ТАНДИР
(Ривоят)
Алишер Навоийнинг Мамат ака деган қўшниси бўлар экан. Мамат ака умр бўйи ишлаб, биргина
том ѐптириб олган экан, холос. Кунлардан бир кун Мамат ака Навоийнинг ҳузурига келибди-да:
- Ҳазрат, ўзингизга аѐнки, мен анча-мунча ѐшга бориб қолдим. Бугун бўлмаса, эртага омонатни
топширадиганга ўхшайман. Сизга айтадиган бир илтимосим бор, хўп десангиз, айтай, - дебди.
- Бажонидил, бажарурмен, - дебди шоир.
- Илтимосим шулки, - сўзни давом этибди Мамат ака, - мен бу дунѐдан кўз юмган кунимоқ
боласи тушмагур ўғлим Худойберди кулбани сотадиган кўринади. Нима бўлса ҳам уни сотишга йўл
қўймасангиз. Ахир «Ватан гадоси - кафан гадоси», деб бекор айтишмаган. Мендан кейин
Худойбердининг бундай уйни тиклаб олишига ҳеч бир ишонмайман. Кулбасиз кўчаларда қолиб, халак
бўлади.
Мамат ака шундай дебди-да, кўзига жиққа ѐш олибди. Навоий:
- Айтганингиз бўлади, менга ишонинг, - деб юпатибди. Мамат ака уйига келиб ўғлини ѐнига
чақирибди-да:
- Болам, - дебди унга қараб, - мабодо куним битиб, қазо қилсам, уйни асло сота кўрма, кейин
тиклай олмай халак бўласан. Борди-ю, жудаям сотгинг келса, Навоий ҳазратларининг олдиларидан
бир ўтиб, кейин бу ишга қўл ур. Ишончим комил, ҳазрат сенга тўғри йўлни кўрсатадилар.
Мамат ака оламдан ўтибди, Худойберди уйни сотиш тараддудига тушиб қолибди. «Отам уйни
сотадиган бўлсанг, Навоийнинг олдидан бир ўт, - деган эди, қани борай-чи, Ҳазрат қандай йўл
кўрсатаркин?» - дебди-да, шоирнинг ҳузурига келибди. Навоийга мақсадини айтибди. Шунда Навоий:
- Яхши. Аммо, тандиринг бироз эскироқ кўринади. Бузиб, янгисини қур. Уйнинг нархи икки
баробар ортади, - дебди.
Худойберди уйига келиб, тандирига қараса, ҳақиқатан ҳам тандир жуда эски, бир томони қулаб
тушган эмиш. «Навоий тўғри айтди, буни бузиб, янгисини қурсам, уйнинг нархи икки баробар
ошади», - дебди-да, тандирни бузибди. Қўшни қишлоқда тандирчи бор экан, ўшаникига жўнабди.
Тандирфурушдан тандир сотиб олибди-да, орқага қайтибди. Йўлда келаѐтиб, ниҳоятда чарчабди. «Бир
оз нафасимни ростлаб олай, - деб бир дўнгликка ўлтирмоқчи бўлган экан, тандир ерга қаттиқроқ
тегиб, синиб кетибди. Худойберди орқага қайтиб, халиги устадан яна битта тандир сотиб олибди.
Уйига етай деганда, уни ҳам синдириб қўйибди. Бир иложини қилиб, учинчи тандирни уйига олиб
келибди-да, эскисининг ўрнига қура бошлабди.
Устига кўп лой бостириб юборган экан, эрталаб ўрнидан туриб қараса, тандир тушиб ѐтган
эмиш. Худойбердининг жаҳли чиқиб:
– Навоий нега мени бунчалик оворагарчиликка солиб қўйди, - дебди-да, шоирникига йўл олибди,
Навоий супада ўтириб олиб, шеър битиш билан банд экан.
- Ҳазрат, - дебди Худойберди унга қараб, - тандирни қуролмадим. Майли, арзонроққа кетса ҳам,
уйни тандирсиз сота бераман.
- Ҳовлиқмай, сўзимни эшит, - дебди Навоий, - кўрдингми, биргина тандирни эплаб қуролмайсан,
аммо уйни сотмоқчи бўласан. «Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр», деб бекорга айтишмаган. Уйни
сотиб қўйиб, янгисини тиклай олмай, кўчаларда қолиб кетишни ўйламадингми?
Бор, ҳунар ўрган, ишла, уй ҳам ѐнга қолади, тирикчилигинг ҳам яхши ўтади...
Навоийнинг доно сўзларига тан берган Худойберди уйни сотмабди, бир ҳунарни ўрганиб, яхши
кун кечира бошлабди.
Do'stlaringiz bilan baham: |