Таққослаш.
Таққослаш – шундай бир ақлий операциядирки, бу операция айрим нарсалар ўртасида ўхшашликни ёки тафовутни, тенглик ёки тенгсизлик борлигини, бир хиллик ёки қарама-қаршилик борлигини аниқлашда ифодаланади.
К.Д.Ушинский тафаккур ва билиш жараёнларидаги таққослашнинг жуда муҳим аҳамияти борлигини уқтириб, бундай деган эди: «...таққослаш ҳар қандай тушунишнинг ва ҳар қандай тафаккурнинг асосидир. Оламдаги нарсаларнинг ҳаммасини таққослаб кўриш йўли билан билолмасак бошқа йўл билан билолмаймиз, агар биз ҳеч нарса билан солиштиришимиз ва фарқини билиб олишимиз мумкин бўлмаган бирон янги нарсага дуч келганимизда эди (башарти шундай нарса бор бўлса), у ҳолда биз шу нарса тўғрисида ҳеч қандай фикр ҳосил қила олмаган бўлур эдик ва унинг тўғрисида бирор сўз айта олмаган бўлур эдик»1. (Избранные сочинения, II том, 1939 йил, 436-бет)
Нарсаларнинг ўхшашлиги ёки тафовути дастлаб бевосита сезгиларда ва идрокларда акс этади. Таққослаш фикр қилиш жараёни бўлиб, бу процесс идрок қилинаётган нарсаларнинг ўхшашлиги ёки тафовутини аниқлаш лозим бўлганда, ёхуд сезгиларда ва идрокда бевосита акс этмаган ўхшашлик ва тафовутни топиш лозим бўлган ҳолларда воқе бўлади.
Амалий таққослаш бир нарсани иккинчи нарсага солиштириб кўрилаётганда, масалан, бир қаламни иккинчи қаламга, ўлчов чизиғини тахтага ва шу кабиларга солиштириб кўрилаётганда содир бўлади. Биз масофани сантиметрли лента билан ўлчаётганимизда, оғирликни тортиб кўраётгани мизда ва бошқа шу каби ҳолларда таққослаш жараёни содир бўлади.
Таққослаш тасаввур қилинаётган ёки ўйланилган нарсаларни бир-бирига фикран солиштириб кўриш йўли билан ҳам бўлади. Масалан, биз ўзимиз турган бинони бошқа кўчадаги бинолар билан таққослаб кўриб, уларнинг ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутни топишимиз мумкин. Психологияни ўрганаётган вақтимизда биз ҳамиша айрим психик ҳодисаларни бир-бири билан таққослаймиз ва улардаги ўхшашликни ҳам тафовутни ҳам топамиз. Айрим кишиларни бир-бирига таққослаб, уларнинг қобилиятларида, характерида, қарашларида ва ҳоказоларда тафовут ёки ўхшашлик борлигини топамиз, иккита математик ифодани: 6 + 2 билан 10–2 ни таққослаб, бу ифодалар қиймат жиҳатидан бир-бирига баробар (айнан) эканлигини билиб оламиз.
Воқеликни чуқурроқ ва аниқроқ билиш учун бир-бирига жуда ўхшаш нарсалардаги тафовутни ва бир-биридан жуда ҳам фарқ қиладиган нарсалардаги бир-бирига ўхшашлик томонларини топа олиш қобилияти, яъни тафаккурнинг мана шундай қобилияти айниқса катта аҳамиятга эгадир.
«Агар сиз,– деб ёзган эди Ушинский,– ташқи табиатнинг бирор нарсасини равшан тушуниб олишни истасангиз, унинг ўзига жуда ўхшаш бўлган нарсалардан бўлган тафовутини топингиз ва унинг ўзидан жуда узоқ бўлган нарсалар билан ўхшашлик томонларини топингиз. Ана шунда сиз шу нарса-нинг энг муҳим ҳамма белгиларини пайқаб оласиз, демак, шу нарсани тушуниб оласиз»1. (Ўша китоб, 436-бет)
Do'stlaringiz bilan baham: |