4.3. Инвестиция компаниялари Инвестиция компанияси – бу қимматли қоғозларни чиқариш, қимматли қоғозларни сотиб олиш, қимматли қоғозларни ўз номи ва ҳисобидан олиш–сотиш ишларини амалга оширувчи юридик шахсдир.22 Инвестиция компаниялари ўз ресурсларини фақат муассисларнинг маблағлари ва қайта инвестицияланган маблағлари ҳисобидан шакллантиради, юридик ва жисмоний шахсларга сотиладиган ўз қимматли қоғозлари эмиссиясини амалга оширади.
Инвестиция компанияларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
қимматли қоғозларни чиқаришни ташкил этиш ва эмитентга (муассисларга) уларнинг жойлаштирилиши кафолатини бериш.
қимматли қоғозларга инвестициялар рафлаш.
қимматли қоғозлар билан ўз ҳисобидан ва шахсий таваккалчилик асосида операциялар (олди–сотди) қилиш (дилерлик фаолияти).
Ўзбекистонда инвестиция компаниялари. Ўзбекистонда дастлабки инвестиция компаниялари 1992 йилда пайдо бўлди. Улардан энг йириги "Тошкент" республика универсал товар–фонд биржаси базасида ташкил этилган "Тошкент" Ўзбекистон молия–инвестиция компанияси (“Ўзмолияинвест") эди. Инвестиция компаниялари "қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида"ги қонун қабул қилингунга қадар "Корхоналар тўғрисида"ги қонун асосида иш олиб борарди. Уларнинг инвестиция институти сифатидаги фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун ҳужжати мавжуд эмас эди. 1996 йилда инвестиция компаниялари фаолиятини тартибга солувчи чекловлари қабул қилинганидан кейин (улар ўзларининг жалб қилинган ресурсларини аҳолининг омонатлари ва маблағлари ҳисобидан шакллантириши мумкин эмас эди) уларнинг кўпчилиги инвестиция институтларининг бошқа турларига (одатда, бошқарувчи компанияга) айланган ҳолда ўз мақомини ўзгартирди.
Инвестиция компанияси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири андеррайтинг – қимматли қоғозларни харид қилиш ёки уларни инвесторлар ўртасида жойлаштириш кафолатини бериш – ҳисобланади. Андеррайтингга қуйидагилар киради: қимматли қоғозларни чиқариш шартларини белгилаш, уларнинг янги нашрларини тайёрлаш, қимматли қоғозларни кейин инвесторларга қайта сотиш учун эмитентлардан сотиб олиш, уларни жойлаштириш кафолатини бериш, янги нашрларга обуна қилиш бўйича синдикатлар ташкил этиш.
Андеррайтер – бу қимматли қоғозларга хизмат кўрсатувчи ва уларнинг бирламчи жойлаштирилишига кафолат берувчи, қимматли қоғозларни кейинчалик хусусий инвесторларга қайта сотиш учун эмитентдан сотиб олувчи инвестиция институтидир. Андеррайтер сифатида инвестиция институтларининг гуруҳи иштирок этиши мумкин.