тугатиш ва бошқалар) билан боғлиқ, хоҳ суд муҳокамасининг тайёрлов қисмида ва хоҳ суд муҳокамаси жараёнида арз қилинган бошқа барча илтимослар ҳам ушбу қоидалар бўйича ҳал қилинади. Агар муҳокама қилиниб, ҳал этилган илтимос юзасидан тараф яна шу асослар бўйича арз қилган тақдирда раислик этувчи бу илтимосни муҳокамага киритишни рад этади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 46-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Судларнинг эътибори ашёвий далилларни, ҳужжатларни текшириш, жойни ва бинони кўздан кечириш иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун аҳамиятли эканлигига қаратилсин.
Ашёвий далилларни ва ҳужжатлар суд мажлисида иш бўйича бошқа далиллар қаторида чуқур текширилиши (шунингдек, кўздан кечирилиши, эълон қилиниши) лозим. Шу ўринда уларни таниб олиш учун кўрсатилган шахслар судларнинг эътиборини уларни текшириш билан боғлиқ бўлган у ёки бошқа ҳолатларга қаратишлари мумкин. Ашёвий далилларни кўздан кечириш ва ҳужжатларни эълон қилиш билан боғлиқ суднинг барча ҳаракатлари суд мажлиси баённомасида акс эттирилган бўлиши керак.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 29 июлдаги 13-сонли қарори таҳририда)
7. Суд мажлисига келган гувоҳлар, эксперт ёки мутахассис, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ёки уларнинг вакиллари сўроқ қилингандан сўнг ишнинг муҳокамаси кейинга қолдирилиб сўнгра иш ўша таркибда кўрилаётган бўлса ва уларни чақиришнинг ҳожати бўлмаса, ушбу шахслар иккинчи маротаба суд мажлисига чақирилмаслиги мумкин.
Шу сабабли бу шахсларнинг иш муҳокамасини кейинга қолдиргандан кейин суд мажлисларида қатнашмаслиги ихтиёрий равишда бўлиб, уларнинг хоҳиш-истакларига боғлиқ бўлади. Ушбу шароитларни таъминлаш мақсадида раислик этувчи иш муҳокамаси кейинга қолдирган тақдирда қайд этилган шахсларга уларнинг келгуси суд мажлисларида қатнашиш ҳуқуқларини тушунтириши шарт ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилган бўлиши лозим ва кейинчалик уларни келгуси суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиши керак.
8. Судларнинг эътибори Жиноят-процессуал кодексининг 122—124-моддаларига биноан юзлаштириш илгари сўроқ қилинган икки шахс кўрсатувлари ўртасида жиддий қарама-қаршиликларнинг сабабини аниқлаш учун ўтказилишига қаратилсин. Юзлаштириш ўтказиш чоғида сўроқ қилишнинг умумий қоидаларига риоя қилинади, юзлаштириш чоғида сўроқ баённомаси ёки сўроқ қилинаётган шахслар аввалги сўроқларда берган кўрсатмаларнинг фонограммалари шу шахслар юзлаштирилиб, уларнинг кўрсатувлари баённомага киритилганидан кейингина ўқиб берилишига ёки эшиттирилишига йўл қўйилади.
9. Судда ишларни муҳокама қилаётганда иш бўйича судланувчилар, жабрланувчилар ёки гувоҳлар қаторида вояга етмаганлар қатнашаётганда судлар Жиноят-процессуал кодексининг 84, 121-моддалари, 442-моддасининг 3-қисми талабларига риоя этишга алоҳида эътибор қилишлари зарур.
Ишнинг айрим ҳолатларини аниқлаш бу шахсларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини эътиборга олиб, судлар бундай ҳолатларни текшириш вақтида вояга етмаганларнинг суд залида қатнашиши масаласини ҳар бир ҳолатда муҳокама қилишлари лозим.
10. Судлар, эксперт ва мутахассиснинг ҳуқуқлари ва процессуал ўрнини белгиловчи қонун нормаларига қатъий амал қилишлари керак.
Суд муҳокамасида қатнашиш учун мутахассис далилларни текшириш пайтида махсус билим ва тажрибалар (масалан, технологик ёки ишлаб чиқариш жараёнининг моҳияти, у ёки бу мутахассисликнинг ўзига хос хусусиятлари ва б.) зарур бўлган ҳолларда чақирилади. Мутахассис фикри суд мажлиси баённомасида албатта қайд этилади.
Экспертнинг хулосаси қонунга асосан далил турларидан бири ҳисобланади ва ўтказилган текширишлар асосида берилади. Эксперт олдига мутахассиснинг ҳуқуқ доирасига кирувчи саволларни қўйиш мумкин, мутахассис олдига экспертнинг ҳуқуқ доирасига тааллуқли саволларни қўйишга йўл қўйилмайди. Унинг фикрини экспертнинг хулосасига тенглаштириб бўлмайди.
Судлар, экспертиза ўтказишни экспертни сўраш билан алмаштиришга йўл қўймасликлари керак чунки Жиноят-процессуал кодексининг 446-моддасига биноан эксперт фақат судда экспертиза ўтказгандан сўнг ва ўз хулосасини эълон қилганидан кейин суд мажлисида сўроқ қилиниши мумкин.
11. Судлар, суд муҳокамаси қатнашчилари томонидан билдирилган илтимосларни баённомада тўғри баён қилишга ва буларни муҳокама қилиш тартибига; маслаҳат уйига кирмасдан суд мажлисида қабул қилинадиган суд ажримларига; судланувчининг унга эълон қилинган айблов бўйича, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг иш ҳолатлари бўйича кўрсатувларига; далилларни текшириш жараёнига алоҳида эътиборларини қаратишлари керак.
12. Жиноят-процессуал кодекси 423-моддасининг 2-қисмида қайд этилган масалалар бўйича ажримлар суд томонидан алоҳида хонада (маслаҳатхонада), алоҳида ҳужжатлар тарзида расмийлаштирилган ва суд томонидан имзоланган ҳолатда чиқарилишини судлар эътиборга олишлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |