ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ Элдор Курбонов, ТДЮУ ўқитувчиси Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъекти вакилларига яратиб берилаётган шароитлар ва имкониятлар, қулай инвестицион муҳитнинг шакллантирилиши дунё давлатлари вакиллари томонидан эътироф этилмоқда ва уларнинг иқтисодий ҳамкорлик борасида қизиқишлари ортишига сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг эркинлигини таъминлашга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий база шакллантирилганлиги улар фаолиятининг кафолати сифатида хизмат қилмоқда. Тадбиркорлик субъектларига яратиб берилган имкониятлар ҳақида мулоҳаза юритганда, фермер хўжаликлари фаолиятининг бугунги кундаги ривожи ва улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари юзага келганлигини эътироф этиш жоиз.
Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари фаолиятини муҳим кафолати сифатида ўрни ва аҳамияти беқиёс. Мустақил давлатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигини кенг нишонлашга ҳам яқин фурсат қолмоқда. Шуни эътироф этиш керакки, мана шу 24 йил давомида Конституция ва қонунларнинг устунлиги таъминланганлигини барча жабҳаларда кузатмоқдамиз ва шунинг асосида давлатимиз иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланиш йўлида давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасисида “Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этишини кафолатлайди.
Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин”1лиги белгиланган. Шунингдек, мулкдор ўз мулкидан фойдаланиш эркинлиги кафолатини таъминлашга қаратилган нормалардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасини мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Мазкур конституциявий нормалардан шуни англашимз мумкинки, тадбиркорлик субъекти сифатида фермер хўжаликлари ўз фаолияти давомида иқтисодий жиҳатдан эркинлиги, ўз мулкини эркин тасарруф қилишини ҳамда ўз фаолияти эркинликлари таъминланганлигидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида “Фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи, мустақил хўжалик юритувчи субъектдир”1 – деб белгиланган. Шундай экан, тадбиркорлик субъекти, хўжалик юритувчи субъект сифатида фермер хўжаликлари фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асослари тўлиқ таъминланганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Конституциявий нормалар асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуни билан биргаликда сўнги йилларда тадбиркорлик субъекти сифатида фермер хўжаликлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган бир қанча қонун ости меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 18 апрелдаги “Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4301-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг2012 йил 22 октябрдаги“Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4478-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги “Фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги “Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 362-сон Қарорлари сўнгги беш йилликда фермер хўжаликлари фаолиятининг ташкилий жиҳатдан янада такомиллашишига хизмат қилганлигини эътироф этишимиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 18 апрелдаги “Фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришда қонунчиликка риоя этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан фермер хўжаликларини қайта ташкил этиш ва уларнинг ер майдонларини оптималлаштиришга доир барча масалалар маҳаллий ҳокимият органлари ёки бошқа ваколатли органлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга қатъий мувофиқ равишда тақдим этиладиган даъволар асосида суд орқали ҳал қилиниши қатъий қилиб белгиланди.1 Бу ўз навбатида фаолият самарадорлиги паст бўлган фермер хўжаликларининг тугатилиши ҳамда қайта ташкил этишда мақбулларини танлаш механизми такомиллашувига хизмат қилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, бугунги кунда фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги таъминлаш ва рағбатлантириш ҳамда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Энг эътиборли жиҳати, фермер хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб даъво аризаларини тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) устидан судга давлат божи тўламасдан шикоят қилиш ҳуқуқи берилиши фермер хўжаликлари билан боғлиқ турли низоли ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этишни таъминланади. Мазкур фармоннинг фермер хўжаликлари фаолиятини ташкил этишдаги яна бир аҳамияти, фермер хўжаликларига ер майдонларини бериш (сотиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиялари таркибига тегишли туман фермерлар кенгашларининг раислари киритилиши тартиби жорий қилинганлигидир. Бу ўз навбатида ер ажратиб берилишида жамоатчилик назоратининг ҳамда бу борада холислик ва адолатлиликка таъминланишига хизмат қилаётганлигини эътироф этиш жоиз.
Конституциявий-ҳуқуқий ислоҳатлар натижасида юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратиб берилаётган қулай муҳит уларнинг янада ишлаб чиқариш соҳасида улуши ортишига хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4848-сон Фармони билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.1 Худди шунингдек, мазкур фармон билан тадбиркорлик субъекти сифатида фермер хўжаликлари фаолиятини ривожланишига янада қулай имкониятлар берилиши билан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, юртимизда фермер хўжаликларига яратиб берилган имкониятларнинг ҳуқуқий асоси Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонун ва қонун ости меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларидир. Мазкур қонун ҳужжатлари асосида юртимизда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини ташкил этишни жадаллаштириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиши янги турдаги муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишига эришилади.