2. Кишиларнинг қизиқишларига қараб бир-биридан фарқи
Одамлардаги қизиқишларни биз аввало бу қизиқишларнинг мазмунига қараб турларга ажратамиз. Қизиқишнинг мазмуни кенг маънода олинган воқеликдаги қандай нарсалар ёки соҳа билан қизиқилганлигига боғлиқ бўлади, шулар билан белгиланади. Кишиларнинг мазмунан, ҳар хил бўлган қизиқиш-ҳавасларини бу қизиқишларнинг ижтимоий қимматига қараб ижобий қизиқиш, юксак, олийжаноб қизиқиш-ҳавас деб баҳоласак, бошқа бир қизиқишларга салбий қизиқиш, паст, бачкана ва ҳатто зарарли қизиқиш деб баҳо берамиз.
Ижтимоий-сиёсий қизиқишлари ҳам мавжуддир. Бу қизиқишлар жамиятга фойда келтирадиган ёки реакцион жамият учун зарарли, емирувчи қизиқиш бўлмоғи мумкин.
Прогрессив ижтимоий-сиёсий қизиқишлар кишидаги энг юксак, қимматли қизиқишдир. Кишиларнинг индивидуаллиги фақат унда ижтимоий қизиқишларнинг мавжудлиги билан эмас, балки яна мана шу ижтимоий қизиқишларнинг ундаги шахсий қизиқишлар билан бўлган нисбатида ҳамдир. Кишидаги ижтимоий қизиқишлар унинг шахсий қизиқишларидан устун бўлганда, ундан ҳам муҳимроғи, кишининг шахсий қизиқишлари ижтимоий қизиқишлар билан мос бўлгандагина шахснинг маънавий ҳаёти кўркамроқ бўлади.
Интеллектуал (ақлий) қизиқишлар юксак, ижобий қизиқишлардир. Ана шундай қизиқиш эгалари учун ўз ҳаётларида энг муҳим нарса – фан билан машғул бўлиш, керакли назарий ва амалий масалаларни ҳал этишдир. Чунончи, Ньютон, Ломоносов, Дарвин, Циолковский, Мичурин, Павлов, ана шундай қизиқиш билан яшадилар.
Эстетик қизиқишларнинг ўзига берилиб ишлайдиган кишилар ҳам бўлади. Бундай одамлар учун ўз ҳаётларида энг асосий нарса санъат ва унга хизмат қилиш қимматбаҳо санъат асарлари яратишдир. Чунончи, рус композиторларидан Глинка, Мусоргский, Чайковский ва Москва бадиий теат-рига асос солган Станиславскийлар мана шундай кишилардандир.
Айрим кишиларда паст ва саёз қизиқишлар ҳам бўлади. Бундай паст қизиқишга фақат ўзининг ҳиссий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган қизиқишлар киради. Ана шундай қизиқишлар қули бўлган одамлар учун ҳаётларида энг муҳим бўлган нарса улар ҳатто моддий жиҳатдан таъминланган бўлсалар ҳам овқат ейиш, ичиш, ухлаш ва умуман олганда нафсини қондиришдан иборатдир. Чунончи, Гогольнинг «Қадимги замон помешчиклари» повестидаги Афанасий Иванович ва Пулхьерия Ивановналар худди шу типдаги одамлардир.
Шунингдек, фақатгина шахсий бойликка – пул йиғиш, дунё тўплашга қизиқадиган пасткаш одамлар ҳам бор. Бундай одамлар ўзининг энг зарур эҳтиёжларини қондиришдан ҳам воз кечиб, емай, ичмай, кийинмай, фақат дунё тўплашга, мол йиғишга ҳаракат қилади.
Фақат ўз нафсини кўзлаш, дунё тўплаш, молпарастликка қаратилган тубан қизиқишлар нуқул худбинлик характеридаги қизиқишлардир. Бундай қизиқишлар нуқул жамият манфаатларига зид билиб, бошқа кишилар фаровонлигига зарар етказади. Шу билан бирга, бундай қизиқишлар киши онгини ниҳоятда чегаралаб, уни пуч, пасткаш бир шахсга айлантириб қўяди.
Кишидаги қизиқишлар доираси ҳар хил бўлади. Одамлар ўзидаги қизиқиш доирасининг кенг ёки тор бўлишига қараб ҳам бир-бирдан фарқ қиладилар. Фақат биргина нарсага қизиқиш билан чекланиб, бошқа нарсаларга эътибор бермайдиган одамларни қизиқиш доираси тор кишилар деб аталади.
Воқеликдаги кўп соҳаларга қизиқадиган кишиларнинг қизиқиш доираси хилма-хил ва кенг бўлади. Лекин шу билан бирга бундай кишиларда бир қизиқиш асосий, марказий ўринни олади,
Қизиқиш-ҳаваслар доирасининг кенг, хилма-хил бўлиши кўпинча бу қизиқиш-ҳавасларнинг юксак ва чуқур мазмунли бўлиши билан ҳам боғлиқдир. Юксак қизиқиш-ҳавасларга берилиб яшайдиган кишиларнинг қизиқиш-ҳавас доираси ҳам кенг ва хилма-хил бўлади.
Айни бир хилдаги қизиқиш-ҳавасларнинг кучи турли кишиларда турли даражада бўлади. Кучли қизиқишда кўпинча кучли ҳиссиётлар билан боғлиқ бўлиб кишида эҳтирос тарзида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам, одатда «эҳтиросли қизиқиш», «зўр ҳавас» деган иборалар ишлатилади. Кишидаги зўр ҳавас чидам, сабр-тоқат ва саботлилик сингари ирода сифатлари билан боғланган бўлади.
Муайян бир даражадаги куч билан намоён бўладиган қизиқиш-ҳаваслар, яна кишиларда барқарорлик ёки доимийлик даражаси билан ҳам бир-биридан фарқ қилади. Баъзи кишилар бўладики, уларда ҳосил бўлган муайян қизиқиш-ҳаваслар доимий бўлиб, умрбод сақланиб қолади. Чунончи, Ломоносов, Мичурин, Пржевальский, Горький сингари кишиларда бўлган қизиқишлар шундай доимий, барқарор қизиқишлардандир.
Баъзи одамлар бир нарсага жуда қаттиқ қизиқадилар, кучли, зўр ҳавас қўядилар, лекин улардаги қизиқиш-ҳаваслар узоққа бормайди; бундай одамлардаги бирон нарсага, бирон-бир фаолиятга бўлган зўр қизиқиш-ҳавас ўрнини дарров бошқа бир хил ва шундай зўр қизиқиш-ҳавас олади.
Бундай кишиларнинг қизиқиш-ҳаваслари тез ўзгаради. Бундай одамларни одатда «жуда қизиқиб кетадиган» ишқибоз кишилар деб юритилади.
Баъзи одамлар бўладики, уларда пайдо бўлган қизиқиш ҳаваслар ниҳоят кучсиз бўлиб, тез ўтиб кетади ёки бирон-бир қизиқиш ўрнини бошқа бир янги қизиқиш олади. Бундай кишилар фақат «шу кунги» қизиқиш-ҳаваслар билан кифояланади. Бундай кишиларни кўпинча муайян орзу-ҳаваси бўлмаган одамлар дейилади.
Одамлардаги қизиқиш-ҳаваслар тарихан ўзгариб туради. Шу билан бирга, фақат ижтимоий қизиқишларгина эмас, балки индивидуал қизишқишлар ҳам ўзгаради. Қизиқишларни кишининг бошқа хусусиятларига қараганда кўпроқ даражада ижтимоий муносабатлар ва ижтимоий турмуш шароитлари билан белгиланадиган индивидуал хусусиятлари дейиш мумкин.
Биз шахсий манфаатпарастликка асосланган қизиқиш-ҳавасларга берилган одамларни ёқтирмаймиз. Биз одамлардаги бундай қизиқишларга барҳам бериш учун курашамиз. Биздаги бошқарув ва тарбия ишларимиз, жумладан, ёш авлодларимизда юксак ва хилма-хил ижобий қизиқиш-ҳаваслар ўстиришга қаратилгандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |