АКЦИНДЕЦИЯ (лот. accidentis – тасодифий, жузъий) – фалсафий атама бўлиб, нарсаларнинг муҳим бўлмаган, муваққат хусусиятини акс эттиради. Бу атама нарсаларнинг муҳим, барқарор, "етарли" хоссаларини англатадиган "субстанция" тушунчасига қарама–қарши қўйилади. Мазкур атама, биринчи бор, Аристотельнинг "Метафизика" асарида, Порфирий (неоплатонизм анъаналари) ва ўрта аср схоластикасида учрайди. Б.Спиноза А. атамаси ўрнига, умумий субстанциянинг алоҳида кўринишини ифолайдиган, "модус" тушунчасини қўллайди. XVIII – XIX аср (И.Кант, И.Фихте) фалсафасида ҳам А. атамаси учрайди.
АЛГОРИТМ – (лот. algoritmu, algoritmus–ибтидо) маълум бир типга оид ҳамма масалаларни ечишда ишлатиладиган, жараёнлар системасининг муайян тартибда бажарилиши ҳақидаги аниқ қоида. Ўрта асрларда саноқнинг ўнли системаси бўйича, тўрт арифметик амал бажариладиган қоидани А. деб аташган. Бу қоидаларни IX асрда ўзбек математиги Муҳаммад ал–Хоразмий киритган.
Европада бундай қоидалар унинг номи билан аталиб, «алгоризм» дейилган. Кейинчалик, бу ном «А.»га айланган. Ал–Хоразмийнинг «Арифметика» асарининг биринчи сўзи: ал–Хоразмий сўзлари лотин тилига Dixit Algorithmi («Дедики ал–Хоразмий») деб таржима қилинган. Бунда ал–Хоразмий сўзи бузилиб, Algorithmi, деб ёзилган. Фанда, «Евклид А.и» «Ғиёсиддин Коший А.и», «Лурье А.и», «Марков А.и», деб аталувчи, А.лар маълум. Бундай А.лар сони борган сари кўпаймоқда. А. тушунчаси тобора кенгайиб бориб, А.лар назарияси пайдо бўлди. А.лар назарияси эса кибернетиканинг назарий ва мантиқий асосидир.
Қўшув, айирув, қўпайтирув ва бўлув каби арифметик қоидалар, квадрат илдиз чиқариш қоидалари, ҳар қандай икки натурал сон учун энг умумий бўлувчини топиш усули – А.нинг энг оддий мисолларидир. Аслини олганда, бирон–бир вазифани, умумий тарзда, яъни, унинг вариация қилинувчи шартларининг бутун туркуми учун ҳал қилиш воситаларига эга бўлганимизда, биз ҳамиша, А. билан иш кўрамиз.
А. буйруқлар системаи сифатида, расмий тусга эга бўлганлиги сабабли, унинг асосида ҳамиша, ҳисоблаш машиналари учун амаллар дастурини ишлаб чиқиш ва вазифани машина орқали ҳал этилишини амалга ошириш мумкин. А.нинг кенг қамровли вазифаларни ҳал этиши А.ни аниқлаш ҳамда А. назариясини ишлаб чиқиш, ҳисоблаш техникаси ва кибернетика тараққий этиб бораётган давримизда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Электрон ҳисоблаш машиналари яратилгандан кейинги (ХХ аср ўрталарида) одам билан машина орасидаги сунъий тиллар яратилиб, улар алгоритмик тиллар, деб ном олди. Дастлабки шундай тил, 1958 йили Парижда яратилган ва «Algol» деб аталган (унинг тўлиқ номи инг.ча – «Algorithmic Janguage»). Уни қисқартириб, «Algol» дейишган. Шундай экан, «Algol»нинг ўзбекчаси Алхотил (яъни «Ал–Хоразмий тили»нинг қисқартмаси). Ҳозир, жаҳонда, 500 дан ортиқ алгоритмик тиллар мавжуд. Алгоритмик метод – билишнинг умумий методларидандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |