2-§. Мавзуни танлаш ва илмий раҳбарни тайинлаш
Битирув малакавий ишларининг мавзулари ОТМнинг тегишли (мутахассислик) кафедраларида шакллантирилади.
Битирув малакавий ишларининг мавзулари, қоидага кўра, битирувчи фаолият олиб бориши назарда тутилган соҳанинг долзарб илмий-тадқиқот муаммо ва масалаларига ёки аниқ амалий вазифаларни ҳал этишга бағишланади. Мавзулар тегишли соҳаларнинг замонавий ҳолатини ва ривожланиш истиқболларини акс эттириши керак.
ИИВ соҳавий хизматлари ҳар йили битирув малакавий ишлари мавзуларини шакллантиришда асослантирилган таклифлар беради.
Курсант (тингловчи) битирув малакавий иши мавзусини тавсия этилган мавзулардан танлайди.
Битирув малакавий ишига илмий раҳбарлик ОТМда хизмат қиладиган илмий даражага эга бўлган малакали мутахассислар ёки малакали педагог (мутахассис)лар томонидан амалга оширилади.
Курсант (тингловчи)га ИИВ соҳавий хизматларининг катта амалий тажрибага эга бўлган мутахассисларидан ҳам илмий раҳбар тайинланиши мумкин. Бунда курсант (тингловчи)га қўшимча равишда тегишли кафедра профессор-ўқитувчиларидан илмий маслаҳатчи тайинланади. Битирув малакавий ишини бажаришда илмий маслаҳатчига ҳам илмий раҳбар билан бир хил масъулият юклатилади.
Битирув малакавий ишининг муайян қисми бўйича зарур малака талаб этилган ҳолларда, курсант (тингловчи)га қўшимча равишда илмий маслаҳатчи тайинланиши мумкин.
ИИВ соҳавий хизматлари ходимларидан бўлган илмий раҳбар меҳнатига ҳақ тўлаш, меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари бўйича, белгиланган тартибда амалга оширилади.
Битта илмий раҳбарга битирув малакавий ишларига раҳбарлик қилиш учун бириктириш мумкин бўлган курсант (тингловчи)лар сони ИИВнинг тегишли идоравий ҳужжатлари билан белгиланади.
Курсант (тингловчи)ларнинг битирув малакавий ишлари мавзулари ва уларнинг илмий раҳбарлари (илмий маслаҳатчилари) ИИВ Академиясида 2-ўқув курси, Ёнғин хавфсизлиги институтида 4-ўқув курси бошида тегишли кафедралар тавсиялари асосида ОТМ ўқув-услубий (услубий) кенгашида муҳокама қилиниб, унинг қарорига мувофиқ ОТМ бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.
Зарур ҳолларда, битирув малакавий иши мавзуси илмий раҳбарнинг асослантирилган таклифи ва тегишли кафедра тавсиясига мувофиқ ОТМ ўқув-услубий (услубий) кенгаши қарори асосида ўрнатилган тартибда ўзгартирилиши мумкин.
Илмий раҳбарнинг мажбуриятларига қуйидагилар киради:
курсант (тингловчи)га тадқиқот мавзуси доирасида юзага келиши мумкин бўлган масалалар бўйича тизимли равишда ёрдам бериш;
тадқиқот усулларини танлашда иштирок этиш ва уларни тадқиқот ишида қўллашда курсант (тингловчи)га кўмаклашиш;
курсант (тингловчи)нинг якка тартибдаги иш режасида белгиланган ишларнинг бажарилишини ва битирув малакавий иши ўз вақтида тайёрланишини назорат қилиш;
дастлабки ҳимоягача битирув малакавий ишига хулоса бериш.
Битирув малакавий ишини тайёрлаш курсант (тингловчи)ларнинг якка тартибдаги иш режасига биноан амалга оширилади. Якка тартибдаги иш режасининг шакли ОТМ ўқув-услубий (услубий) кенгаши қарори билан маъқулланади.
Якка тартибдаги иш режасида бошқа тадбирлар билан бир қаторда, малакавий амалиётлар мобайнида битирув малакавий ишини тайёрлаш, зарур материалларни йиғиш, сўровлар ўтказиш ва ҳ.к. бўйича топшириқлар белгиланади.
Битирув малакавий иши мавзуси тасдиқлангандан сўнг бир ой муддат ичида якка тартибдаги иш режаси илмий раҳбар билан биргаликда ишлаб чиқилади ва мутахассислик кафедраси бошлиғи томонидан тасдиқланади. Кафедра бошлиғи илмий раҳбар этиб тайинланган курсант (тингловчи)ларнинг якка тартибдаги иш режалари ОТМ бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади. Курсант (тингловчи)лар якка тартибдаги иш режасининг бажарилиши ҳақида ҳар ўқув семестри якунида тегишли (мутахассислик) кафедра йиғилишида ҳисобот беради.
Ҳар ўқув семестри якунида тегишли кафедра Ўқув жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси (бўлими)га курсант (тингловчи)ларнинг битирув малакавий иши тайёрланиши ҳолати ҳақида ҳисобот беради. ОТМ Ўқув жараёнини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бошқармаси (бўлими) тақдим этилган ҳисоботларни ўрганиб, унинг натижалари бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |