8.4. Инвестицион лойиҳаларнинг асосий турлари ва ҳужжатларини тайёрлаш босқичлари
Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун албатта, молиялаштириш талаб этилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки ҳозирги иқтисодиётни модернизациялаш шароитида инвестициянинг кўпроқ қисми ишлаб чиқариш тармоқларига йўналтирилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ишлаб чяиқариш корхоналарини ривожлантириш лойиҳасига йўналтирилаётган инвестияларни тайерлаш ва таҳлил қилиш асосан корхонанинг мақсадларига, яъни инвестиция ёрдамида нимага эришмоқчи эканлигига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан инвестицион лойиҳаларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:
I. Иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган инвестицион лойиҳалар. Бундай лойиҳалардан асосий мақсад ускуналарини алмаштириш, ходимларнинг малакасини ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини самарали ҳудудларга кўчириш асосида корхоналарнинг харажатларини камайтириш учун шароит яратишдан иборат.
II. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун қилинадиган инвестицион лойиҳалар. Бундай инвестицион лойиҳалардан мақсад мавжуд қувватлар ҳисобига олдиндан шаклланган бозорлар учун товарлар ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.
III. Янги ишлаб чиқаришларни вужудга келтириш учун қилинадиган инвестицион лойиҳалар. Бундай лойиҳалар илгари ишлаб чиқарилмаган товарлар ва кўрсатилмаган хизматлар турларини вужудга келтириш, ёки илгари ишлаб чиқарилган товарларни сифат даражасини яхшилаш билан янги бозорларга чиқиш имконини беради.
IV. Давлат бошқарув идоралари талабларини бажариш учун қилинадиган яъни, экология ва маҳсулот стандартлари талабларини бажариш учун ишлаб чиқилган лойиҳалар. Инвестицион лойиҳаларни бундай таснифлашда таваккалчилик даражаси ҳар хил бўлиши асос қилиб олинган.
Юқорида келтирилганлардан биринчи ва тўртинчи тур инвестицион лойиҳаларда таваккал хавфи даражаси паст, қолган иккитасида эса юқори ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бозорда аввал маълум бўлмаган маҳсулотни ишлаб чиқариш ва янги бозорларни эгаллаш учун инвестиция сарфи катта таваккалчиликни талаб қилади. Шу боис ҳам учинчи гуруҳ инвестициялари таваккал хавфи энг юқори бўлган инвестициялардир.
Ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қилинган инвестицияларда таваккал хавфи янги ишлаб чиқаришга қилинган инвестицияларга қараганда пастроқ. Айни пайтда самарадорликни оширишга қилинадиган инвестициялар бозор аллақачон қабул қилган товарларнинг сифатини ошириш, таннархини камайтиришни кўзда тутгани учун ҳам, уларда таваккал хавфи даражаси иккинчи ва учинчи гуруҳлар инвестициялариникидан анча паст бўлади. Худди шу каби давлат бошқарув идоралари талабларини бажаришга сарфланган инвестицияларнинг таваккал хавфи даражаси анча кичик ҳисобланади. Л ойиҳаларга киритилаётган инвестицияларнинг таваккал хавфи даражаси лойиҳа муҳитига ҳам боғлиқ бўлиб, лойиҳа муҳити унгинг молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, инвестиция лойиҳаларини халқаро тажрибада учта йирик жумладан, инвестиция олди, инвестиция ва янгидан вужудга келган объектларни эксплуатация қилиш босқичларга бўладилар.
БМТнинг ЮНИДО номли бўлими томонидан чиқарилган бюллетенида инвестиция олди босқичини тўртта йўналишга бўлиб ўрганиш тавсия этилади. Булар:
- инвестиция концепцияларини танлаш;
- дастлабки (бирламчи) лойиҳаларни вужудга келтириш;
- якуний лойиҳани вужудга келтириш ва унинг техник-иқтисодий ҳамда молиявий жиҳатдан маъқуллигини баҳолаш;
- лойиҳанинг якуний муҳокамаси ва у бўйича маълум қарорга келиш.
Инвестиция олди босқичини бундай йўналишларга ажратиш мақсадга мувофиқдир. Чунки аввал корхонанинг ёки тармоқнинг инвестиция ёрдамида ижтимоий ва иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш имконияти бор ёки йўқлигини аниқлаш керак. Бундан кейин инвестиция ҳақидаги фикрларни чуқур ўрганиб чиқиш ва шу асосда бизнес-режани вужудга келтириш лозим. Агар бу режа инвестор ва буюртмачида қизиқиш уйғотса ишни кейинги босқичларда давом эттириш лозим. Бу йўналиш бизнес-режани чуқур таҳлил-қилиш ва уни иқтисодий-молиявий томондан баҳолашдан иборат. Агар бу изланишлар натижаси ижобий бўлса, лойиҳаларни вужудга келтириш билан боғлиқ бўлган охирги хулоса чиқариш йўналишига ўтиш тавсия этилади. Индустриал ривожланган мамлакатларда инвестиция олди босқичини вужудга келтириш лойиҳа қийматининг 1,5-5 фоиз ҳажмидаги харажатни талаб этади. Албатта, бу ерда лойиҳа қиймати ҳажми асосий роль ўйнайди. Умумий инвестиция харажатларидаги инвестиция олди босқичининг йўналишлари бўйича харажатлар улуши қуйидагича: биринчи йўналишда 0,2 - 1,0%, иккинчи йўналишда 0,25 - 1,5 %, учинчи йўналишда катта лойиҳалар бўйича 0,2 - 1,2 %, кичиклари бўйича эса 1,0 - 3,0%ни ташкил этади.
Инвестиция олди босқичида муқобил вариантларга эга бўлган бир неча лойиҳалар ўрганилади ва улардан самарадорлиги пастлари ёки самара бермайдиганлари чиқариб юборилади. Бундай лойиҳалар келгуси йўналишларда кўрилмайди ва бу билан жуда катта маблағ тежаб қолинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |