АВТОКРАТИЯ (юнон. – autos–ўзим ва cratos – ҳокимият сўзлари бирикмасидан ташкил топган) – алоҳида субъект томонидан ҳокимиятни чекланмаган, назорат қилинмайдиган ва уни тўлиқ эгаллаб олган ҳолда бошқариш. Ушбу субъект, давлат бошлиғи давлат ҳокимиятини идора этишнинг манбаи ва эгаси бўлади. Мазкур субъект олий қонун чиқарувчилик, ижро этувчилик ва суд ҳокимиятларини ўз қўлида эгаллаб туради. Аҳоли, жумладан, иқтисодий ҳукмрон ижтимоий синф давлат ҳокимияти идораларини ташкил қилишда бевосита, ҳуқуқий тарзда, иштирок этмайди, уларнинг иштироки расмий хусусиятга эга бўлади ва давлат муассасаларининг амал қилишига жиддий таъсир кўрсатмайди. Давлат ҳокимияти маҳаллий идоралари унинг юқори идоралари талабларини бажарувчисигина бўлиб қолади. Давлат бошлиғининг ўзгартирилиши усулига қараб, А.ни қуйидаги тарзда таснифлаш, туркумга ажратиш мумкин. Меросий А. (мутлақ монархия) ва легал, очиқ А. (ўтказилган сайловлар натижасига кўра, муайян шахснинг ҳокимиятга келиб, унга чекланмаган ваколатларнинг берилиши).
Нолегал А. давлат ҳокимиятини зўрлик йўли билан эгаллаб олиш натижасида вужудга келади. Давлат ҳокимияти идоралари томонидан жамият ҳаётини бошқаришдаги вазифалар кўламига кўра (шу жумладан иқтисодиёт соҳасида), А. тоталитар ва авторитар тарзда давлатни бошқариш шаклларига бўлинади. Агар улардан биринчиси давлат ҳокимияти идораларининг шаклланишига уларнинг таъсири расмий–намойишкорона бўлса, давлат ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига фаол аралашса, иккинчиси – давлат ҳокимияти ва унинг аппаратининг нисбий мустақиллигига асосланади. Авторитар давлатининг ижтимоий ҳаётга аралашуви чекланган бўлиб, бу, энг аввало, сиёсий соҳада кўзга ташланади.
АГАССИ ЖОЗЕФ (1927) – исроиллик файласуф ва фан тарихчиси, постпозитивистик фан тарихининг етакчи намояндаларидан бири, К.Поппернинг шогирди, шу жиҳатдан ўз фалсафий қарашлари танқидий рационализмга яқинроқ. Телль–Авив университетининг профессори, айни пайтда АҚШ ва Канада университетларида ҳам дарс беради, илмий тадқиқотларда иштирок этади. А.сининг фалсафадаги нуқтаи назарларида антропологизм ва мантиқий–методологик далиллашдан тортиб, диний асослашгача бўлган кенг қамровли методологик ёндашувни кузатиш мумкин. А. фан методологиясига муҳим тарихий–маданий нуқтаи назардан ёндашади. У попперча, фан билан метафизика орасидаги чегараларни аниқлаштириш нуқтаи назарини ривожлантириб, фан билан технология орасидаги чегарани ҳам аниқлаб олиш вазифасини қўяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |