Эслатма: Суратда янги ёки капитал таъмирдан чиққан машиналарни сақлашга қўйишда ашёлар харажати; махражда эса аввал сақлашда бўлгану қайта сақлашда қуйилаётганда харажат меъёри келтирилган.
Сақлашда турган машиналарга шахсий таркибни киритиш тартиби
Сақланаётган машиналарга шахсий таркибни киритиш Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ички хизмат Низомида кўрсатилган тартиб асосида, машинага биркитилган шахсларгагина рухсат этилади.
Жанговар ва саф гуруҳига тегишли машиналар бўлинма офицерлари ва экипаж аъзолари иштирокида очилади. Машиналар очилганда ва муҳрланганда “Жанговар ва саф гуруҳидаги машиналарни очиш” китобига ёзилади. Китоб парк бўйича навбатчида сақланади. Машиналар тревога бўйича очилганда китобга ёзилмайди.
Тревога эълон қилинганда машиналар паркни қисқа муддат ичида тарк этишини таъминлаш учун (ёзда 25-30 минут, қишда 50-60 минут) олдиндан тайёрланган йўл варақалари взвод бўйича навбатчида махсус қутичада сақланади. Машиналарнинг ўт олдириш калити ва қопқалари калитларининг бир бутламаси парк бўйича навбатчида, иккинчи бир бутламаси тревога ҳоллари учун взвод бўйича навбатчида (йўл варақалари билан биргаликда муҳрланган махсус қутида) сақланади.
Парк хоналари ва асосий дарвозалари калитларининг: бир бутламаси – парк бўйича навбатчида бошқаси - муҳрланган қутида бригада бўйича навбатчида сақланади.
5.3. Жанговар техникаларни сақлашдан ечиш тартиби. Тревога бўйича машиналарнинг чиқиш вақтини қисқартириш усуллари
Зирхли техникаларни сақлашдан ечиш иккита турлича усулда амалга оширилади.
1-чиси жанговар тайёргарлик режаси асосида.
2-чиси тревога бўйича.
Жанговар ва саф гуруҳига тегишли машиналарни сақлашдан ечиш Мудофаа вазирининг буйруғига биноан ва жанговар тайёргарлик режасига мос ҳолда бир йилда икки марта, қишки ва ёзги ўқув мавсумларида амалга оширилади. Ўқув-жанговар ва ўқув-саф гуруҳига тегишли машиналарни қисм командирининг буйруғи билан жанговар шайлик режаси асосида исталган вақтда сақлашдан ечиш мумкин.
Ўқув-жанговар машиналарини сақлашдан ечиш учун қисм бўйича буйруқ чиқиши керак. Бунда буйруқ рақами ва буйруқ чиққан сана машина формулярига ёзилади.
Зирхли транспортер (БТР-80) ни сақлашдан ечиш ва кейинчалик тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтириш технологик карталар асосида бир ёки икки босқичда бажарилади. Агар бир босқичда бажариладиган бўлса жанговар шай ҳолатга келтириш ишларининг барчаси паркда; агар икки босқичда бажариладиган бўлса жанговар шай ҳолатга келтиришнинг дастлабки ишлари паркда, қолган ишлари эса технологик карталарга асосан тўпланиш жойида амалга оширилади.
Биринчи босқичда машиналарнинг паркдан чиқиб кетишини ва жамланиш жойида авариясиз, тўхтаб қолмасдан етиб боришини таъминлайдиган ишлар бажарилади.
Иккинчи босқич ишлари жамланиш жойида бажарилиб, бунда машина тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилади. Бунда технологик картада кўрсатилган барча ишлар тўлиқ ва сифатли бажарилади.
Яхши тайёргарликка эга, тренировка қилинган экипаж аъзолари машиналарни ёзда 20-30 минутда, қишда эса 40-60 минутда сақлашдан еча олишади. Узоқ муддатли сақлашдан эса мос ҳолда 60 ёки 90 минутларда ечиши мумкин. Машиналарни охиригача тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтириш учун 2- 4 соатгача вақт берилади (тревога эълон қилинган дақиқадан бошлаб).
Тревога эълон қилинганда машиналар паркни қисқа муддатлар ичида тарк этиши учун қуйидаги ҳолларга амал қилиниши керак.
Машиналарни “Зирхли техникаларни сақлаш бўйича қўлланма талабларига”қатъий мос ҳолда сақлаш;
Шахсий таркибнинг тез ва уюшқоқлик билан паркка етиб келиши ҳамда тезда АКБ ларни машиналарга ўрнатиши ва паркдан чиқиб кетиш;
Парк ҳудудини қиш пайтида қордан тозалаб туриш; парк ҳудудида машиналар ҳаракатига халақит берувчи нарсаларнинг бўлмаслиги, сақлаш жойлари дарвозаларини очилганда тўсатдан ёпилиб қолмаслиги учун фиксаторларга эга бўлиши керак;
Машиналарни сақлашдан ечиш бўйича технологик карталарни ҳарбий қисм жойлашган ҳудуддан келиб чиққан ҳолда пухта ишлаб чиқилган бўлиши;
- Сақлаш жойларида тунги навбатчи чироқлар мавжуд бўлиши;
-АКБ лар доимо паст зарядларга улаб қуйилган бўлиши;
-АКБ ларни аккумулятор бўлинмасидан олиб келгунча машина қиздириш мосламасини ташқи электр токи ёрдамида ишга тушириш;
-Ҳар бир взвод машиналари учун алоҳида ўз буфер гуруҳи бўлиши;
-Двигатель ва қиздириш мосламасидан чиқадиган тутунларни ташқарига чиқарувчи мўрилар ва вентеляциялар бор бўлишлиги;
-Сақлаш жойларида махсус идишларда қўшимча совутиш суюқликлари мавжуд бўлиши;
-Паркнинг тревога бўйича дарвозалари ўз вақтида очилиши ва тартибга солувчиларнинг олдиндан тайинлаган бўлиши;
-Шахсий таркиб билан тревога бўйича машиналарни паркдан чиқариш машғулотларини мунтазам ўтказиб туриш.
Зирхли текника ва қурол-яроғларни сақлашга қўйишга тайёрлаш ҳамда сақлашга қўйиш ишларини бажариш тартиби
Машина ва техникаларни сақлашга қўйишга тайёрлаш, сақлашга қўйиш ишларини ташкил этиш ҳарбий қисм командири буйруғига асосан ҳамда машиналарни сақлашга тайёрлаш режаси асосида амалга оширилади. Мазкур ҳужжатлар олдиндан тайёрланади ва бўлинмаларга етказилади.
Сақлашга қўйиш бўйича берилган буйруқда машинанинг русуми; рақами; сақлашнинг тури; консервациялаш усули; техник хизмат кўрсатиш ҳажми; шахсий таркибни тайёрлаш тартиби; ишни бажариш муддатлари; ашёвий таъминот; ишни ташкил этувчи шахслар ва масъул шахслар исми шарифи; ҳамда сақлашга қўйишда бажарилган ишларнинг сифатини текширувчи ҳайъат таркиби кўрсатилади.
Ҳарбий қисм командирининг қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари қисм командирининг буйруғига асосан хизмат бошлиқлари билан биргаликда ва штаб бошлиғи билан келишилган ҳолда машиналарни сақлашга қўйиш режасини тузади.
Режада қуйидаги тадбирлар кўрсатилади:
- шахсий таркибни тайёрлаш; ашёвий таъминот; техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш; сақлашга тайёрлаш ва қўйиш бўйича иш ҳажми; ишлатиладиган парк жиҳозлари; ҳарбий қисм юқори лавозимидагилар томонидан машиналарни сақлашга қўйиш ишларининг қандай кетаётганлигини текшириш графиги; керакли ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби.
Режани ҳарбий қисм командири иш бошланишидан 10-15 кун олдин тасдиқлайди. Мазкур режага асосан батальон командирлариининг қурол-аслаҳа бўйича ўринбосарлари батальон учун худди шунга ўхшаш режа тузишади ва бу режани қисм командирининг қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари тасдиқлайди.
Взводларда эса взвод командирлари батальон режасига асосланган ҳолда режа-жадваллар ишлаб чиқадилар. Унда машиналарда бажарилиши керак бўлган иш рўйхати, бажарувчи шахслар ва бажариш муддатлари кўрсатилади.
Экипажлар учун гуруҳ командирлари ҳар бир экипаж аъзоси бажариши керак бўлган кундалик иш ҳажми, яъни иш-режасини тузишади. Экипаж аъзолари технологик карталар бўйича ишлашади. Технологик карталарни взвод командирлари олдиндан тайёрлашади.
Шахсий таркибни тайёрлаш
Ҳарбий қисмларда машиналарни сақлашга қўйишдан олдин шахсий таркиб билан икки кунлик ўқув йиғини ўтказилади. Ўқув йиғини амалий ишлар бошланишидан олдин ўтказилиб, машиналарни сақлашга сифатли қўйиш борасида катта аҳамият касб этади. Ўқув йиғини давомида экипаж аъзолари билан ҳам назарий, ҳам амалий машғулотлар ўтказилади. Бу машғулотларни энг малакали ва яхши тайёргарликка эга офицерлар ва ҳарбий хизматчилар ўтказади. Унда экипаж аъзолари машиналарни сақлашга қўйиш тартиби, амалий ишлар ҳажми, уларни бажариш технологиясини ўзлаштиради ҳамда хавфсизлик чоралари билан танишади.
Худди шундай сақлашга қўйишда иштирок этадиган офицер ва шартнома асосида ҳарбий хизматчилар билан ҳам ҳарбий қисм миқёсида машғулотлар ўтказилади. Бу машғулотларни ҳарбий қисм командирининг қурол-аслаҳа бўйича ўринбосари ташкил этади ва ўтказади.
Ўқув йиғини якунида офицерлар, шартнома асосида ҳарбий хизматчилар ва экипаж аъзоларидан машиналарни сақлашга қўйиш ишлари бўйича синов қабул қилинади. Синовдан мувафаққиятли ўтган офицер ва ҳарбий хизматчиларга сақлаш ишларида иштирок этишга рухсат берилади.
Машиналарни сақлашга қўйиш жараёнида иштирок этаётган шахсий таркибни бошқа ишларга жалб этиш, шунингдек нарядга қўйиш қатъиян ман этилади.
Мураккаб ишларни (масалан: стабилизаторларни текшириш, ростлаш ишлари; мўлжалловчи, приборларни, қурол-яроғларни текшириш ва уларга техник хизмат кўрсатиш; оммовий қирғин қуролидан ҳимоя, ёнғиндан ҳимоя тизимларини текшириш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ва ҳ.к. ишларни) мутахассислар гуруҳидан иборат махсус бригада бажаради. Бу бригадалар машина ва механизмларга турган жойида, ёхуд махсус жихозлар билан таъминланган постларда хизмат кўрсатишади.
Ҳарбий қисмларда бир ойдан ортиқ муддат ичида фойдаланилмайдиган техникалар сақлашга қўйилиши зарур. Чунки бир ой муддат ичида ёқилғи ёнишидан ажралган зарарли газлар 30 кун ичида олтингугуртли кислотага айлана олади. Олтингугуртли кислота двигатель деталларини ўйиб, емириши мумкин.
Шунинг учун ҳам машина механизм, узел ва агрегетлари албатта консервация қилиниши талаб этилади. Бу механизмлар сарасига - двигатель, совутиш тизими, юқори босимли ёқилғи насоси, компрессор киради.
Қуйидаги машиналарни сақлашга қўйиш таъқиқланади:
- Мудофаа вазирининг буйруғида кўрсатилган юриш захирасига эга бўлмаган машиналарни (БТР учун 10000 км);
- техник носоз ёки тегишли жиҳозлар ва эҳтиёт қисмлар билан жиҳозланмаган машиналарни;
- тегишли ёқилғи мойлаш маҳсулотлари ва махсус суюқликлар билан тўлдирилмаган машиналарни;
- чангдан, лойдан ва коррозиядан тозаланмаган ҳамда махсус буёқлар билан бўялмаган машиналарни.
Сақлаш жараёнида машина эҳтиёт қисмларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ёки уларнинг тўпламини бузиш қатъиян тақиқланади.
Агар пол бетонланмаган бўлса гусеницали техникалар металлдан ясалган тахтакачлар устига чиқарилади. Ғилдиракли техникалар (автомобиль техникалари ва БТР) 6 ойдан ориқ муддатга сақлашга қўйилган бўлса, махсус кўтаргичлар ёрдамида кўтариб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |