Ўзини тута билиш. Мана шу сўзнинг ўзидан кўриниб турибдики, ўзини тута билиш – кишининг ўз-ўзини қўлга ола билишидир. Ўзини тута билиш – кишининг олдига қўйган мақсадларини амалга оширишга қаршилик кўрсатувчи ички ҳолатини енгишда кўринадиган кучли иродадир. Ўзини тута билиш – толиқиш ҳиссини, оғриқни, қўрқинчни, шунинг кабиларни енгишда кўринади, ўзини тута билиш айни пайтда кераксиз бўлган рефлексларга, одатларга, майлларга йўл қўймасликдир. Ю.А.Гагаринга мурожаат қилиб, учиш пайтингиздаги баъзи вақтларда қўрқиш ҳисси пайдо бўлганми?– деб савол берилганда, космонавт шундай деб жавоб берган:– «Албатта, ҳамма тирик одамлардаги каби менда ҳам бўлган. Бироқ, мен куркинч ҳиссини тезда енгиб ташладим». Бу ўринда Гагарин К.Д.Ушинскийнинг сўзини мақол қилиб келтиради: ҳеч нарсадан қўрқмай ўзини ҳавф-хатарга урадиган одам мард эмас, балки энг кучли қўрқинч ҳиссини енга оладиган ҳамда қўрқинч ҳиссига бўйсунмай, ҳавф-хатар ҳақида ўйлай оладиган одам марддир». Бу жуда тўғри айтилган фикр – дейди Гагарин. Мен ғашланиш ва бўшашишдан ҳеч қандай фойда йўқ эканини билар эдим. Ана шунинг учун, гарчи барча ҳавф-хатарни аниқ билсам ҳам, бундай нарсаларни миямга киритмас эдим». (Учительская газета, №108 от 9 сентябрь, 1961 года).
Ўзини тута билиш ва қўрқмаслик одамнинг қўрқинч ҳиссини кечирмаслигида эмас, балки онгни йўқотиб қўймай, ўз иродасининг кучи билан бундай ҳиссиётларни босиши ва батамом йўқотиб юборишидадир. Бу деган сўз – ўзини идора қила билиш деган маънони билдиради. Ўзини тута билиш – вазминликка оид юксак фазилатдир. Киши ўзини бирон нарсадан тийиш учун баъзан анчагина иродавий зўр беришга, яъни ирода кучини ишга солишга мажбур бўлади.
Иродаси кучли кишилар деганда биз ўзини маҳкам тута биладиган босиқ кишиларни тушунамиз. Улуғ Ватан уруши йилларида бизнинг аскарларимиз, разведкачиларимиз, қаҳрамон учувчиларимиз ва темир йўлчиларимиз кучли ироданинг юксак наъмуналарини кўрсатдилар.
Иродавий зўр бериш орқали ҳушидан кетиб қолмаслик ва ҳаттоки ўлимни тўхтатиб қолиш каби ҳодисалар қадим замонарда ҳам бўлиб ўтгани маълум. Масалан, асримиздан олдинги V асрда Греция билан Эрон уруши пайтида бир аскар грекларнинг эронликлар устидан қозонган ғалабалари ҳақида ҳабар етказиш учун Марафон деган жойдан Афинага чопиб келган. Бироқ бу ҳабарни етказган-у шу заҳоти жон берган. Ана шу аскарнинг хотирасини абадийлаш мақсадида спорт мусобақаларидан бир турига, яъни 42 километр-у 195 метрга югуришга – «Марафон югуриши» деб ном берилган. Жанглардан бирида Наполеонга бир отлиқ элчи югуриб келган. У Наполеонга хат узата туриб, эгарда тебраниб кетган.
Сиз яраланганмисиз?–деб сўрайди Наполеон. – Йўқ; ўлдирилганман- деб жавоб беради шу заҳотиёқ жасади отдан ағдарилиб тушади.
Ўзини тута билишнинг акси деганда биз – ихтиёрсиз ҳаракатлар томонидан енгилиб, яъни йўқ қилиб юбориладиган иродани тушунамиз. Одамнинг бундай хусусиятини ўзига кучи етмаслик, ўзини тия олмаслик деб аталади. Ўзига кучи ета олмасликнинг энг кескин кўриниши бебошлик, пасткашликдир. Бундай одам ўзида беихтиёр туғиладиган салбий туйғуларга, инстинктларга берилиб, ўз нафсини тия олмайди. Бу ҳайвонлик ҳолатига тушиб қолиш демакдир.
Дадиллик – кишининг ҳаёт ва омонлиги учун ҳавфли бўлган қаршиликларни енгишда кўринадиган ирода кучидир. Масалан, парашютчи ҳар гал самолётдан ўзини ташлаганида дадиллик қилади. Душманнинг орқа томонига ўтиб олган разведкачилар ҳам дадиллик намунасини кўрсатадилар. Дадиллик ўзини тута билиш билан маҳкам боғлиқдир. Дадил ҳаракат қилиш учун аввало ўзини тута билиш керак. Дадиллик бор жойда ўзини билиш ҳам бор.
Бирон мақсадни амалга оширишда ҳамиша дадиллик кўрсатиш мардлик ва жасорат деб аталади.
Бизнинг жамоа спортчиларимиз спортнинг турли соҳаларида дадиллик ва ўзини тута билишнинг ажойиб намуналарини кўрсатмокдалар.
Шуни қайд қилиб айтиш керакки, ёшларимиз иродасининг бу сифатлари йил сайин мустаҳкамланиб бормокда. Масалан, 1963 йилда тўртта қиз – Ольга Сушинская (Москва), Нинель Швейнова ва Ирина Серлицкая (Киев), Аминат Султанова (Махачкала) лар бир группа бўлиб тунда 7100 метр баландликдан парашютда ўзларини самолётдан ташладилар. Сибирлик ёш спортсменка Валентина Селиверстова 7150 метр баландликда самолётдан ўзини ташлаб, 6150 метр масофа давомида парашютни очмай тушган. 1965 йилда эса 25 дан 26 июнга ўтар кечаси парашютчилардан С. Власова, А. Кенсицкая, Л. Масич, Н. Гришенкова, О. Рукосуева, А. Малишева, Л, Кулешова, Г. Саригина ва Н. Басовалар группа бўлиб парашютни анча вақтгача очмасдан тушдилар. Улар «АН-12» самолётини 12080 метр баландликда қолдириб, 11280 метргача парашютни очмай эркин тушиб келдилар. Бу бутун жаҳон миқёсида янги ютуқдир.
Ўша кечанинг ўзида А. Коровочкина, А. Залусская, Н. Колдобина, Е. Чепилова, Т. Сухарева, Т. Дуганова, Г. Грудина ва С. фуқаролардан иборат бўлган бир группа парашютчилар состави баландликдан парашютни дарҳол очиш усулида тушдилар. Улар 12200 метр баландликдан ўзларини парашютда ташладилар. Бу ҳам янги бутун жаҳон ютуғи бўлиб қолди. Дадилликнинг йўқлиги кучсиз ироданинг аломатидир. Буни қўрқоқлик, номардлик деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |