биринчидан, давлатлараро (олий даражада ва давлатлар номидан тузиладиган);
иккинчидан, ҳукуматлараро (ҳукуматлар номидан тузиладиган) ва идоралараро (идоралар номидан тузиладиган);
учинчидан, идоралараро (идоралар номидан тузиладиган) шартномалар.
Давлатлараро ташкилотлар иштирокидаги шартномалар сони тобора ортиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар халқаро ҳуқуқнинг алоҳида субъекти ҳисоблангани боис, уларнинг шартномалардаги иштироки уставларида белгиланадиган вазифалари доираси билан чекланади.
Халқаро шартномалар фақат ўз иштирокчиларига муайян мажбуриятлар юклайди. Учинчи, яъни иштирок этмайдиган давлат учун шартномаларда на ҳуқуқ ва на мажбуриятлар кўзда тутилади. Учинчи давлатнинг розилиги асосидагина халқаро шартнома унга нисбатан ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Бундай давлат халқаро шартномадан келиб чиқадиган ҳуқуқлардан фойдаланар экан, у шу билан боғлиқ мажбуриятларга ҳам риоя этиши лозим. Масалан, 1948 йилдаги Дунайда кема қатнови тўғрисидаги конвенция бўйича тегишли ҳуқуқлардан фойдаланувчи давлатлар бошқаларнинг розилигисиз, шартнома мазмунини ўзгартириш ҳуқуқига эга.
Халқаро шартномалар, иштирокчилар сонидан келиб чиқиб, икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларга бўлинади. Халқаро шартномаларнинг асосий қисми икки томонлама шартномалардир. Кўп томонлама конвенциялар халқаро ҳуқуқни кодификацияловчи ва тараққий эттирувчи асосий восита бўлиб хизмат қилади.
Барча давлатларнинг манфаатлари учун хизмат қиладиган нормалар, объектлар ва мақсадларни ўзида мужассам этган халқаро шартномалар умумий ёки универсал шартномалар, деб аталади. Бундай шартномалар очиқ бўлиши, яъни барча давлатлар уларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Ёпиқ халқаро шартномада фақат уни тузган давлатларгина иштирок этади. Ярим очиқ шартномаларга бошқа давлатлар уларнинг иштирокчилари розилиги асосидагина қўшилиши мумкин. МДҲ доирасидаги аксарият кўп томонлама шартномалар худди шу турга мансубдир. Ёки 1949 йилдаги Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) ҳам бунга яққол мисол бўла олади.
Муайян жуғрофий ҳудуддаги давлатлар ўртасида минтақавий халқаро шартномалар ҳам тузилиши мумкин. Бундай шартномаларга, масалан, МДҲ ёки Марказий Осиё минтақаси доирасида тузилган битимлар киради.
Халқаро шартномаларни тузиш босқичлари. Халқаро шартномаларни тузиш жараёни одатда уч босқичдан иборат бўлади.
Биринчи босқичда музокаралар иштирокчилари розилиги асосида матн қабул қилинадики, у томонларга юридик мажбуриятлар юкламайди. Одатда шундан сўнг икки томонлама шартнома имзолаш учун тавсия этилади.
Иккинчи босқичда матннинг аутент экани (асл нусхага мослиги) аниқланади. Асл нусхага мос деб топилган матн келгусида шарт- номани амалда қўллаш жараёнида англашилмовчиликлар келиб чиқадиган ҳолларда томонлар ўртасида талқин этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Универсал мазмундаги кўп томонлама шартномаларни БМТнинг олти расмий тиллари - инглиз, испан, хитой, араб, рус ва француз тилларида ёхуд улардан айримларида ягона нусхада тузиш одат тусини олган.
Худди шу босқичда шартномани имзолаш амалга оширилади. Шартнома якуний ёки дастлабки тарзда имзоланиши мумкин. Дастлабки тарзда имзолашга мисол сифатида парафирования - расмий равишда тасдиқлангунга қадар халқаро шартномага ўз исм ва фамилиясининг бош ҳарфларини қўйиб, олдиндан ўз розилигини билдириш ва ад референдум имзолаш (давлатнинг ваколатли органи имзоси билан ҳақиқийлигини тасдиқлаш шарти)ни кўрсатиш мумкин. Томонлар бирон-бир шартнинг бажарилишини зарур деб ҳисоблаганлари тақдирда дастлабки тарзда имзолаш усулини қўллайдилар.
Шартномани имзолаш тартиби ҳақида одатда томонлар ўртасидаги музокаралар жараёнида келишиб олинади. Айрим халқаро ташкилотларда қабул қилинган тартиб-қоидаларда имзолаш жараёни бутунлай кўзда тутилмайди. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилотида конвенцияларни конференция қабул қилади ва тасдиқлаш учун давлатларга юборади.
Do'stlaringiz bilan baham: |