ЖАМОАТ ЭКОЛОГИК НАЗОРАТИ ИНСПЕКТОРИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ
Онгарбай Утегенов,
Тошкент давлат юридик университети
мустақил изланувчиси, ю.ф.н., доцент
Конституциямизнинг 32-моддасига 2014 йилда киритилган тузатишлар жамоатчилик назорати институти мазмун-моҳиятига янгича ёндашувларни тақозо этади. Ушбу институт айниқса экология соҳасида яққол намоён бўлади. Чунончи, 2013 йил 27 декабрда “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши билан миллий экологик-ҳуқуқий тизимимизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш мақсадида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш каби ваколатлар берилди.
Таъкидлаш лозимки, жамоатчи инспекторлар институти АҚШ, Буюк Британия, Германия, Корея Республикаси каби чет эл давлатларининг табиатни муҳофаза қилишга оид амалиётида кенг қўлланиб келинмоқда. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари юридик ва жисмоний шахсларнинг атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этишини кузатиб бориш, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш ва бошқа қатор ваколатларга эга бўлиб, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади1.
Умуман олганда, “инспектор” (лотин. “inspector” – “кўздан кечириш”) деганда, текширишни амалга ошираётган мансабдор шахс; турли ташкилот ва идораларда назорат, контроль билан боғлиқ бўлган лавозим (контролёр, кузатувчи, назоратчи) номи1. Изоҳли луғатларда (Ефремова, Ожегов, Ушаков, Даль) инспектор – бирор нимани текширишни амалга оширувчи, бирор нимани текшириш билан банд бўлган мансабдор шахс; у ёки бу норма ва қоидаларга риоя этилишини текширувчи мансабдор шахс; бошқарувнинг муайян соҳасида қонунларнинг бажарилиши ва ҳаракатларнинг тўғрилиги устидан назоратни амалга оширувчи мансабдор шахс2.
“Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида экологик назоратнинг жамоатчи инспектори шахсига нисбатан айрим талаблар белгиланган. Яъни, унга кўра, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиши учун шахс: биринчидан, белгиланган тартибда махсус тайёргарликдан ўтган бўлиши; иккинчидан, экологик назоратда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши; учинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.
Бироқ, Қонунда белгиланган тартибда махсус тайёргарликдан қай тартибда, ким томонидан, қанча муддатда ўтказилиши, тайёргарлик натижасини баҳолаш каби масалалар очиқ қолган. Назаримизда ушбу масалалар мазкур Қонуннинг ушбу моддаси сўнгги – олтинчи қисмида кўзда тутилган Ўзбекистон Реепубликаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган “Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисида”ги намунавий низомда ўз аксини топиши лозим.
Айни дамда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги 142-сон Қарори билан тасдиқланган “2013 - 2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари” IV-бўлими (Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш, экологик таълим ва барқарор ривожланиш мақсадларида таълим доирасидаги қонунчиликни ва меъёрий-услубий базани ривожлантириш) 52-бандига кўра, “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишни таъминлаш мақсадида “Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тўғрисида”ги низом 2013-2014 йилларда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилиши керак эди. Ваҳоланки, ушбу ҳужжат деярли 2 йилдан бери ҳали-ҳануз ишлаб чиқилмаганлиги салбий ҳолатдир.
Таъкидлаш лозимки, ушбу Қонуннинг 18-моддасида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг 7 та ҳуқуқи кўзда тутилган: 1)атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш; 2)давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш; 3)атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва (ёки) нодавлат нотижорат ташкилотининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиш; 4)юридик ва жисмоний шахслардан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва ахборотни олиш; 5)атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишни, жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш;6)тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, ободонлаштирилиши ҳамда кўкаламзорлаштирилиши масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш; 7)аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишда иштирок этиш.
Ушбу ҳуқуқларни фуқароларнинг жамоат экологик назоратини амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқлари (17-модда) билан таққослаш қуйидагиларни кўрсатмоқда:
биринчидан, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори оддий фуқаролар жамоат экологик назорати соҳасида амалга ошириши мумкин бўлган учта ҳуқуққа (атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш; экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш) эга эмас;
иккинчидан, фуқаролар шахсан амалга ошириши мумкин бўлган битта ҳуқуқни (атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш) бевосита реализация қилолмайди. Яъни, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва (ёки) нодавлат нотижорат ташкилотининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиши мумкин холос, лекин ўзи шахсан мурожаат қилиб, ахборот ололмайди;
учинчидан, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори фуқаролар амалга ошира олмайдиган учта ҳуқуқни (давлат, идоравий ва ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш; юридик ва жисмоний шахслардан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва ахборотни олиш; аҳолининг экологик маданиятини ошириш, экологик таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишда иштирок этиш) амалга ошира ҳам олади.
Шу маънода, бизнингча, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг жамоат экологик назорати субъекти сифатидаги ҳуқуқий ҳолатини такомиллаштириш мақсадида унинг ҳуқуқларини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Хусусан, назаримизда экологик назоратнинг жамоатчи инспектори жамоат экологик назорати соҳасида фуқаролар амалга ошириши мумкин бўлган ҳуқуқларга (атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари бўйича қарорлар тайёрлаш ва қабул қилишда, шунингдек давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш; экологик назорат соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг ўзи томонидан аниқланган факти тўғрисида махсус ваколатли давлат органларини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларини, хўжалик юритувчи субъектларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш) эга бўлиши, шунингдек, атроф-муҳитнинг ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, мазкур соҳадаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган фактни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли давлат органларига шахсан мурожаат қилиш ва ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим.
Шу билан бир қаторда, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонунда мустаҳкамланган ҳуқуқлари тармоқ қонунчилигида етарли даражада ўз ифодасини топмаган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 25 майдаги “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонунининг жамоат экологик экспертизасига оид 23-моддасида жамоат экологик экспертизасини ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи фақатгина нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқароларга берилган. Айни дамда, “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси учинчи қисми 5-бандига мувофиқ, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этишга ҳақлидир. Шу боис, қонунлар ўртасидаги ушбу номувофиқликни бартараф этиш, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонунининг жамоат экологик экспертизасига оид 23-моддасини янги таҳрирда баён этишда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг ҳуқуқий ҳолатини ҳам эътиборга олиш лозим.
Айни дамда адабиётларда хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари томонидан амалга ошириладиган қуйидаги ҳуқуқлари алоҳида ажратиб кўрсатилади: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида нормативлар, давлат стандартлари ва бошқа норматив ҳужжатлар риоя этилиши устидан назорат қилиш; тозалаш иншоотлари ва бошқа зарарсизлантириш қурилмалари ишини, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича режа ва чора-тадбирлар бажарилишини назорат қилиш; ишлаб чиқариш ва бошқа объектларни лойиҳалаш, қуриш, ишга тушириш, ишлатиш ва ишдан чиқаришда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида талаб, меъёр ва қоидаларга риоя этилишини назорат қилиш; амалдаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида ёзма ва бошқача шаклда (фото ва киносуратга олиш, овоз ва видео қайд қилиш ва б.қ.) қайд этилган материалларни расмийлаштириш, тегишли ҳужжатлар тузиш ва уларни ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик масаласини ҳал қилишга ваколатли органларга (уларнинг мансабдор шахсларига) жўнатиш; жамоат экологик назоратини амалга ошириш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш талаби билан юридик ва жисмоний шахсларга мурожаатлар йўллаш, атроф табиий муҳитга етказилган зарарни камайтириш, экологик вазият ёмонлашувининг олдини олиш ва бошқа масалалар тўғрисида тақдимнома киритиш1.
Гувоҳи бўлганимиздек, мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг ҳуқуқлари сезиларли даражада камроқ бўлиб, уларнинг барчаси тавсиявий аҳамият касб этади.
Юқоридагилар асосида “экологик назоратнинг жамоатчи инспектори – бу жамоат экологик назоратини амалга ошириш учун жамоатчилик асосида жалб қилинган, белгиланган тартибда махсус тайёргарликдан ўтган ва экологик назоратда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаросидир”, деган хулосага келиш мумкин.
Шунингдек, хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда экологик назоратнинг жамоатчи инспектори институтини таъсис этишнинг бир неча моделини ажратиб кўрсатишимиз мумкин:
Биринчи моделда экологик назоратнинг жамоатчи инспектори тизими экология соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари ёки уларнинг ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари томонидан таъсис этилади. Бунда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини мувофиқлаштириш, молиялаштириш, рағбатлантириш, уларни ижтимоий ҳимояси, уларнинг ҳисоботини қабул қилиш каби масалалар бевосита ушбу тузилмалар томонидан таъминланади.
Иккинчи моделда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари мақомини бериш экология соҳасидаги жамоат бирлашмаларига ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юкланади. Бунда жамоат бирлашмалари жамоатчи инспекторларни имтиҳондан ўтказади, уларга тегишли гувоҳнома ва ваколат беради.
Таъкидлаш лозимки, МДҲ давлатлари қонунчилигини ўрганиш ушбу давлатларда кўпроқ биринчи модель қўлланилаётганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Озарбойжон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни 28-моддасида табиатни муҳофаза қилиш соҳасида жамоат назорати бошқа субъектлар билан бир қаторда Озарбойжон Республикасининг Экология ва табиатдан фойдаланиш устидан назорат давлат қўмитаси инспекторларининг жамоатчи инспекторлари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Ёки бўлмаса, Беларусь Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2013 йил 20 июндаги “Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 504-сонли Қарори билан “Жамоатчи экологлар фаолияти тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган бўлиб, унга кўра, Беларусь Республикаси фуқаролари жамоатчи экологлар таркибига Табиий ресурслар ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вилоят қўмитаси раиси буйруғи билан киритилади. Бунда номзоднинг иш ва ахлоқий фазилатлари қўмитанинг тегишли тузилмавий бўлинмаси бошлиғи томонидан ўрганилади. Жамоатчи экологлар фаолиятига раҳбарлик қилишни Табиий ресурслар ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вилоят қўмитаси тузилмавий бўлинмалари бошлиқлари амалга оширади. Табиий ресурслар ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ҳудудий органлари раҳбарлари: жамоатчи экологлар ишини ташкил этади; ҳар уч йилда бир маротаба жамоатчи экологларни тегишли ўқув курсларида ўқитишни ташкиллаштиради; жамоатчи экологларни экологик ахборот билан таъминлайди; жамоатчи экологлар фаолияти устидан назоратни амалга оширади, уларга амалий ёрдам кўрсатади, уларнинг ишини баҳолайди ва самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқади; зарурият туғилган ҳолларда жамоатчи экологларни хизмат мажлислари ва бошқа тадбирларда иштирокини таъминлайди; табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказишда жамоатчи экологлар хавфсизлигини таъминлайди.
Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг ҳуқуқий мақомининг вужудга келиш тартиби, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг гувоҳномаси (ва кўкрак нишони), экологик назоратнинг жамоатчи инспекторининг фаолияти тўғрисида ҳисоботи, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори фаолиятини мувофиқлаштириш каби масалалар алоҳида тартибга солинганлигини қайд этиш мумкин.
РФда 2014 йил 21 июлдаги ФЗ-212-сонли “Россия Федерациясида жамоат назорати асослари тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига кўра, жамоат инспектори – жамоат текшриувини ўтказиш учун жамоатчилик асосида жалб қилинган фуқаро. Жамоат инспектори жамоат текширувини ўтказишда қонунларда белгиланган ҳуқуқлардан, шу жумладан, жамоат текширувини ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни олиш, жамоат текшируви натижалари бўйича якуний ҳужжат (хулоса) тайёрлаш ва уни тайёрлашда қатнашиш, шунингдек, якуний ҳужжатда алоҳида фикрни билдириш ҳуқуқидан фойдаланади. Жамоат инспектори томонидан жамоат текшируви ташкилотчисига тақдим этилган якуний ҳужжат (хулоса) ўзида жамоат текшируви натижалари тўғрисида ишончли, холис ва асосланган хулосаларни, шунингдек, таклиф ва тавсияларни қамраб олиши лозим. Жамоат инспектори жамоат текшируви ташкилотчисини манфаатлар тўқнашуви, унга нисбатан босим ўтказиш ёки сотиб олишга уринишлар тўғрисида хабардор қилиши шарт. Бу тўғрисидаги маълумот қонунга мувофиқ эълон қилинади ҳамда Интернет тармоғида жойлаштирилади. Жамоат инспектори ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бузган тақдирда, у тегишли жамоат текширувида иштирок эта олмайди ҳамда келгусида бошқа жамоат текширувларини ўтказишга жалб қилинади.
Қонуннинг ушбу нормасига асосан қонун ости ҳужжатларда жамоат экологик инспекторга нисбатан ушбу давлат ҳудудида доимий яшайдиган, жамоат экологик назорати соҳасидаги вазифаларни бажариш учун махсус билим ва малакага эга бўлган, шунингдек, уставида жамоат экологик назоратини амалга ошириш кўзда тутилган жамоат бирлашмаси аъзоси бўлган, муомалага лаёқатли, вояга етган фуқаро бўлишлик талаби белгиланган. Гувоҳи бўлганимиздек, ушбу ҳолатда жамоат экологик инспекторига нисбатан кўпроқ талаблар белгиланган.
Бу борада Россия Федерацияси ва унинг субъектларининг жамоат инспекторига оид қонун ҳужжатларига (низомларига) мурожаат этадиган бўлсак, ушбу давлатда (унинг субъектларида)1 жамоат инспектори сифатида маҳаллий халқ депутатлари Кенгашидан, овчилар жамиятидан ёки иш ва ўқиш жойи маъмуриятидан тавсияга эга бўлган шахс тасдиқланиши мумкин. Бунда жамоатчи инспектор уни тавсия этган орган олдида ўзининг жамоатчилик иши тўғрисида мунтазам ҳисобот тақдим этиб бориши кўзда тутилган. Жамоатчи инспектор ваколати унинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони билан тасдиқланади. Илгари РФда жамоатчи инспектор ҳуқуқлари назорат органи мансабдор шахси ҳуқуқларига тенглаштирилган эди, бироқ ҳозирги кунда жамоатчи инспектор ҳуқуқлари тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳужжатларни текшириш, рейд гуруҳи аъзоси сифатида ов ҳудудларида бўлиш ва ўзи билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ов қуролини олиб юриш каби ҳуқуқларга эга. Бунда РФда жамоатчи инспекторлар фаолияти табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан тасдиқланади ҳамда ваколатли давлат инспектори улар фаолиятига раҳбарлик қилади.
РФ давлат мансабдор шахси, федерал давлат хизмати мансабдор шахси, РФ субъекти давлат мансабдор шахси, муниципал хизматлар мансабдор шахси, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида сайланган лавозимни эгаллаган шахс, суд қарорига асосан муомалага лаёқатсиз деб топилган, судланганлиги олиб ташланмаган шахслар жамоат экологик инспектори бўла олмайдилар.
Жамоат экологик инспектори мақомига эга бўлишни истаган ва тегишли талабларга жавоб берадиган фуқаро Табиий ресурслар ва экология вазирлигига у аъзо бўлган жамоат бирлашмасининг илтимосномасини, ёзма аризани ва тегишли ҳужжатларни (фотосурат, паспорт нусхаси, жамоат бирлашмаси аъзолиги гувоҳномаси, маълумоти тўғрисида ҳужжат, меҳнат дафтарчаси нусхаси) тақдим этади.
Фуқарога жамоат экологик инспектори мақомини бериш Вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши қарорига ассоан Вазирлик буйруғига билан амалга оширилади. Фуқарога жамоат экологик инспектори мақомини бериш ёки уни рад этиш тўғрисидаги Вазирлик буйруғи Жамоатчилик кенгаши қарори келиб тушганидан сўнг беш иш куни давомида қабул қилинади. Унинг нусхаси фуқарога, шунингдек, унга жамоат экологик инспектори мақомини бериш тўғрисида илтимос киритган жамоат бирлашмасига юборади.
РФда жамоат экологик инспектори қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланади: 1)атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш, атроф муҳитни ифлослантириш манбаларини аниқлаш мақсадида аҳоли пункти умумий фойдаланишдаги ерларини, шунингдек кириш таъқиқланмаган бошқа ҳудудларни текшириш; 2)атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторлари билан биргаликда хўжалик ва бошқа фаолият субъектлари томонидан қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида нормативларга риоя этилишини текширишни амалга ошириш; 3)ижро ҳокимиятига органига экологик назорат лойиҳаси бўйича биргаликда тадбирлар ўтказиш, шундай текширувларда қатнашиш тўғрисидаги таклифлар билан мурожаат этиш; 4)атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ваколатли органларни аниқланган ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, атроф муҳит ифлосланиши, Қизил китобга киритилган ўсимлик ва (ёки) ҳайвонот дунёси объектлари табиий муҳитдан ажратиб олинганлиги, дарахт ва буталарни ноқонуний кесилиши ҳолатлари тўғрисида хабардор қилишни амалга ошириш; 5)аниқланган ҳуқуқбузарликларни айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича бўйича ҳаракатларни амалга ошириш учун етарли бўлган ҳар қандай шаклда қайд этиш.
Жамоат экологик инспектори Вазирликнинг фуқарога жамоат экологик инспектори мақомини бериш тўғрисидаги буйруғи чиққандан сўнг ўн тўрт кун давомида унга ягона наъмунадаги гувоҳнома берилади. РФда жамоат экологик инспектори йилига камида бир маротаба Вазирликка ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Унинг ҳисоботи Вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида кўриб чиқилади.
Жамоат экологик инспектори фаолиятини мувофиқлаштириш, унга услубий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, тренинг, семинарлар ўтказиш атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Жамоат экологик инспектори фаолияти тўғрисидаги ҳисобот махсус ваколатли орган сайтида жойлаштирилади.
Украинада ҳам “Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспекторлар тўғрисида”ги Низом 1999 йил 5 июлда Украинанинг Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги томонидан тасдиқланган1. Унга кўра, Украинада жамоатчи инспекторлар фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва ядровий хавфсизлик вазирлиги Давлат экологик инспекцияси органлари томонидан амалга оширилади, унга кўра, улар жамоатчи инспекторларга тизимли равишда йўл-йўриқ кўрсатишлари, улар билан иш тажрибаси алмашиш бўйича семинарлар ўтказишлари, амалий ва услубий ёрдам кўрсатишлари лозим. Ҳар бир жамоатчи инспектор Давлат экологик инспекциянинг тегишли бўлинмаси ёхуд атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторига бириктирилади. Жамоатчи инспектор 18 ёшга тўлган, табиатни муҳофаза қилиш ишида тажрибага эга бўлган ҳамда Давлат экологик инспекцияда суҳбатдан ўтган Украина фуқаролари бўлиши мумкин. Жамоатчи инспекторларни тегишли ҳудуддаги атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бош инспекторлар уларнинг ёзма аризасига ҳамда ташкилотнинг ёки давлат инспекторининг ёзма тавсияномасига ва суҳбат натижаларига асосан тайинлайдилар.
Украинада жамоатчи инспекторларга Давлат экологик инспекцияси томонидан бир йил муддатга гувоҳнома берилади ҳамда жамоатчи инспекторнинг амалга оширган иши бўйича йиллик ҳисоботини баҳолаш натижаларига кўра, ҳар йили яна бир йилга узайтирилади, лекин уч йилдан ортиқ муддатга узайтиришга йўл қўйилмайди.
Украинада жамоатчи инспекторлар тизимининг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, уларда жамоатчилик ишини мувофиқлаштириш, уни атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кенг жалб қилиш, шунингдек, жамоатчи инспекторлар иш фаолияти самарадорлигини кўриб чиқиш мақсадида Давлат экологик инспекцияси ҳузурида жамоатчилик асосида жамоатчи инспекторлар штаблари тузилиши мумкин.
Жамоатчи инспектор ўз ишини жамоатчилик асосида, асосий ишидан ажралмаган ҳолда ҳамда меҳнатига қўшимча ҳақ тўланмагани ҳолда амалга оширади. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича қонунчилик бузилиши ҳолларини аниқлаган ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли чораларни кўрган жамоатчи инспекторлар Вазирликнинг ҳудудий органлари томонидан рағбатлантирилади.
Украинада жамоатчи инспектор қуйидаги ҳуқуқларга эга: 1)атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати органлари ходимлари билан биргаликда ўтказилган рейдлар ва корхона, муассаса, ташкилотлар ҳамда фуқаролар томонидан атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини текширишларда қатнашиш; 2)текширувлар ўтказиш ҳамда аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва уларни айбдорларни жавобгарликка тортиш учун ваколатли давлат органларига тақдим этиш; 3)атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назорати органларига экологик ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштиришда ёрдам кўрсатиш; 4)Давлат экологик инспекция органларига атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш тўғрисида судга даъво тайёрлашда қатнашиш; 5)фуқароларга табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларини ва уларнинг экологик ҳуқуқларини тушунтириш; атроф табиий муҳит ҳолати, унга салбий таъсир этувчи манбалар ҳамда экологик вазиятни яхшилаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олиш.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, айрим муаллифлар1 томонидан билдирилган Ўзбекистон Республикасида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари доирасини янада кенгайтириш тўғрисидаги фикрларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борада хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |